Ўзбекистон: Буюк Ипак йўли анъаналарини тиклашга қўшилган муҳим ҳисса

 Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17- 18 октябрь кунлари Пекинда бўлиб ўтадиган «Бир макон, бир йўл» 3-халқаро форуми тадбирларида иштирок этади.

Форум «Умумий ривожланиш ва фаровонликка эришиш учун «Бир макон, бир йўл» доирасида юқори сифатли ҳамкорлик»  мавзусига бағишланган. Унда очиқ жаҳон иқтисодиётини ривожлантириш учун ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, «яшил» Ипак йўлини биргаликда қуриш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг янги драйверлари, тўсиқсиз савдо, халқлар ўртасидаги алоқалар, таҳлил марказлари, минтақавий ва денгиз соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинади. 

«Ипак йўли иқтисодий камари» (ИЙИК) ва  «XXI аср – Денгиз ипак йўли»ни (ДИЙ) яратиш ташаббуси Хитой раиси Си Цзиньпин томонидан 2013 йили денгиз ва қитъа мамлакатлари билан интеграция лойиҳаларини амалга  ошириш  мақсадида илгари сурилган.

Кўпроқ иштирокчиларни жалб қилган ҳолда янги механизмларни амалга оширишга ўтишни тезлаштириш истаги Пекиннинг иккала ташаббусни битта – «Бир макон, бир йўл» (БМБЙ) лойиҳасига бирлаштиришга ундади.

2014 йилда БМБЙ Хитой раҳбариятининг ташқи сиёсат курсининг асосий таркибий қисми, деб эълон қилинди ва 2017 йил 24 октябрда бўлиб ўтган XIX қурултойда Хитой Коммунистик партияси низомига киритилди. Бугунги кунда БМБЙни изчил тарғиб қилиш ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири ва Хитойнинг янги геоиқтисодий стратегиясининг ўзаги ҳисобланади.

Ташаббуснинг асосий моҳияти Хитой иштирокида мавжуд минтақавий икки ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари ҳамда тузилмаларини мустаҳкамлаш орқали халқаро ҳамкорлик ва ривожланишнинг янги моделини шакллантириш ва илгари суришдан иборат. Асосий мақсад Буюк Ипак йўли бўйлаб Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида транспорт, савдо ва энергетика йўлагини қайтадан яратишдан иборат. Шунингдек, глобал эркин савдо режимини қўллаб-қувватлаш, Осиё, Европа ва Африка ўртасидаги чуқур бозор интеграцияси, ресурсларни самарали тақсимлаш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, мувозанатли ва барқарор ривожланишни таъминлаш каби  вазифалар ҳам асосий мақсадлар  сирасига киради.  Хитой давлат ва хусусий компанияларининг Евроосиёнинг улкан бозорларига фаол кириши ХХР ва қўшма лойиҳаларда иштирок этаётган ҳамкор мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришдан иборат.

Умуман олганда, Хитой БМБЙни амалга ошириш жараёнига Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Европанинг 4,4 миллиард аҳолисини (дунё аҳолисининг 65 фоизи) жалб қилмоқчи. Ушбу давлатлар дунё ялпи ички маҳсулотининг 55 фоизини ва жаҳон энергия заҳираларининг 75 фоизини ташкил қилади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бутун лойиҳанинг тахминий қиймати 21 триллион долларга  тенг.

Ўз ташаббусини амалга ошириш доирасида Пекин ҳамкор мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олишга ва иштирокчи давлатларнинг миллий ривожланиш стратегиялари билан БМБЙнинг яқин нуқталарини излашга, шерикларга ёрдам беришга қаратилган йирик лойиҳаларни, мамлакатларнинг миллий ва минтақалараро транспорт, энергетика ва IТ инфратузилмасини ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашувни рағбатлантириш ва юқори даражага олиб чиқишга  алоҳида эътибор қаратмоқда.

«Бир макон, бир йўл» лойиҳасини молиялаштириш Хитой ташаббуси билан яратилган Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) ва давлатга тегишли Ипак йўли жамғармаси (ИЙЖ) орқали амалга оширилади. Шунингдек, Хитой тараққиёт банки (ХТБ), Янги тараққиёт Банки (ЯТБ), Хитой давлат хорижий валюта администрацияси, Хитой инвестиция корпорацияси ва Хитой Экспорт-импорт банки (Эксимбанк) ҳам молиялаштиришда иштирок этади. ХХР суверен жамғармаси маблағлари Хитой инвестиция корпорацияси орқали БМБЙ лойиҳаларига ва Валюта назорати давлат бошқармаси орқали мамлакатнинг олтин-валюта захираларига киритилади.

10 йил давомида Хитой 150 та давлат ва 30 та халқаро ташкилот билан БМБЙ доирасида 200 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаларини имзолади, бунинг натижасида Хитойнинг улар билан савдо айланмаси 9,2 триллион доллардан ошди. БМБЙ ҳомийлигида Осиё, Европа, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларида 3 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди.

Ташаббуснинг 10 йил давомидаги жами сармояси 1 триллион долларга етди. БМБЙ бўйлаб жойлашган мамлакатлардаги Хитой корхоналари 135 дан ортиқ савдо-иқтисодий ҳамкорлик зоналарини яратилди, қарийб 40 миллион киши камбағалликдан чиқарилди ва 27 мамлакатда 11 та Хитой банкининг 71 филиали очилди, улар 2,6 минг лойиҳага кредит берди.

«Бир макон, бир йўл»нинг  биринчи ва иккинчи халқаро форумлари 2017 йил 14-15 май ва 2019 йил 26-27 апрель кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтди. Уларнинг ишида 37 мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 150 давлат ва 90 халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев биринчи Халқаро форумдаги нутқида мамлакатимиз «Бир макон, бир йўл» концепциясини аниқ дастурлар  билан  тўлдиришдан,  жумладан, Марказий Осиёда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юқори даражадаги технологияларни ривожлантиришдан, транспорт ва логистика йўналишларини ривожлантиришда кенг қамровли ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишдан, Марказий Осиё минтақасини Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғловчи транспорт-логистика йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишдан, Покистон ва Эроннинг Ҳинд океанидаги портларига чиқиш орқали «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон–Афғонистон» темир йўлининг ушбу тармоғига интеграциясини таъминлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон «Ипак йўли иқтисодий макони» орқали интеграциялашган саноат технопарклари, илмий-инновацион кластерлар ва эркин иқтисодий зоналар ташкил этишдан,  БМБЙ концепциясига мос келадиган аниқ дастур ва ҳамкорлик лойиҳаларини қабул қилиш мақсадида ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишдан манфаатдор эканлиги билдирилди.

Давлатимиз раҳбари «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форумида сўзлаган нутқида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, Марказий Осиё минтақасининг транзит салоҳиятини юзага чиқариш ва Хитой – Марказий Осиё – Ғарбий Осиё иқтисодий йўлагини шакллантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни, «яшил» иқтисодиёт ва «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, Орол денгизи қуриши натижасида вужудга  келган зарарли экологик оқибатларни бартараф этиш, инсон салоҳиятини ривожлантириш учун мамлакатларимизнинг илмий ва гуманитар салоҳиятидан кенг фойдаланиш, Самарқандда Ипак йўли халқаро туризм ассоциациясини  ташкил этиш  каби  ҳамкорликнинг  муҳим йўналишларини  таъкидлади.

Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари иккинчи форум якунида қабул қилинган «Бир макон, бир йўл» доирасидаги ҳамкорлик: фаровон умумий келажакни шакллантириш» қўшма коммюникесида ҳам ўз ифодасини топди. Жумладан, «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» халқаро автомобиль йўлаги ва «Ўзбекистон – Тожикистон – Хитой халқаро автомобиль йўлаги» тугалланган ёки амалга оширилаётган ўзаро боғлиқлик лойиҳалари рўйхатига киритилди.

Пекин Марказий Осиёда БМБЙни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. БМБЙнинг муваффақиятли амалга оширилиши, минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўзининг географик жойлашувидан тўлиқ фойдаланиши ва иқтисодий гигантлар – Европа Иттифоқи ҳамда Хитой ўртасидаги транзит артериясида иқтисодий кўприк бўлиши мумкин. Марказий Осиё давлатлари географик изоляцияни бартараф этишдан ташқари, даромад манбаларини диверсификация қилиш, янги иқтисодий тармоқларни яратиш ва хомашё экспортига қарамликни камайтириш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасини амалга оширишда, шунингдек, Осиё инфратузилма инвестициялари банки фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва унда фаол иштирок этади. Тошкент ва Самарқанддаги иккита Конфуций институтидан ташқари 2019 йил май ойида Тошкентда «Буюк Ипак йўли» инновацион маданият маркази очилди. Ўзбекистоннинг БМБЙ дастуридаги иштироки туризм, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар алмашув каби муҳим соҳаларга ҳам таъсир кўрсатади. Хитойлик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган сармоявий лойиҳалар миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва технологик модернизациялашга хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, Хитой Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринда туради. Масалан, ўтган йил охирида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми салкам тўққиз миллиард долларни ташкил этди. Жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўн миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Ўзбекистон Хитойга ўз товарлари учун йирик ва истиқболли бозор ҳамда салоҳиятли сармоявий шерик сифатида қарайди. Хитойдан тўғридан-тўғри инвестициялар Ўзбекистон иқтисодиётининг кўплаб тармоқларига, жумладан, кимё саноати, нефть-газ саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва бошқа соҳаларга киритилмоқда. Мамлакатимизда йирик сармоявий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этаётган Хитой компаниялари сони ҳамда ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ва Хитой компаниялари иштирокида ишлаб чиқилган 150 дан ортиқ янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этиш босқичида. Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – камбағалликни қисқартиришдир. Бу йўналишда республика ҳукумати Хитой Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик қилмоқда.

Шубҳасиз, Форум тарихий воқеага айланади ва иштирокчи давлатлар учун иқтисодий ўсиш стратегияларини амалга ошириш ҳамда ўзаро мулоқотни ривожлантиришда янги имкониятлар очади. Давлатимиз раҳбарининг мазкур форумдаги иштироки икки ва кўп томонлама шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, уни мамлакатлар ва минтақалар фаровонлиги  ҳамда фаровонлиги йўлида янги амалий ташаббус ва мақсадлар билан тўлдиришга хизмат қилади.

«Дунё» АА

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий