Ўзбекистон-Қатар: кўп қиррали ҳамкорликни барқарор ривожлантириш сари навбатдаги қадам
Ўзбекистон-Қатар: кўп қиррали ҳамкорликни барқарор ривожлантириш сари навбатдаги қадам
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 19 декабрь куни Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад бин Халифа Ол Соний ташриф билан Ўзбекистонга келади.
Қатар Амири «Коррупцияга қарши курашдаги улкан ютуқлари учун» Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний номидаги глобал мукофотни топшириш маросимида иштирок этади. Қайд этиш жоизки, ушбу тадбир собиқ иттифоқ мамлакатлари ҳудудида биринчи марта ўтказилмоқда.
Ушбу ташриф Қатар раҳбарининг охирги олти ой ичида жорий йилда Ўзбекистонга иккинчи ташрифи ва олий даражадаги учинчи Ўзбекистон-Қатар саммитидир. Бу, аввало, Ўзбекистон ва Қатар халқлари фаровонлиги йўлида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий мулоқотнинг мисли кўрилмаган динамикасидан далолат беради.
Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга буюрган биринчи ва тарихий давлат ташрифи ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябрь ойида Доҳага бўлиб ўтган расмий ташрифи 1997 йил 27 ноябрь куни ўрнатилган икки томонлама дипломатик муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболларини очишга кучли туртки бўлди.
Натижада савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга қаратилган 24 икки томонлама ҳужжатлар, умумий қиймати 12 миллиард долларлик битимлар имзоланди.
Бундай фаол мулоқотнинг ривожланиши томонларнинг ҳам икки томонлама муносабатларни кенгайтириш, ҳам Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасидаги минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашдан юқори манфаатдорлиги билан изоҳланади. Буни Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитлари, давлатимиз раҳбарининг араб давлатларига ташрифлари натижалари тасдиқлайди.
Юқори даражадаги муносабатлар ҳам фаол динамика билан ажралиб туради.
2022 йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Қатар ташқи ишлар давлат вазири Султон Ал-Мурайхи Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрди. Ушбу саммит давомида Қатар Давлатига мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Дипломатик алоқаларнинг мустаҳкамланишига 2023 йил 7 май куни Тошкентда Қатар элчихонасининг очилиши муҳим аҳамият касб этди. 6-8 май кунлари бўлиб ўтган дипломатик миссиянинг очилиш маросимида, шунингдек, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи раундида Қатар ташқи ишлар давлат вазири Султон ал-Мурайхи бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Жорий йилнинг 4-6 март кунлари Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева БМТнинг ривожланаётган мамлакатлар бўйича V конференциясида иштирок этиш учун Доҳа шаҳрида бўлди. Ўзбекистон парламент делегациясининг ташрифи доирасида Қатар Маслаҳат кенгаши раиси Ҳасан ал-Ғаним билан учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг шу йил 10-11 декабрь кунлари Қатарга амалга оширган ташрифи жуда самарали кечди. Доҳага ташриф давомида Қатар Бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жасим Ол Соний, Қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш бўйича маркази Васийлик кенгаши раиси Али Муҳсин ал-Маррий, Савдо-саноат палатаси Директорлар кенгаши раиси Шайх Халифа бин Жасим бин Муҳаммад Ол Соний, транспорт вазири Жассим бин Сайф бин Аҳмад ал- Сулайти, шунингдек, Ислом банки ижрочи директори Бассел Гамал билан музокаралар ўтказилди. Ўзбекистон ТИВ раҳбари «Умумий келажакни бунёд этиш» мавзусидаги Доҳа форумида иштирок этди ва ушбу мамлакатнинг етакчи «Hassad Food» компанияси бош ижрочи директори Али Ҳилол Ал Куварий билан учрашув ўтказди. Бўлиб ўтган учрашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидан ўрин олган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Ташриф доирасида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз Қатарни Яқин Шарқдаги истиқболли иқтисодий ҳамкор деб билади. Ўзбекистон ҳам, Қатар ҳам бу борада ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга ва жорий муносабатларни фаоллаштириш икки давлатнинг бугунги кун тартибидан ўрин олган.
Шу йил 26-27 апрель кунлари пойтахтимизда ўтказилган Иккинчи Тошкент халқаро инвестициявий форумида иштирок этиш учун Қатар савдо ва саноат вазирининг ўринбосари Султон ал-Хотир бошчилигидаги бир қатор вазирлик ва етакчи компаниялар вакилларидан иборат ушбу мамлакат делегацияси Ўзбекистонга келди. Ҳозирги вақтда форум якунида энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, меҳнат муносабатлари ва бошқа йўналишларда йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича эришилган келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш жараёнлари давом этмоқда.
2023 йилнинг 8-9 май кунлари, ўз навбатида, Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Доҳага ташриф буюриб, Қатарнинг қатор вазирлик ва етакчи компаниялари вакиллари билан учрашди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қатар компаниялари иштирокида қатор сармоявий лойиҳалар амалга ошириляпти. Ана шундай лойиҳалардан бири Сирдарё вилоятида Қатарнинг «Nebras Power» компанияси томонидан Франция ва Япониянинг «EDF» ва «Sojitz Corporation» компаниялари билан ҳамкорликда қурилаётган 1600 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясидир. Ушбу корхона 2024 йилда ишга туширилиши кўзда тутилган.
Қатарнинг «Аль-Миркаб» компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар жорий йилнинг ноябрь ойида Қатарнинг собиқ Бош вазири ва ташқи ишлар вазири Ҳамад бин Жассим Ол Сонийнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Қатар Марказий Осиёни Кўрфаз араб мамлакатлари билан боғловчи энг қисқа, ишончли ва хавфсиз транспорт-логистика йўлакларини шакллантиришдан манфаатдор. Трансафғон темир йўл коридорини яратиш бўйича стратегик лойиҳани биргаликда амалга оширишга кўмаклашиш истиқболлари муҳокама қилинмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар кўрсаткичлари мамлакатларимизнинг бугунги салоҳиятига тўғри келмайдиган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар оширишга хизмат қилади.
Қайд этиш жоизки, Қатар Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимиз, ўз навбатида, Қатарнинг Афғонистон халқига фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги ҳаракатларини тўлиқ эътироф этади.
Шубҳасиз, икки давлатнинг тарихи, маданияти ва диний муштараклиги, бой маънавий мероси маданиятлараро мулоқотни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган буюк мутафаккир ва олимларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини, Арабистон ярим ороли ва Мовароуннаҳр ўртасидаги тарихий алоқаларни юксак қадрлайди. Ушбу жиҳатлар маданиятлараро мулоқотни янада ривожлантиришга хизмат қилади ва сайёҳлик, жумладан, зиёрат туризми соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик учун яхши истиқболларни очади. 2021 йилнинг 1 мартидан Қатар фуқароларининг Ўзбекистонга кириши учун 10 кунлик визасиз режим жорий этилди, 2023 йил июнь ойида эса бу муддат 30 кунгача узайтирилди. Имзоланган ҳукуматлараро битим асосида икки давлат ўртасида ҳаво алоқалари йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Қатар Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ўзбекистонлик ва қатарлик олимлар ушбу кутубхонада сақланаётган Марказий Осиё тарихига оид қўлёзмалар бўйича биргаликда тадқиқот ишларини олиб бормоқда, ўзбек олимлари ва мутафаккирларининг қўлёзма асарларини рақамлаштириш ва уларни ўрганиш соҳасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган.
2022 йил кузида Қатар пойтахтида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Унинг доирасида Ўзбекистон Давлат симфоник оркестри концертлари, халқ амалий санъати кўргазмаси ўтказилди. Айтиш мумкинки, ушбу маданий тадбирлар Қатар жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди.
Жорий йилнинг июнь ва август ойларида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова бошчилигидаги давлатимиз делегацияларининг Қатарга ташрифи ҳам томонларнинг фан, маданият ва таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилишини тасдиқлайди.
Мамлакатларимиз аҳолиси ўртасида оммабоп бўлган спортнинг футбол тури бўйича ҳамкорлик истиқболли йўналиш бўлиб қолмоқда. 2017 йилда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Қатар футбол ассоциацияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Шунингдек, 2021 йил июнь ойида Ўзбекистон ва Қатар ўртасида футболни ривожлантириш, тажриба алмашиш, мусобақалар ташкил этиш, мураббийлар малакасини ошириш ва футбол ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қатар барча йўналишларда ўрнатилган мулоқот даражасини муттасил оширишга интилмоқда. Қатар Амирининг мамлакатимизга бўлажак ташрифи эса, шубҳасиз, самарали ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш учун икки томонлама муносабатлар пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Дунё» АА