Референдумда кузатувчилар қандай ҳуқуқларга эга, уларга нималар ман этилади?

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Гулноза Раҳимова билан референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида халқаро кузатувчиларнинг иштироки ҳақида суҳбат.  

— Референдумнинг миллий қонунчилик талабларига мувофиқ ўтишини кузатиб боришда кимлар кузатувчи сифатида иштирок эта олади? Халқаро кузатувчиларни таклиф этиш тартиблари қандай?  

— Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, референдум куни овоз бериш жойларида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга. Бу борадаги тартиблар “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 13 июлдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг референдумида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги Низомда мамлакатимиз референдумида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар фаолияти тартиби белгилаб қўйилган.  

Референдумга халқаро кузатувчиларни таклиф этиш сайлов жараёнларидаги тартибларга монанд. Яъни, референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан сўнг МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ўз ташаббусига кўра ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига кўра, референдумга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этиши мумкин.           Бундан ташқари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам референдумда кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиши мумкин. Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин тақдим этиши лозим.  

Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Аккредитация қилинган халқаро кузатувчиларнинг рўйхати МСКнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.  

Айни пайтда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) мамлакатимизда бўлиб ўтадиган референдумни кузатиш бўйича чекланган миссияси вакиллари аккредитациядан ўтказилди ва ўз ишини бошлади. Мазкур миссия референдумнинг ўтказилишини ЕХҲТ мажбуриятларига, демократик сайловларнинг бошқа халқаро стандартларига, шунингдек, миллий қонун ҳужжатлари қоидаларига мослиги нуқтаи назаридан баҳолайди. Бундан ташқари, миссия референдумни ўтказиш соҳасини яхшилашга доир аниқ тавсияларни таклиф этади.  

— Кузатувчилар қандай ҳуқуқларга эга?  

 — Дарҳақиқат, ушбу муҳим сиёсий жараёнда кузатувчилар институтининг иштирокига оид ҳуқуқлари қонунчилигимизда белгилаб қўйилган. Унга кўра, кузатувчилар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияларининг мажлисларида, референдум участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини кузатишлари мумкин. Шунингдек, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва овоз бериш қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олиниши, овоз бериш бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш ҳуқуқига эга.  

 Бундан ташқари, кузатувчилар референдумда овоз бериш жараёнлари тугаганидан сўнг овозларни санаб чиқишда ва референдум ўтказувчи участка комиссиясининг овоз бериш якунлари тўғрисидаги баённомасини тузишда ҳозир бўлиши мумкин. Овоз бериш натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли референдум ўтказувчи комиссия томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва олиш ҳуқуқларига эга. Агар референдумда қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, улар ўз кузатувлари тўғрисида референдум ўтказувчи юқори комиссияга маълум қилишлари мумкин.  

— Кузатувчиларга мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.  

— Албатта, қонунчилигимизда кузатувчиларга ман этиладиган ҳолатлар ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, улар овоз берувчи овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши, овоз берувчиларга таъсир ўтказиши, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиши мумкин эмас. Қолаверса, овоз берувчилардан улар қандай овоз берганликларини суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш ман этилади. Кузатувчилар, шунингдек, референдум ўтказувчи участка комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш чоғида аралашиши мумкин эмас.

 

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий