Янги Ўзбекистоннинг бош мақсади – халқни рози қилиш

 

Юртимиз тарихида халқпарвар давлатчилик ҳам бўлган. Лекин 126 йил қарамлик даврида давлат халқ яхши яшаши учун қайғурмади, унинг ишончи ва меҳрини қозонишга ҳаракат қилмади.

1865 йилдан давлат билан халқ орасида чуқур жарлик пайдо бўлди. Мустамлака бўлган давримизда ҳамма масала ва ҳамма вақтда қарорлар бир томон манфаатидан келиб чиқиб қабул қилинган, халқимиз орзу-умидлари, ташвишлари, муаммолари ўйланмаган. Иқтисодиётимиз улар учун хизмат қилган, у бир томонлама ривожлантирилиб, биз фақат арзон хомашё етиштириб берувчи ўлкага айланганмиз.

Афсуски, узоқ йиллар Навоий, Форобий боболаримиз асарларида ёзган, халқимиз орзу қилган жамиятни ярата олмадик.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Президенти лавозимига сайланган пайтда Ўзбекистон олдида турган энг мураккаб муаммолардан бири халқнинг давлатга нисбатан йўқотилган ишончини тиклаш эди. Мазкур мақолада мамлакатимизда халқни рози қилиш борасида олиб борилаётган улкан тадбирларнинг айримлари ҳақида фикр юритилади.

Ҳаракатлар ва Тараққиёт стратегияси – халқ ишончини тиклаш йўлида ташланган улкан қадамлар

Шавкат Мирзиёев Президент сифатида дастлабки қадамларини қўя бошлаши билан, фаровон яшаш умиди сўнган халқимизда яна ширин орзулар уйғона бошлади. Бу умидларни рўёбга чиқариш йўлида давлат раҳбари 7 йилга яқин даврда жуда катта тадбирларни амалга оширди. Умумлаштириб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев 1865 йилдан 2016 йилгача бўлган 151 йиллик даврда ҳукм сурган сиёсат туфайли давлатга ишонмай қўйган, яхши яшашдан умидини узган тафаккуримизни ўзгартирди, сўнган руҳимизни кўтарди, синдирилган миллий ғуруримизни ва энг муҳими, давлатга бўлган ишончимизни тиклай бошлади!

Шавкат Мирзиёев Ҳаракатлар ва Тараққиёт стратегияларини кабинетда ўтириб яратгани йўқ. Бунинг учун у вилоятларга чиқиб, оддий халқ вакиллари, турли касб эгалари билан бевосита мулоқотда бўлди, жойлардаги ютуқ ва камчиликлар, мавжуд муаммолар билан чуқур танишди, одамларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади. Иккала дастур ана шундай учрашувларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилди. Халқ Ҳаракатлар ва Тараққиёт стратегиясининг ҳақиқий ижодкори, ҳаммуаллифи бўлди, уларни яратишда бевосита иштирок этди!

Шу боис, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар муваффақиятли бажарилди. Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган вазифалар ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу эса юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва бизнинг дунёқарашимизни ўзгартириб, давлатга бўлган ишончимизни қайта тиклади, Янги Ўзбекистон, жумладан, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш жараёнида давлат бошқарув тизими ва халқимизни бир-бирига яқинлаштирди.

Халқ қабулхоналари – муаммолар ечимига йўл

Президентимиз “ёпиқ жамият” сиёсатини бекор қилди ва мамлакатимизни дунёга, дунёни эса бизга очиб берди. Халқ ўз фикрини очиқ ва эркин намоён қилиш имконияти яратилди. Жаҳоннинг барча давлатлари, айниқса, қўшниларимиз билан муносабатларимизни ижобий томонга ўзгартирди. Бу воқеалар халқимизнинг 151 йил мобайнида давлатдан қўрқиб яшаган, ҳамма нарсадан ҳадиксирайдиган онги ва руҳига жуда катта ижобий таъсир қилди...

Биз айрим давлатлар раҳбарларининг йилда бир-икки марта халқ билан бевосита мулоқот қилишига ҳавас билан қараб юрардик. Президент Мирзиёев мамлакатимизда йил давомида одамлар билан тўсиқларсиз доимий мулоқотни амалга ошириш тизимини яратди. Бунинг учун Президентнинг Халқ қабулхоналари ташкил этилди, Президент ва бошқа раҳбарлар ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказа бошлади. Виртуал ва Халқ қабулхоналари ҳамда жонли учрашувларда фуқаролар муаммоларини Президентга тўғридан-тўғри етказиш ва уларни зудлик билан ҳал этиш тизими иш бошлади.

Барча бўғинлардаги раҳбарларнинг фаолияти улар одамлар ташвишларини қай даражада ҳал қилишига боғлиқ бўлган муҳит яратилди. Ҳамма идора ва ташкилотларда Фуқаролар қабулхоналари ташкил этилди. Давлат хизматлари агентлиги тузилди ва бу йўл билан битта ҳужжат олиш учун аҳолининг қатор идораларда сарсон бўлиб юришдек беъмани ҳолатга барҳам берилди. 10–15 идорадан ойлаб овора бўлиб йиғадиган ҳужжатларимизни шу битта ташкилотдан оладиган бўлган эдик. Одамлар арзини айтгани идораларга эмас, амалдорлар аҳоли дардини эшитиш учун улар олдига борарди. Бу раҳбарлар ва халқнинг онгини кескин ўзгартирди. Амал эгалари аслида халқнинг хизматкори бўлиши кераклигини тушуна бошлади.

Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади

Яқин тарихимиздан гувоҳмизки, юртимизда халқнинг бойиб кетишига қарши курашилди. Билими, ақли ва меҳнатининг миқдори ҳамда сифатидан қатъи назар, инсон бойиши мумкин эмасди. Бу қоидага риоя қилмаганлар аёвсиз жазоланарди. Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий тараққиётнинг тўсиғи бўлган бундай бемаъни ҳолатни ҳам тубдан ўзгартирди. У “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, шиорини таклиф этди. Тан олиш керакки, мазкур ғояни олдинга суриш ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда инқилобий характерга эга бўлди. Жумладан, тадбиркорликка кенг йўл очилди. Одамлар ҳаракат қилса, кутган натижасига эриша бошлади. Натижада асрлар давомида ишбилармонлик даражасининг ўта юқорилиги билан дунёни ҳайратга солиб келган ўзбек халқининг ўтган даврда деярли йўқ қилинган салоҳияти яна қайта тиклана бошланди.

Юртимизда тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва улар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг бутунлай янги ва замонавий талабларга жавоб берадиган механизми яратилди. Янги қонунлар ва тартиблар ишлаб чиқилди, мавжудларига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Тадбиркорликни бошлаш учун рухсатнома олиш тизими соддалаштирилди, унинг кўп турларига лицензия олиш умуман бекор қилинди. Тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор бўлди.

Хуллас, янги иқтисодий сиёсат туфайли юз минглаб аҳоли тадбиркорга айланди. Натижада 6 йилда тадбиркорлар сони 6 баробарга ошиб, бугун 2 миллионга етди. Бу халқ турмуш фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга улкан ҳисса қўшди.

Давлатимиз раҳбари вазирликлар ва ҳокимликлар иш вақтининг камида 50 фоизи тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ёрдам беришга сарфланиши лозимлиги, улар фаолиятини баҳолашда тадбиркорликни ривожлантириш ҳолатига алоҳида эътибор берилишини давлат сиёсати даражасига чиқариши жуда катта аҳамият касб этди. Натижада тадбиркорларни қувғин қилишда фаол иштирок этган раҳбарлар бугун уларнинг энг яқин ёрдамчисига айланди.

Қўшничилик алоқалари борасида

Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстона руҳдаги муносабатлар сустлашиши уларнинг барчасига салбий таъсир кўрсатди. Энг ёмони, асрлар давомида бир-бири билан қон-қардош бўлиб яшаган, қуда-анда бўлган қўшни халқлар ҳатто тўю маъракада ҳам бир-бириникига бора олмай қолди. Бу муаммолардан халқ зада бўлди, кўнглиги оғриди, оқибатда норозилик кучая борди.

Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига келгандан кейин дарҳол ташқи сиёсатни буткул ўзгартириб, ҳамма давлатлар, айниқса, қўшнилар билан алоқаларни тубдан кенгайтириш йўлини бошлади. Ўзбекистоннинг очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, ички ва халқаро транспорт коммуникациялари ва сувдан самарали фойдаланиш, давлат чегараларидан ўтишни соддалаштириш каби ҳал бўлмай турган мураккаб муаммоларга ечим топилди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг сиёсий, иқтисодий, маънавий, маданий ва маърифий алоқалари кенгайиши қўшни халқлар ҳаётини ижобий томонга ўзгартириб юборди.

Ижтимоий ҳимоянинг ҳаётдаги акси

Ҳаракатлар ва Тараққиёт стратегиясида ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Бу сиёсат барпо этилаётган халқпарвар ва адолатли Янги Ўзбекистоннинг энг асосий хусусиятларидан бирига айланди.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоянинг барча йўналишлари, хусусан, пенсия, нафақа, касаллик вақтида ҳам ғамхўрлик кўрсатиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд қатламини ҳисобга олиш, уларга пенсия ва нафақалар тайинлаш, касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар кўлами кескин кенгайтирилди. Пенсия ва нафақа миқдорлари бир неча баробар оширилди. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, оғир касалликка чалинганларга махсус ёрдам кўрсатила бошланди, уларни давлат ҳисобидан уй-жой билан таъминлаш даражаси ҳам жиддий оширилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтожликнинг ҳақиқий даражасини аниқлаш, эҳтиёжманд одамларни ёрдам билан тўла қамраб олиш учун мутасаддилар маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, кам таъминланган, ишсиз, камбағал оилалар, аёллар, ёшлар рўйхатини тузди ва улар учун мос равишда жаҳонда ўхшаши бўлмаган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизими яратилди. Мана шу дафтарларга киритилган шахсларга тегишли моддий ёрдам берилди, уларнинг тадбиркорлик салоҳияти аниқланди, кейин уларга мос шарт-шароитлар яратиш, қўллаб-қувватлаш тизими ишлаб чиқилди, “старт капитали” берилди.

Яқин ўтмишда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш масаласи ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Натижада минг-минглаб уй-жойсиз оилалар пайдо бўлди. Янги Ўзбекистонда бу муаммони ижобий ҳал қилиш учун аҳолига арзон ва сифатли уй-жой қуришга жуда катта эътибор қаратиляпти. 2017–2022 йилларда мамлакатимизда қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилидан бошлаб янги уй-жойлар қуриш ҳажми 2 баробар оширилиб, йилига 90 мингтага етказилади.

Ёшларга муносабат тубдан ўзгарди

Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида Президент Мирзиёев яратган янгиликлардан яна бири ёшларга муносабатнинг кескин ўзгаргани билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи ёшлар билан учрашувлар ташкил эта бошлади. Хорижий ташрифларда ҳам ўша ёқларда ўқиётган ва ишлаётган ёш ватандошларимиз билан мулоқотлар ўтказиш одат тусига кирди. Президентимиз билан суҳбатда иқтидорини намоён этган талабаларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши кўпчиликни лол этди. Бу билан Президентимиз чуқур билимли ва янгича фикрлай оладиган ёш иқтидор эгаларини раҳбарлик вазифаларига жалб этишни бошлади. Хорижда муваффақиятга эришган ватандошларимиз ҳам юртимизга таклиф этилди. Бу ишларнинг мамлакатимиз ёшларига қанчалик ижобий таъсир қилганини сўз билан тушунтириш қийин.

Узоқ йиллар йўқ бўлиб кетган илм олишга интилишнинг яна қайта тикланишида ёшларни, шу жумладан, хориждаги йигит-қизларимизни раҳбарлик ишларига кенг жалб этиш жуда катта аҳамият касб этди. Аввало, ёшларда давлатга нисбатан деярли йўқолиб кетган ишонч қайта туғилди. Қолаверса, уларнинг ичидан вазирлар, нуфузли ташкилот ва идораларнинг раҳбарлари ўсиб чиқди, улар қатор соҳа ва тармоқларда аллақачон карвонбошиликни ўз қўлига олди.

Таълим тизими халқ томон бурилди

Яқин ўтмишда олий ўқув юртига ўқишга кириш ва боласини боғчага жойлаш ўта мураккаб муаммога айланган, асосан амалдор ва пулдорларнинг қўлидан келадиган иш эди. Камбағалнинг боласи институтда ўқишни ҳавас ҳам қилмай қўйганди. Негаки, олий таълим ва боғча билан таъминлаш даражаси ўта пасайиб кетганди.

Президент Шавкат Мирзиёев таълим тизимида ҳам туб ислоҳотларни амалга оширди. Мактабгача тарбия, ўрта ва олий таълим тизимлари, жумладан, уларни бошқариш органлари тубдан ўзгартирилди. Боғча қураётган тадбиркорларга ер ажратиш ва кредит беришда катта имтиёзлар тақдим этилди. Минглаб мактабгача таълим ташкилотлари барпо этилди. Натижада фарзандларимизни боғча билан қамраб олиш фоизи 2016 йилда 23,8 фоиз бўлса, бугун бу кўрсаткич 70 фоизга етди.

Олий таълим тизимида кескин сакраш амалга оширилди. Қабул квоталари 2016 йилги 9 фоиздан 38 фоизга, ОТМлар сони эса 77 тадан 210 тага етказилди. Узоқ туманларда ҳам институтлар ташкил этилди. Яқин келгуси даврда битирувчиларнинг 50–60 фоизи олий ўқув юртига кириш имконияти яратиляпти. Вилоятларда Президент мактаблари, атоқли олим ва ижодкорларимиз номларида иқтидорли ёшлар мактаблари ташкил этилди.

Фанга, илмий-тадқиқот тизимига эътибор кучайтирилди. Қатор янги илмий-тадқиқот институтлари очилди, олдинроқ тугатилганлари қайта тикланди. Уларга ажратилаётган молиявий ресурслар миқдори кескин оширилди. Кечагина ойига 1–1,5 миллион сўм иш ҳақи олиб, қийналиб яшаган олимлар энди 10–20 миллион сўмлаб даромад қила бошлади.

Маҳалланинг аҳамияти ошмоқда

Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимиздаги ваколатлари тубдан кенгайтирилди. Унинг иқтисодий имкониятлари жиддий кучайтирилди. Ўз ҳудудидаги қатор тадбирларни молиялаштириш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш имкониятлари тубдан ўзгарди. 2023 йилдан маҳаллалар ўз бюджетига эга бўлиши йўлида дастлабки тажриба бошланди.

Аҳоли таклифлари асосида маҳаллий бюджетлар харажатларининг 5 фоизи сарфланиш тизими яратилди. Бу маблағлар ҳам биринчи навбатда маҳаллалар йўлларини таъмирлаш, ободонлаштириш каби мақсадларга сарфланмоқда.

2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳар, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилгани ҳам маҳаллалар аҳамиятини янада оширди.

Чунки ёрдамчилар ишни маҳаллаларда аҳолининг иқтисодий ҳолатини ўрганишдан бошлади, мамлакатимиз барча аҳолиси яшайдиган 6 миллион 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказди. Хатлов натижасида халқнинг ҳақиқий эҳтиёжманд қисми аниқлаб олинди ва уларга ёрдам борасида амалий ишлар бошлаб юборилди.

Хориждаги ватандошларга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Давлатнинг халқчиллиги хорижда яшаётган ва ўқиётган ватандошлари бошига ташвиш тушганда жуда билинади. Юртимизда ўтмишда бу масала билан ҳеч ким шуғулланмасди. Кулфатга дуч келган ватандошимизга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмасди. Япониянинг Фукусима атом электр станциясида авария содир бўлганда барча давлатлар ўз фуқароларини у ердан самолёт ва кемаларда бепул олиб кетди. Ватандошларига ёрдам бериш мақсадида элчихоналари туну кун ишлади. Ўзбекистон эса Япониядаги фуқароларига ҳеч қандай ёрдам кўрсатмади. Чорасиз қолиб, Япония кўчаларида сарсон бўлган ўзбекларнинг ўз давлатига муносабати қандай бўлгани тушунарли, албатта...

Янги Ўзбекистон эса дунёнинг барча давлатларида яшайдиган, ўқийдиган фуқароларини ўз эътиборида ушлайди. Зарур ҳолларда уларга кўмак кўрсатади, қўллаб-қувватлайди. Жумладан, Украина–Россия можароси бошланиши билан Украинадаги ватандошларимизни юртга қайтариш бошланди. Кириш визаси ва ПЦР тести бўлмаган ҳолда ватандошларимизга Польшага киришга рухсат олинди. Фуқароларимиз Украинанинг барча ҳудудларидан Львов орқали Польшанинг Катовице шаҳрига автобусларда олиб келинди. 100 га яқин автобус қатновлари амалга оширилди. Польшанинг Катовице шаҳри аэропортидан 28 февралдан 24 мартга қадар 27 та авиарейс ташкил этилди ҳамда 6030 ватандошимиз юртимизга олиб келинди. Бу ишларнинг ҳаммаси давлат ҳисобидан бепул амалга оширилди.

Хорижий давлатлардаги юртдошларимиз билан тизимли равишда доимий ва самарали ишлаш учун махсус “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди.

Олдинда янада улкан режалар

Тўғри, халқни рози қилиш борасида юртимизда жуда катта ютуқларга эришдик. Лекин тан олиш керакки, бу борада қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Масалан, бу йилги қиш пайтида электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар тармоқ бошқарув органларининг айримлари ҳали талаб даражасида ишламаётганини кўрсатди. Халқнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Бевосита давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан муаммо тезликда ҳал этилди. У яна қайтарилмаслиги борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аслида бунақа воқеалар дунёнинг энг ривожланган ва бой давлатларида ҳам юз беради. АҚШда бу йил тўфонлар оқибатида 1, 5 миллион аҳоли бир неча сутка электр энергиясиз қолиб кетди. Қатор давлатларда сув тошқини, ёнғинлар, қурғоқчилик, очарчилик оқибатида миллионлаб одамлар азият чекмоқда. Яқиндагина Туркияда юз берган зилзилада қанча одам қурбон ва ногирон бўлди, уйсиз, овқатсиз қолди.

Халқ турмуш даражасини ошириш, камбағалликни камайтириш, янги иш ўринлари яратиш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш борасида Тараққиёт стратегиясида улкан чоралар белгиланган. Ҳеч шубҳасиз, улар ҳам муваффақиятли амалга оширилади.

Чунки Президент Шавкат Мирзиёев юрти, халқи ҳаёти яхши бўлиши учун жон куйдириб ишлаётганини ва бу саъй-ҳаракатлар ижобий натижалар бераётганини ҳаётимизда кўриб турибмиз. Фаровонлик тобора ортиб боряпти. Халқимиз ҳаёти янада яхши бўлиши учун қурилаётган юзлаб катта-кичик корхоналар, янги заводларни ўзи бунёд этяпти. Давлат бизга тобора кўпроқ қулайликлар яратиб бермоқда. Ўз вазифасини яхши адо эта олмаётган айрим амалдорлар туфайли юз бераётган хато ва камчиликлар тезда бартараф этилаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Фуқароларда давлатдан розилик ҳисси кучаймоқда.

Зеро, Янги Ўзбекистонда халқни рози қилиш барча раҳбарларнинг энг устувор вазифаси, халқнинг ишончини, меҳрини қозониш эса инсон учун энг олий саодат ҳисобланади. Лекин янги давлатни қуриш фақат раҳбарларнинг эмас, барчамизнинг ишимизга айланмоғи лозим. Бу улуғ мақсадга эришиш учун ҳаммамизнинг биргаликда ҳаракат қилишимиз тақозо этилади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, Янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз”, Учинчи Ренессанс асосларини яратиб, миллий юксалишга эришамиз, баркамол ва фаровон жамият барпо эта оламиз!

 

Одил Олимжонов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар

ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий