Янгиланаётган Конституция –чинакам халқ Конституцияси, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори

 

Инсоният тарихига назар ташлар эканмиз, фаровон жамият барпо этишни орзу қилган, инсон қадри азиз бўлган адолатли давлат қуришни ўз олдига мақсад қилган ҳар қандай халқ давлат ва ҳуқуқ тараққиётининг машаққатли ва шарафли йўлини босиб ўтганига гувоҳ бўламиз.

Сўнгги йилларда халқимиз янги улуғвор марралар сари собит қадамлар ташлаганча барча тўсиқ ва қийинчилик­ларни енгиб ўтиб, моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳалардаги изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бугун Янги Ўзбекистон демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқ ва эркинлик­лари борасида умумэътироф этилган принцип ва нормаларга асосланган, бош мақсади халқ учун эркин, обод ҳамда фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатга айланди.

Шундай эзгу мақсадлардан бири аҳолининг кенг қатлами ва сайловчилар хоҳиш-иродаси бўлмиш конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат бўлди. Негаки давлат ва жамиятда туб ўзгаришлар рўй бераётган бир пайтда табиий равишда Конституцияга жиддий ўзгартириш­лар киритиш тақозо этилади. Зеро, ҳар қандай демократик ислоҳотлар чин маънода халқчил конституциявий асосга эга бўлсагина, янада бардавом бўлади, кўзланган эзгу мақсадларга эришади.

 

Халқ — Конституция ижодкори

Президентимиз жорий йилнинг 20 июнида Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим эканини алоҳида таъкид­лаб ўтган эди.

Бу айни ҳақиқатдир. Зеро, ҳар қандай Конституция ҳаётий бўлиши лозим, яъни у мамлакатнинг ижтимоий ва ҳуқуқий воқеликларига, халқнинг орзу-умидлари ва келажак истиқболига, хусусан, замон талабига мос келиши керак.

Давлатимиз раҳбари янгиланаётган Конституциямиз “Халқ — қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади”, деган тамо­йилларга асосланиб ишлаб чиқилсагина, том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишини алоҳида таъкидлади.

Конституциявий комиссия ўз фаолия­тини айнан шу кўрсатмаларга ҳамда очиқлик ва ошкоралик тамойилларига таянган ҳолда амалга ошириб келмоқда.

Бугунги кунда нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти, хорижий олимлар ва экспертлар ҳам янгиланаётган Конституциямизнинг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи эканини алоҳида ­эътироф этмоқда.

Аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда ҳамда конституциявий қонун лойиҳасини халқимиз билан ҳар томонлама муҳокама қилиш, лойиҳани пишиқ-пухта маромига етказиш мақсадида умумхалқ муҳокамасини ўтказиш муддати икки марта узайтирилди. Негаки ҳар бир фуқаронинг қалбидан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинлигини тўлиқ кафолатлаган халқчил Конституцияни яратиш чуқур илмий-амалий таҳлилни, мунозара, мулоҳаза ва муайян вақтни талаб қилади.

Депутатлар томонидан ҳудудларга чиқиб, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ёшу кекса иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, бу борадаги миллий ва халқаро даражадаги анжуманлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг муҳокамаси бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида “1341” рақамли колл-марказ, фуқароларнинг бевосита қабули орқали, “Meningkonstitutsiyam.uz” платфор­маси ҳамда жамоавий таклифлар асосида жами 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушди. Бу таклифларнинг 56 фоизи эркаклар, 40 фоизи аёллар томонидан, 4 фоизи эса аноним тарзда билдирилган. Унда хориждаги ватандошлар юборган таклифлар ҳам инобатга олинган ва илмий ҳамжамият иштирокида муҳокама қилиниб, Конституциявий комиссияга тақдим этилган. Энг долзарб таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Ўз навбатида, конституциявий қонун лойиҳасини қонунчилигимизга тўла мос равишда ташкил қилинган умумхалқ муҳокамаси фуқаролар конституция­вий ислоҳотлар, мамлакатимиздаги демократик жараёнларнинг ташаббус­кори ва фаол иштирокчиси бўлиб бораётганини кўрсатмоқда.

Қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаси босқичи тугалланганига қарамай, фуқаролар ҳамда кенг жамоат­чилик томонидан Конституциянинг турли моддаларини такомиллаштириш ва унга қўшимчалар киритиш бўйича шу кунгача 2,5 мингдан ортиқ таклиф юборилган бўлиб, айни пайтда таклифлар келиши давом этмоқда ҳамда улар депутатлар томонидан пухта ўрганилмоқда. Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, аҳолимиз менинг Конституциям менинг ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қилсин, фаровон келажак сари интилишимга ҳуқуқий жиҳатдан йўл очсин, деяпти. Шу боис, конституциявий қонуни лойи­ҳасини тайёрлашда амалдаги Конституцияда бизга нима тўғри келмайди, ундан нимани сақлаб қолиш лозим, қандай янги ўзгартириш киритиш керак, у халқимизни ҳуқуқ ва эркинликларини нечоғлиқ таъминлаб беради, ёшларимизнинг талаб-эҳтиёжлари, қолаверса, келажакдан умидлари қандай, деган қатор долзарб саволларга жавоб бериши зарур бўлади.

Бинобарин, ҳар томонлама мукаммал, халқчил, аҳолининг турли қатламлари вакилларининг муаммолари ечимига кафолат бўла оладиган Конс­титуцияни яратиш учун халқ билан бамаслаҳат иш олиб бориш керак. Токи, ҳар бир фуқаро бу бизнинг Конституциямиз, унинг муаллифи — биз, деб баралла айта олсин.

 

Конституциявий ижодкорлик: жамоатчилик ва фуқаролик жамияти иштироки

 

Нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ҳуқуқшунос олимлар, академик ҳамжамият, “ақл марказлари”нинг конституция­вий ислоҳотлардаги фаол иштирокини эътироф этиш лозим.

Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик, хусусан, фуқаролик жамия­ти институтлари иштироки — чинакам халқ Конституцияси гарови.

Негаки “Инсон — жамият — давлат” конституциявий тамойилини амалга ошириш адолатли ва очиқ фуқаролик ­жамиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, унинг инс­титутлари роли ва мавқеини ошириш ­билан узвий боғлиқдир.

Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда қайд этилган тавсиялар, ЕХҲТнинг, жумладан, Янги Европа учун Париж хартияси, Асосий ҳуқуқлар бўйича Европа Иттифоқи хартияси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида жамиятнинг барча қатламлари вакилларини давлат ва жамият бошқаруви жараёнларига жалб этиш бўйича қабул қилинган халқаро ва минтақавий ҳуқуқий ҳужжатлар алоҳида ҳисобга олинди.

Фуқаролик жамияти институтларини ташкил этиш ва улар фаолияти асосларини конституциявий жиҳатдан тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари роли ва аҳамиятини тубдан ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилди. 200 дан ортиқ акт, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда.

Натижада охирги беш йил давомида нодавлат нотижорат ташкилотлар сони 22 фоиз ошди, жумладан, республика бўйича 200 га яқин йирик нодавлат нотижорат ташкилот фаолият бошлади. Бугунги кунда ушбу фуқаролик жамияти институтлари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий мадания­тини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакл­лантириш, барқарор ривожланишнинг энг асосий вазифалари ижросида муҳим роль ўйнамоқда.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси кўрсатадики, конституциявий ислоҳотлар жараёнида кенг жамоатчилик иштироки катта аҳамиятга эга. Масалан, 2022 йил 29 сентябрь куни Тошкентда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори, Европа Иттифоқи делегацияси ва БМТ Болалар жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси иштирокида ўтказилган “Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик иштироки: миллий ва халқаро тажриба” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари қабул қилган ҳужжатда Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар миллий ўзликни англаш ва сиёсий, ижтимоий-маънавий тараққиёт гарови экани, ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва мақоми эътироф этилди. “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини конс­титуциявий мустаҳкамлаш масаласи ҳам анжуман иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Зеро, мазкур омил халқпарвар давлатни бунёд этишнинг энг муҳим шартидир.

 

Конституциявий ислоҳотлар: халқаро ва хорижий тажриба

 

Конституциявий ислоҳот барқарор ривожланишнинг зарур юридик замини, дейиш мумкин. Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар бир фуқаронинг онги ва шууридан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинлигини тўлиқ кафолатлаган Конституциямиз чинакам қомусга айланиши керак.

Илғор конституциявий тажрибани ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда, бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш Конституциявий комиссиянинг муҳим вазифаларидан бири бўлди. Негаки жаҳон амалиёти ислоҳотларни изчил амалга оширишда айнан жамият ва давлатни модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосини ривож­лантириш муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатяпти.

БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида қабул қилинган 400 дан ортиқ конвенция, декларация, резолюция ҳамда конституциявий ривожланиш борасидаги халқаро тажриба ўрганиб чиқилди, 193 мамлакат Конституцияси, конституциявий ислоҳотлари тизимли равишда таҳлил этилди.

Дарҳақиқат, жаҳон тажрибасини синчиклаб таҳлил қилар эканмиз, бугун дун­ёда ҳеч бир давлатнинг Конституция­си илк бор қабул қилинган таҳририда сақланиб қолинмаганига гувоҳ бўламиз. Биргина XXI асрда дунёнинг 90 га яқин давлатида конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли ўтказилди,
57 тасида янгиси қабул қилинди. Бу борада энг кўп ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ўн мамлакат сирасига Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон киради.

Турли мамлакатлардаги конституция­вий ўзгартишлар, асосан, ташқи ҳамда ички таҳдид ва хатарларни инобатга олган ҳолда, уларга жавоб беришга қаратилгани билан ўзаро ўхшашлигини таъкидлаш жоиз. Замонавий конституция­лар бундан юз йил олдин унчалик кўзга ташланмаган янгидан-янги — атроф-муҳит, гендер тенглик, инсон, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, келажак авлод ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби долзарб масалаларни қамраб олган.

Халқаро ва хорижий тажрибани чуқур таҳлил этиш ва ўрганишлар асосида “Жаҳон конституциялари”, “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари”, “Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси” (5 жилдлик) каби
10 дан зиёд асар яратилди. Улар асосида конституциявий қонун лойиҳаси ва ислоҳотларга оид фикр-мулоҳазалар, таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Рес­публикаси Миллий маркази томонидан “Жаҳон конституциялари” номли илмий-таҳлилий тўплам ўзбек тилида нашр қилингани эса айни муддао бўлди.

Китобхонлар эътиборига ҳавола этилган тўплам жаҳоннинг энг илғор 11 давлати — АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Германия, Италия, Польша, Чехия, Иордания, Словакия, Франция, Япониянинг конституциявий тузуми тўғрисидаги қисқача очерклар ва конституцияларнинг расмий матнидан ташкил топган. Ҳар бир очеркда мамлакат номи, ҳудуди, аҳолиси, диний эътиқоди, давлат тузилиши ва сиёсий партиялари ҳақида қисқача таҳлилий маълумотлар келтирилган.

“Жаҳон конституциялари” китобини яратишдан бош мақсад Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида жамоатчиликни дунё мамлакатлари конституциялари билан таништиришдан иборат, — деб ёзилган тўпламнинг кириш сўзида. Зеро, Конституция муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида инсоният тамаддунининг ютуғи, умуминсоний қадрият ва демо­к­ратик тараққиётнинг юридик асосидир.

Ҳозир замонавий конституцияларда ахборотлашган жамиятни шакллантириш, шахсий рақамли маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, илмий-технологик ва инновацион ривожланиш каби элементларни жорий этиш ­масалалари ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Тўплам муаллифлари китобхон диққат-эътиборини айнан шу масалаларга қаратишга муваффақ бўлган.

Ўзбек тилида нашр этилган “Жаҳон конституциялари” илмий-таҳлилий тўп­лами мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни жаҳон тажрибаси асосида амалга оширишда ўзига хос илмий манба бўлиб хизмат қилади.

 

Конституциявий қонун лойиҳаси: жамоатчилик экспертизаси

 

Конституциявий қонун лойиҳаси мус­тақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба фуқаролик институтларининг бевосита иштироки ва ташаббуси асосида ­жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, хусусан, ногиронлиги бор шахсларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий давлат қуриш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш каби қатор йўналишлар ҳамда аксилкоррупция ва лингвистик экспертизалардан ўтказилди. Жамоатчилик экспертизаларида 300 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилот иштирок этди.

Фуқаролик жамияти институтлари таклифлари, жумладан, “Инсон шаъни ва қадрини улуғлаш”, янги “Инсон — жамият — давлат” парадигмасини ҳаётга изчил татбиқ этиш, халқчил, адолатли ва ижтимоий давлат қуриш, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий мустаҳкамлаш, болалар, хотин-қизлар ва ногиронлиги бор шахслар эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, экологик муаммоларни ҳал этиш каби йўналишларни ўз ичига қамраб олди.

Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларнинг турли жабҳаларига бағиш­ланган 6 та республика ва 10 дан ортиқ халқаро форумда жамоатчилик экспертизаси материаллари синовдан ўтказилди ва конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу борадаги барча тадбирлар натижасида фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан 200 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилиб, ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир таклифларни шакллантириш учун Конституциявий комиссияга киритилди.

Жамоатчилик экспертизаси жамият ва давлат тараққиётининг “Инсон — жамият — давлат”, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” деган янги парадигмаси, тамойиллари призмаси орқали амалга оширилди.

 

Конституциявий қонун лойиҳаси халқаро экспертлар нигоҳида

 

Конституциявий комиссия таклифига асосан, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, академик ҳамжамият, халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорликда конституция­вий ислоҳот ҳамда конституциявий қонун лойиҳасининг турли янгиликларига бағишланган 100 дан ортиқ миллий ва
40 дан зиёд халқаро форум, жамоатчилик маслаҳатлашуви нафақат мамлакатимизда, шунингдек, хорижий мамлакатларда (АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Польша, Россия, Саудия Арабис­тони, Швейцария, Япония, Ҳиндистон кабиларда) ҳам ўтказилди.

Уларда конституциявий ислоҳотлар ва Конституциямиз янгиланиши ­жараёнида “Инсон — жамият — давлат” тамойилини амалга ошириш, ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий давлат қуриш, хусусий мулкни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби мавзулар атрофлича муҳокама қилинди. Бу тадбирларда халқаро экспертлар, парламент аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатшунослар иштирок этиб, конституциявий қонун лойиҳаси ва ислоҳотлар борасида ижобий фикр-мулоҳазалари ҳамда амалий тавсияларини берди.

Хусусан, 2022 йил 20 июль куни “Ногиронлар ҳуқуқларининг дунё мамлакатлари конституцияларида акс эттирилиши” мавзусида халқаро жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Ундан мақсад аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий ва халқаро тажрибани ўрганиш, ногиронлар ҳуқуқларини кафолатловчи тамойилларнинг дунё конституцияларида акс эттирилиши, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди. Бу жараёнда қатор хорижий давлатлар конституциялари таҳлил қилинди ва конституциявий қонун лойиҳасига ногиронларнинг ҳуқуқини таъминлашга қаратилган 20 га яқин таклиф билдирилди.

 

БМТ ва Конституция

 

Ҳозир Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг барча тузилмаларидаги фаоллиги, қолаверса, нуфузи ҳар қачонгидан юқори. Бугун мамлакатимиз БМТ билан яқин ҳамкорликда 200 дан ортиқ лойиҳани амалга оширмоқда.

Биргина 2022 йилнинг ўзида Ўзбекис­тон ташаббуси билан тайёрланган олтита ҳужжат БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди. Бу Бухоро декларацияси; Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича Халқаро кўп функцияли транспорт ва логистика марказини ташкил этиш тўғрисида; Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегияси биргаликда амалга оширилишининг ўн йиллигига бағишланган халқаро конференция иштирокчилари томонидан қабул қилинган Тошкент декларацияси кабилардир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкилот Бош Ассамблеясининг қатор муҳим махсус резолюциялари қабул қилинди. Бундан ташқари, БМТнинг Оролбўйи бўйича траст жамғармаси ташкил этилди.

БМТ Тараққиёт дастури, Европа иқтисодий комиссияси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНEСКО, ЮНИСEФ, УНИДО, ФАО ва глобал ташкилотнинг бошқа тузилмалари билан самарали амалий ҳамкорлик кенгаймоқда.

Ўзбекистон конституциявий ислоҳотлар жараёнида БМТ билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Масалан, БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Ўзбекис­тондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган халқаро давра суҳбатида 40 дан ортиқ давлатнинг Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка минтақаларидаги миссиялари доимий вакиллари ва экспертлари, шунингдек, БМТнинг турли тузилмалари ходимлари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон тарихидаги ноёб тажриба — конституциявий қонун умумхалқ муҳокамасидан ўтказилаётгани, конституциявий ислоҳот миллати, дини, ёши, жинси, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг манфаатларига мос келиши, ислоҳотнинг инклюзивлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида ­эътироф этилди.

Хусусан, Озарбайжоннинг БМТдаги доимий вакили Я.Алиев ва Япониянинг БМТдаги миссияси эксперти Ш.Митсута Конституциявий комиссиянинг конституциявий қонун ижодкорлиги соҳасидаги илғор халқаро тажрибани чуқур ўрганиш фаолиятини юқори баҳолади. У референдум орқали халқнинг ­қўллаб-қувватлаши билан конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли якунланишига қатъий ишонч билдирди.

Германиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси М.Колл Конституцияни янгилашда Ўзбекистон томонидан қўлланилаётган ёндашув ислоҳотларнинг инклюзив ва кенг қамровлилигини таъминлаш, давлат олдида турган вазифаларни самарали ҳал этишнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

Мазкур халқаро давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартиришлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш бўйича кун тартиби мақсадлари билан уйғун эканини алоҳида қайд этди.

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг таъкидлашича, БМТнинг Женевада (Швейцария)ги қароргоҳида ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этган 30 дан ортиқ халқаро ташкилот томонидан мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар ижобий баҳоланган ва қўллаб-қувватланмоқда.

М.Чунгонг конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири аёллар ва қизларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш эканига алоҳида эътибор қаратди. Конституциямизга таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси норма ҳамда тамойилларига тўлиқ мослигига урғу берди.

Барча тадбирлар бўйича якуний ҳужжатлар қабул қилиниб, Конституциямиз ва қонунчиликни такомиллаштириш масалалари таҳлил этилди, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг конституциявий қонун лойиҳасига расмий шарҳлари ва таклифлари олинди.

Қатор ҳалқаро ташкилотлар ва ­экспертлар конституциявий қонуннинг умумхалқ муҳокамаси БМТнинг конституциявий ислоҳотларни ўтказиш борасидаги тегишли тавсиялари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тегишли ҳужжатлари, дунёда замонавий конституциявий ривожланиш тенденциялари, шунингдек, ­“Халқ —­ қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” устувор тамойилига тўла-тўкис риоя қилинган ҳолда амалга оширилган, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, ушбу конституциявий қонуннинг умумхалқ референдуми асосида қабул қилиниши мақсадга мувофиқлигини таъкидламоқда.

 

Конституция ва ОАВ

 

Аҳолига конституциявий қонун лойи­ҳасини кенг таништириш, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ҳар бир модданинг кенг муҳокамасини ташкиллаштириш, фуқаролар фикрини ўрганиш, бу борада аҳоли турли қатламлари ва Конституциявий комиссия ўртасида мустаҳкам алоқани таъминлашда минглаб журналист ва блогер иштирок этмоқда.

Муҳокамаларда “энг қийин”, “ноқулай”, аввал “ўта нозик” кўрилган турли масалалар ҳам, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий соҳага ёки экология, гуманитар ва бошқа соҳаларга тааллуқлилигидан қатъи назар, ўртага ташланди. Жамиятдаги фикрлар ва ғоялар хилма-хиллиги, улар орасидаги рақобат яққол намоён этилди.

Сўзсиз, бу ҳам ўзига яраша бир индикатор бўлиб, Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси ҳақиқий халқ Конс­титуцияси эканини таъминлашга ҳамда ҳар бир моддани аҳоли фикрини инобатга олиб, сайқаллашга хизмат қилмоқда.

Конституциявий комиссиянинг Матбуот хизмати икки йўналишда фаолият юритмоқда. Биринчи йўналишда конституциявий ислоҳотлар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритилмоқда. Давлат ва нодавлат телеканаллар, радиоканаллар, босма нашрларда Конституциявий комиссия фаолияти, фуқаролардан келиб тушаётган таклифларни кўриб чиқиш жараёнлари, турли соҳа вакиллари иштирокида интервью, давра суҳбатларини ташкил этиш бўйича медиарежа ишлаб чиқилди ва у асосида медиалойиҳалар ташкил қилинмоқда.

Хусусан, 20 майдан 18 ноябрга қадар давлат телеканалларида 7401,  нодавлат телеканалларда 7167, жами 14 минг 568 лавҳа, интервью, информацион ва махсус кўрсатув эфирга узатилди.

Давлат радиоканалларида 2151, нодавлат радиоканалларда 1947, жами 4098 информацион ва махсус эшиттириш ташкил қилинди.

Марказий босма нашрларда 786, ҳудудий босма нашрларда 584, жами 1370  мақола чоп этилди.

Конституциявий комиссия аъзолари ва экспертларнинг ОАВда мунтазам чиқишлари ташкил этилмоқда.

Конституциявий ислоҳотлар юзасидан интернет нашрларида 7726 та, “Telegram”, “Facebook”, “Instagram”, “YouTube” каби ижтимоий тармоқларда 52 минг 550 та, жами 60 минг 276 та ахборот материали эълон қилинди.

Шунингдек, Конституциявий комиссия Матбуот хизматининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ва www.meningkonstitutsiyam.uz интернет порталига комиссия фаолияти ҳамда конституциявий ислоҳотлар юзасидан ахборотлар бериб борилмоқда.

Конституциявий комиссия Матбуот хизматининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида шу кунгача жами 1095 дан ортиқ ахборот материали (ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида) жойлаштирилди.

Иккинчи йўналишда Конституциявий комиссия Матбуот хизмати томонидан ташкилий чора-тадбирлар ва мониторинг таҳлил ишлари амалга оширилмоқда.

Конституциявий ислоҳотларни тарғиб қилишга қаратилган 550 дан ортиқ репортаж, видеоролик тайёрланиб, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиши таъминланмоқда. Шунингдек, комиссия, комиссия ҳузуридаги гуруҳлар иш жараёнлари, Матбуот хизмати фаолияти ҳамда фуқаролардан таклифлар келиб тушиши жараёнлари акс этган 95 та “Backstage” репортаж суратга олиниб, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилинмоқда.

Конституциявий ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти, бу борада соҳа мутахассислари, комиссия аъзолари, қолаверса, фаол жамоатчилик вакиллари билдирган фикр-мулоҳазалари билан муштарийларни таништириб бориш мақсадида “Конституциявий ислоҳотлар газеталар нигоҳида” таҳлилий шарҳларининг 14 сони тайёрланди ва кенг ёритилиши ташкил қилинди (ўзбек ва қорақалпоқ тилларида).

Жумладан, www.meningkonstitutsiyam.uz интернет порталида рўйхатдан ўтиш ва таклифларни юбориш бўйича махсус видеоқўлланма тасвирга олиниб, ёритилиши, давлат ва нодавлат телеканалларда тарғиб қилиниши натижасида порталдан фойдаланувчилар сони кескин ортиб, бугунги кун ҳолатига кўра, 73 минг 600 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган таклифларга портал фойдаланувчилари томонидан 15 минг 872 та изоҳ ҳамда 384 та қўшимча таклиф қолдирилган.

3, 8 ва 15 июнь кунлари барча мобиль алоқа операторлари орқали фуқароларга ўз таклифлари билан конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол бўлишга қаратилган смс-хабарномалар юборилиши ташкил қилинди. Мазкур смслар 30 миллион абонентга юборилди. Умуман, конституциявий ислоҳотлар жараёнида ўз таклифлари билан фаол қатнашган барча фуқароларга миннатдорлик смс-хабарномалари юборилмоқда.

Конституциявий ислоҳотлар юзасидан интернетда эълон қилинган ахборот материаллари фойдаланувчилар томонидан 270 миллион мартадан ортиқ кўрилган ва 122 мингдан ортиқ изоҳ қолдирилган.

“Дунё” ахборот агентлиги эса расмий сайти ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган халқаро даражадаги анжуманлар ва хорижий давлатлар жамоатчилиги фикрларини, ОАВда берилган мақолалар шарҳини мунтазам равишда ёритиб борди.

Умуман, юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда бугунги кунда халқимиз бераётган таклифларни, мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам ҳар томонлама ўрганиш заруриятидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси конституциявий қонунни янада такомиллаштириш борасида қарор қабул қилди.

Акмал САИДОВ,

Конституциявий комиссия раиси

 

 

 

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий