Туркий давлатлар ташкилоти туркий дунё манфаати йўлида ҳамкорлик қилиш учун истиқболли платформа яратмоқда
Жорий йил 10-11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг саммити бўлиб ўтади ва бу Ўзбекистоннинг мазкур халқаро тузилмага раислигини бошлаб беради.
Туркий давлатлар ташкилоти (аввалги номи - Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, ТДДТ) 2009 йил 3 октябрь куни Нахичевань (Озарбайжон) шаҳрида таъсис қилинган. Ташкилот фаолиятининг ҳуқуқий асосини Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим (2009 йил 3 октябрдаги Нахичевань битими) ташкил этади.
Ташкилотнинг мақсади аъзо давлатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Халқаро тузилмага аъзо давлатлар олдига ҳамкорликни муҳокама қилиш ва чуқурлаштириш учун майдонча шакллантириш ва уни ривожлантириш, туркий тилли мамлакатлар ўртасидаги яқин муносабатлар истиқболларини белгилаш, ўзаро ишонч, дўстлик, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, барқарорлик ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, минтақада ва бутун дунёда хавфсизликни таъминлаш, умумий манфаатларга эга бўлган ташқи сиёсат масалалари бўйича, шу жумладан халқаро ташкилотлар ва халқаро форумлар доирасида келишилган позицияларни ишлаб чиқиш, халқаро терроризм ва сепаратизм, экстремизм, одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш, наркотрафик ва трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, сиёсий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ҳарбий-техник, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, кредит-молиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, савдо ва инвестициялар, товарлар, маблағлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланиши, молиявий ва банк операцияларини соддалаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш каби асосий вазифалар қўйилган.
Иштирокчи давлатлар аҳоли турмуш даражасини юксалтириш мақсадида минтақада ҳар томонлама ва мутаносиб иқтисодий ўсишга, ижтимоий ва маданий ривожланишга интилади, фан-техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилади, туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш ва оммалаштиришда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиришга интилади.
ТДТ БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принциплари ва нормаларига, жумладан суверен тенглик, ҳудудий яхлитлик ва халқаро миқёсда тан олинган чегараларнинг дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик каби қадриятларга содиқдир.
ТДТнинг олий органи Давлат раҳбарлари кенгаши бўлиб, у ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг мунтазам йиғилишлари шаклида фаолият юритади, долзарб халқаро муаммоларни ҳал қилишда ўзаро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқади, ўзаро муносабатларнинг устувор йўналишларини белгилайди, ташкилот фаолиятини таҳлил қилади.
Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ўз ваколатлари доирасида ТДТнинг жорий фаолиятини кўриб чиқади, Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун энг долзарб халқаро масалаларни белгилайди, Котибиятнинг штат жадвали ва молиявий ҳисоботини тасдиқлайди. Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлислари, одатда, Давлат раҳбарлари кенгаши мажлислари олдидан ўтказилади.
Ташкилот таркибида Туркий тилли давлатлар оқсоқоллар кенгаши (Оқсоқоллар кенгаши) ва Котибият каби тузилмалар ҳам мавжуд. ТДТ шафелигида Туркий маданият халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА), Туркий маданият ва мерос фонди, Халқаро туркий академия, Туркий савдо-саноат палатаси, ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 сентябрь куни Чўлпон-ота шаҳрида (Қирғизистон) бўлиб ўтган ТДДТ VI саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши ТДТ билан ўзаро ҳамкорлик тарихидаги бурилиш нуқтаси бўлди. Бу Ўзбекистон раҳбарининг саммитда илк иштироки эди. Ушбу саммит доирасида ташкилот билан алоқаларни ривожлантириш бўйича аниқ ташаббуслар, жумладан, Хива шаҳрини 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, деб эълон қилиш ҳамда Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларидан бирини ва тегишли бизнес-форумни Тошкентда ўтказиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
2019 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Нахичевань битимини ратификация қилди ва ҳужжатнинг депозитарийси бўлган Туркия Республикасига расмий хабарнома юборди.
Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши билан Туркий кенгаш фаолиятидаги бошқа аъзо давлатларнинг фаоллиги сезиларли даражада ошди, бу эса тузилманинг минтақавий ташкилот сифатидаги роли ошганидан далолат беради.
Ўзбекистон Президенти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2019 йил (Боку), 2020 йил (онлайн) ва 2021 йил (Истанбул) ўтказилган саммитларида ТДТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 35 дан ортиқ амалий ташаббусларни илгари сурди. Бугунги кунга қадар 20 дан зиёд ташаббус амалга оширилди.
2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда биринчи йиғилиши бўлиб ўтган Ёш тадбиркорлар форумини ташкил этиш, транспорт ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, унинг доирасида “ePermit” пилот лойиҳасини синовдан ўтказиш шулар жумласидандир. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида “рақамли TIR” пилот лойиҳаси, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида “яшил йўлак” ишга туширилди. Ўзбекистоннинг “Universal Logistics Services” (Тошкент), “Akhtachi” (Андижон) ва “Termez Cargo Center” (Сурхондарё) логистика марказларини ТДТнинг “Биродарлашган портлар” жараёнига қўшилиши, пандемияга қарши курашишдаги ҳамкорлик бўйича таклифни амалга ошириш, пандемияга қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш, ташкилот доирасида эпидемиологик вазиятни биргаликда мониторинг қилиш, таҳлил қилиш ва прогнозлаш бўйича доимий фаолият юритадиган тизимни ишга тушириш, 2021 йил июнь ойида Қўқон шаҳрида туризм вазирларининг 6-йиғилишини ўтказиш, 2022 йилда Қўқон шаҳрини “Туркий давлатларнинг туристик пойтахти” деб эълон қилиш, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Мусо Хоразмий ва бошқа алламоларнинг буюк меросига бағишланган халқаро илмий конференциялар ўтказиш ташаббуслари ҳам кенг қўллаб қувватланди.
2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси вакиллари ТДТ Котибияти ва ташкилотнинг Будапештдаги ваколатхонасида ўз фаолиятини юрита бошлади.
Экспертлар Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятининг истиқболларини барқарор деб ҳисобламоқда. Ташкилот Марказий Осиё, Кичик Осиё ва Каспий денгизи ҳавзаси минтақасида кўп томонлама ҳамкорлик механизмларидан бири бўлиб қолади. Шу билан бирга, ТДТнинг интеграция кун тартиби иқтисодиёт, туризм, транзит ва транспорт, шунингдек, маданий-гуманитар соҳаларда кенгаймоқда.
ТДТ доирасидаги янги тенденция энергетика, транспорт ва туризм соҳасидаги турли лойиҳаларни фаоллаштириш бўлиб, бу ташкилотнинг иқтисодий фаолиятини биринчи ўринга олиб чиқади.
Узоқ муддатли истиқболда ТДТ Европа, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиё ўртасидаги кенг маконда субминтақавий бирлашма ва ўзига хос минтақавий ҳамкорлик механизмига айланади.
“Дунё” АА