Тупроқдан яралган мўъжиза Риштон дунё кулолларини чорламоқда

 

Жорий йилнинг 12-24 май кунлари уста кулоллар юрти — Риштонда Туркий халқлар ҳунармандлиги форуми ва “Кулоллар сайли” миллий кулоллик  маҳсулотлари кўргазма-савдоси бўлиб ўтади.

Оддий тупроқдан мўъжиза яратаётган риштонлик кулоллар меҳнати асрлар давомида дунёни ром этиб келади. Маҳсулотлар ўзига хос кўриниши, табиий ва қалампир нусхали тилсимий нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Кейинги йилларда кулоллик анъаналарини ривожлантириш, уста кулоллар учун муносиб меҳнат шароити яратиш, ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулот турларини кўпайтиришга эътибор ошди.  Ўтган йилнинг ўзида бу ерда умумий қиймати 1 миллион 460 минг АҚШ долларилик кулоллик маҳсулотлари дунё бозорига экспорт қилинди.

                                           Мозийга назар

Риштон Буюк ипак йўлининг Фарғона водийсидан ўтувчи қисмидаги қадим кентлардан. Шаҳар номи қадимий сўғдчадаги “раш” (“руш”, “руши”), яъни “қизил ер” сўзидан пайдо бўлган. Зеро, бу ернинг тупроғи ранги қизил эди. Ўрта асрларда Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Яқин Шарқ карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Риштон тез суръатларда ривожланиб, Буюк ипак йўлида асосий тўхташ жойи ҳамда савдо-сотиқ марказига айланган. XIV асрда кўплаб кулоллар Амир Темур авлодларининг буюк қурилиши лойиҳаларида иштирок этиш учун Самарқандга кўчиб кетишган. Бироқ темурийлар сулоласи инқирози қадим ҳунар ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатган.

XVIII асрдан шаҳар қайта тикланган ва XIX аср ўрталарида ҳудуд сирланган идишлар ишлаб чиқариш бўйича йирик марказ мақомини қайта тиклаган.

Ўрта асрларда йўқолиб кетган ганч-чинни ишлаб чиқариш техникасини XVIII асрда қайта тиклаган ака-ука Абдужалол (уста Абдужалол, уста Жалил) ва Абдужамил (уста Абдужамил, уста Кури) ўз ишининг буюк усталари бўлган. Кулоллар чинни пишириш усулини Кошғар ва Эрондан ўзлаштирган. Уларнинг шогирди – етук чиннипаз Абдулла кулол (1797-1872) риштонлик барча кулоллар учун уста-оқсоқол ҳисобланади.

         XIX асрнинг 70-йилларида уста Абдулла кулол бошчилигидаги Риштон ҳунармандлари Саид Муҳаммад Худоёрхоннинг Қўқондаги саройи – Ўрдани безаш ишларида фаол қатнашган. Уларнинг чиннипазлик ва кошинпазлик санъати Қўқон хони томонидан юқори баҳоланган.

Этнографларнинг таъкидлашича, XIX ва XX аср бошларида Риштонда 80 та устахона фаолият юритган. 1918 йилда“Чиннигарон” деб ном олган биринчи кулоллик артели ташкил этилган. 1927 йилда  бу артелга “Янгиҳаёт” номи берилган. 1960 йилда артел Риштон сопол ишлаб чиқариш заводи таркибига кирган.

Риштон кулоллари маҳаллий хомашёдан сопол идиш ясаган ва уларни мовий ҳамда зангори ранглар билан безаган. XIX аср охирига келиб Риштон Ўрта Осиёда сирланган сопол идишлар ишлаб чиқарувчи йирик марказлардан бирига айланди. 1990 йилда Риштон сопол идишлари Парижда ўтказилган халқаро кўргазмада намойиш этилди. Французлар Риштон сополини Европанинг энг машҳур сирланган идишлари билан таққослаб, у кўҳна қитъа сополи билан беллаша олишини эътироф этишди.

                                    Сулола давомчилари

Қарийб саккиз юз йиллик тарихга эга кулоллик анъаналари асрдан асрга бобомерос ҳунар сифатида сайқал топиб, ривожланиб келмоқда. Бунда жаннатмонанд гўшанинг асл фарзандлари, уста кулолларнинг ҳиссаси беқиёс.

Риштон кулоллик буюмлари, миниатюралари санъат шайдолари орасида катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулоллик намуналарига ўхшамайдиган санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиб келинади.

Уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Рустамжон Усмонов, Алишер Назиров, Шарофиддин Юсупов, Тоҳиржон Ҳайдаров, Равшан Тожиддинов, Шокир Аҳмаджонов, Саиджон Аҳмедов, Бунёд Юнусов сингари машҳур кулоллар яратган маҳсулотлар кўриниши, табиий ранг-тасвирларга бойлиги билан барчани ҳайратга солиб келмоқда.

“Р Плюс Корон” МЧЖ раҳбари, моҳир кулол Равшан Тожиддинов раҳбарлигида чорак аср муқадам оддий идиш-товоқлар тайёрлаш билан иш бошлаган корхона бугун йирик кулоллик марказига айланди. Равшанжон  кулоллар сулоласи давомчиларидан. Унинг бобоси, отаси уста кулол бўлиб, оила тебратган, ҳалол меҳнат билан қадр-қиммат топган.  Ёш кулол бобомерос ҳунарга ўзига хос жило, сайқал бериб, мафтункорлиги, жозибадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида дастлаб тўрт-беш чоғли кулолнинг бошини бир жойга жамлаб иш бошлаган корхонада  бугун юздан ортиқ маҳаллий ёш 300 турга яқин нафис ва бетакрор кулоллик буюмлари, кошин ва нақшлар тайёрлаш билан банд.

Кўргазма залидан ўрин олган тайёр буюмлар намуналари билан танишган киши оддий тупроқдан яратилган мўъжизалар қаршисида лол  қолади.  Баландлиги  2 метр 70 сантиметр  бўлган улкан кўза, диаметри 1 метр 20 сантиметр, бир вақтнинг ўзида 40 килограмм ош сиғадиган катта товоқ ва бошқа кулоллик намуналари ҳайрат ва ҳавасингизни оширади. Бу сопол буюмларни қўлга олиб чертсангиз, ундан таралган сеҳрли сас мисоли куйга айланиб, узоқ вақт қулоқларингиз остида жаранглаб туради.

— Дунё кулоллари жамланаётган фестивалга алоҳида ҳозирлик кўряпмиз, — дейди Равшанжон Тожиддинов. — Меҳмонлар маҳсулот тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади. Ҳар бир маҳсулотни яратиш кулолдан алоҳида меҳнат ва сабр талаб этади. Оддий коса тайёр ҳолга келгунча ўн икки бор қўлдан қўлга ўтади. Шу боис, бу ҳунар туфайли яратилган буюмлар беназир ва такрорланмас санъат асари сифатида қадрланади. Маҳсулотларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топиб бормоқда. Айни кунларда Исроил, Россия, Италия, Жанубий Корея ва яқин қўшни мамлакатларга маҳсулот экспорт қиляпмиз. Бўлиб ўтадиган кулоллар сайли халқаро алоқаларимизни янада кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, дунё кулоллари билан тажриба алмашиш имкониятини беради.

12 ёшидан сермашаққат ҳунар сир-асрорларини ўрганишга киришган Алишер  Назиров ҳам машҳур кулоллардан. Риштон кулоллигига боғлиқ кўплаб яхши  бошланмалар унинг  ижоди билан боғлиқ. Уста яратган лаган, шокоса, кўзача, хум, мевадон, қанддон каби сопол буюмлардаги услуб ва ранглар жозибасини кўриб, унинг ўз касбининг моҳир устаси эканига амин бўласиз. У 1998 йили Риштонда ёш кулол-усталар тайёрлаш мактабини очди ва ҳозирги кунгача маҳоратли кулоллар тайёрлашга ҳисса қўшиб келмоқда.

— Кулоллик деса, кўпчилик уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқни тушунади. Бу хато. Кулоллик мўъжизавий машғулот, — дейди  уста кулол. — Шогирд бўлиб юрган кезларим лойни қўлга олсам, устозим “Қани, аввал лойга салом беринг” деб, тупроқ-лойга ҳурмат билан муносабатда бўлишни, ҳалол-пок бўлиб иш бошлашни талаб қиларди. Бир муддат ривожланишдан тўхтаб қолаёзган Риштон кулоллиги яна гуллаб-яшнай бошлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Халқаро ҳунармандлар маркази усталаримиз ғайратига ғайрат қўшди. Кулоллик мактабидаги миллий анъаналар, ўзига хосликни сақлаб қолган ҳолда уни янада бойитиш йўлида самарали ишлар олиб борилмоқда.

                                               Тараддуд амаллари

Туркий халқлар ҳунармандчилиги форуми ва “Кулоллар сайли” миллий кулоллик маҳсулотлари кўргазма-савдосига пухта ҳозирлик кўрилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган янги устахона,  маҳаллаларда, хонадонларда зарур шароитлар яратилди, замонавий хизмат кўрсатиш тармоқлари ишга туширилди.

Тадбиркор Исломжон Орифжонов ташаббуси билан “Чинор плюс 2020” туристик мажмуаси қуриб битказилди. Лойиҳа қиймати 50 миллиард сўмни ташкил этди. Мажмуада меҳмонхона, ошхона, ҳаммом, ёзги ва қишки ҳовуз ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилди. Унга ёндош ҳудудда кулоллик маркази қад кўтармоқда. Бу ерда оддий хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб оладиган устахона  қурилиши  якунига етказилди.

— Бугунги кунда туманимиздаги  80 мингдан ортиқ  аҳоли кулоллик билан шуғулланади, — дейди туман ҳокими Субхонжон Солиев. — Халқаро форум ва кулоллар сайли Риштон кулоллик мактаби тарихида янги саҳифалар очади. Унда Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Озарбайжон, Россиядан вакиллар иштирок этади. Шунингдек, мамлакатимиздаги кулоллик мактаблари усталари ҳам таклиф этилган. Асосан сайл шаклида бўлиб ўтадиган анжуманда хорижий ва Ўзбекистон кулоллари ўз маҳсулотларини намойиш этади. Шу ерда савдо ярмаркаси ишлайди. Иштирокчилар Риштондаги кулоллар оиласи, уста-шогирд мактабларидаги маҳорат дарсларини кузатиш ва бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлишади. Форум арафасида “Анъанавий Риштон кулоллиги” китоби чоп этилди. Унда кулоллик тарихи ва бугуни ҳақида қизиқарли маълумотлар жамланган. Форумга туркий давлатлардаги соҳа олимларини ҳам таклиф этганмиз. Улар “Риштон кулоллиги: кеча, бугун, эртага” халқаро илмий-амалий конференциясида қатнашадилар.  

Бундай анжуманлар ота-боболаримизнинг сопол буюмлар ясаш анъанасининг унутилган жиҳатларини қайта тиклаш, оддий тупроқдан санъат асари яратиш йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар кундан кунга тараққий этиб боришига хизмат қилади.

                                                                     

Расулжон Камолов,

                                                             “Янги Ўзбекистон” мухбири

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий