Экспертлар фикри: ТДТ - истиқболли минтақавий ташкилот
2022 йил 11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади.
“Дунё шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги мураккаб вазиятда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик янада прагматик ва динамик тусга кириб бормоқда, - деб таъкидлаган экспертлар. - Универсал тусга эга халқаро ташкилотлар ўрнини тобора кўпроқ минтақавий ташкилотлар эгалламоқда. Сўнгги даврларда кўплаб мамлакатлар минтақавий ташкилотлар доирасида ҳамкорликни афзал кўришмоқда.
Аксарият минтақавий ташкилотлар миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг энг самарали платформасини яратмоқда. Ана шундай минтақавий ташкилотлардан бири Туркий давлатлар ташкилотидир.
Мазкур ташкилот фаолияти тарихида учта катта ўзгариш содир бўлди. 1992 йили Туркий тилли мамлакатлар саммити чақирилиб, бу Туркий тилли мамлакатлар ўртасидаги интеграция учун биринчи қадам эди. 1992 йилдан 2009 йилгача тўққизта саммит ўтказилган бўлиб, сўнгги саммит натижасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини (Туркий кенгаш) тузиш тўғрисида Нахичеван битими имзоланди. 2021 йили эса Кенгаш Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) деб ўзгартирилди. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган бу йилги саммит ТДТнинг биринчи саммити бўлиб, ушбу тадбирга қизиқиш ҳар доимгидан кўра юқорироқдир.
Бугун ТДТ бешта мамлакатни – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистонни бирлаштиради. Яна икки мамлакат – Туркманистон ва Венгрия кузатувчи мақомига эга. Ушбу мамлакатларда тахминан 160 миллионга яқин аҳоли яшайди, бу дунё аҳолисининг 2 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Ушбу мамлакатлар ҳиссасига сотиб олиш қобилияти паритети билан ҳисобланган дунё ЯИМнинг 3 фоиздан ортиғи тўғри келади.
ТДТнинг ўзига хослиги ушбу ташкилотнинг ҳамкорлик учун кўп қиррали йўналишлари мавжудлигида ифодаланади. Хусусан, Нахичеван битимининг 2-моддасига биноан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш масалалари, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий, илмий-техник, ҳарбий-техник, таълим, энергетика, транспорт, кредит соҳаларида самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкилотнинг муҳим мақсад ва вазифалари орасидан ўрин олган. Ўз навбатида, ТДТ доирасидаги ҳамкорлик савдо ва инвестиция учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона ва транзит тартибини янада соддалаштириш, шунингдек, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган.
Ушбу мақсадларга эришиш учун ТДТ қошида 6 та тузилма – Халқаро туркий маданият ташкилоти, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси, Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос фонди, Туркий савдо-саноат палатаси, ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бундай ташкилий тузилма ТДТ олдига қўйилган вазифаларни самарали амалга оширишга қаратилган.
ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий самарасини Ўзбекистон мисолида кўриш мумкин. 2021 йили Ўзбекистон ТДТ давлатлари билан 9,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида савдо операцияларини амалга оширди. Уларнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 22 фоиздан зиёдни ташкил этди. Умуман олганда, 2016 йилга нисбатан 2021 йили Ўзбекистон ва ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баробар ошди.
Фикримизча, ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қўйидагиларни белгилаш мақсадга мувофиқ.
Биринчи йўналиш – иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш. Бугунги кунда энг долзарб бўлган масалалардан бири иқтисодий масалалар саналади. Иқтисодиётни мустаҳкамлаш қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва бошқа муҳим чораларни ўз ичига олиши керак. Бу мақсад ўтган йили 8-саммитда қабул қилинган “Турк дунёси нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатига ҳам мос келади. Ушбу ҳужжат ТДТ давлатларида иқтисодий интеграцияни ҳисобга олган ҳолда фаровон жамиятларни яратиш муҳимлигини кўрсатади.
Мазкур йўналиш доирасида ТДТ ҳузурида Инвестиция фонди ва Тараққиёт банкини яратиш ғоялари ҳам истиқболли саналади. Бундай лойиҳалар мамлакатларга ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва инвестицияларни янада самарали бошқариш имконини беради.
Савдо ҳамкорлиги нуқтаи назаридан Каспий денгизи орқали Шарқ-Ғарб йўлаклари орқали савдо қилишдаги иқтисодий тўсиқларни олиб ташлашга эътибор қаратиш лозим. Бизнингча, “Туркистон йўлаги”нинг босқичма-босқич амалга оширилиши муҳим бўлиб, унинг доирасида божхона тартиблари соддалаштирилиши ва уйғунлаштирилиши мақсадга мувофиқ.
Бу йўналишда ишлар бошланган. 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Рақамли ТИР” пилот лойиҳаси ишга туширилди ва март ойида ушбу лойиҳа Қирғизистонни ҳам қамраб олди.
Ташкилот дунёда биринчи марта Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ePermit лойиҳасини тест режимида ишга туширишга муваффақ бўлди, кейинги босқичда эса Қозоғистон билан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув мавжуд.
Бундан ташқари, ТДТ мамлакатларида БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси билан биргаликда eCMR воситасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ўзаро манфаатли инвестиция фаолиятини амалга ошириш ташкилотга аъзо мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг манфаатлари учун ҳам мос келади. ТДТга аъзо мамлакатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритдилар (бу тегишли даврдаги хорижий инвестициялар умумий ҳажмининг 10 фоизини ташкил этади). Улардан бир миллиард АҚШ доллардан ортиқ ёки 41 фоиз маблағ 2021 йили инвестиция қилинган. 2017 йилдан бошлаб ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистонга инвестицияларнинг ўсиши 30 фоизга тенг.
Иккинчи йўналиш – рақамли трансформация. Бугунги кунда рақамлаштириш ҳар қандай давлат учун ривожланишнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Шунинг учун бу масала ТДТ учун энг долзарбдир. Бу йўналишдаги мақсадлар 2021 йили “Турк дунёси нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида кўрсатилган эди. Жумладан, ҳужжатда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилашга имкон берадиган минтақалараро рақамли алоқани ўрнатиш назарда тутилган.
Сунъий интеллект технологияларига алоҳида эътиборни ҳисобга олган ҳолда, бу масала доирасида ҳам ҳамкорлик қилиш керак. Хусусан, бундай технологиялардан иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш учун ҳам, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Кўпгина мутахассисларнинг фикрича, сунъий интеллект технологиялари трафикни бошқариш, логистика ва жамоат тартиби масаласини ҳал қилиши мумкин.
Учинчи йўналиш – маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш. Тарихан ТДТ иштирокчи мамлакатлари халқлари бир хил илдизларга эга. Шу боис маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ТДТ мамлакатлари учун алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик, академик алмашинув, қўшма маданий тадбирлар. Шу муносабат билан Туркий маданият ва санъатни биргаликда ривожлантириш ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик нуқталарини кенгайтириш лозим.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ТДТ туркий тилли мамлакатларни бирлаштирган, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларига эга бўлган истиқболли минтақавий ташкилотдир. Шунинг учун ушбу ташкилотнинг барча аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон учун ТДТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар томонлама ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга, иқтисодий ўсишни оширишга ва мамлакатлар тараққиётини рағбатлантиришга хизмат қилиши мумкин”.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори,
профессор Абдулазиз Расулев,
Тошкент давлат юридик университетининг Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шоҳжаҳон Хўжаев