Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилади

 

Мамлакатимизда ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар давом этяпти. Бу жараёнда маъмурий ислоҳотларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини янгиланган талаблар ва тамойиллар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Фармонга мувофиқ, ислоҳотларнинг биринчи босқичи доирасида 2023 йил 1 январдан бошлаб республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантириш тўғрисидаги таклиф қабул қилинди.

Белгиланган тамойилга кўра, қўмита шаклидаги давлат органлари икки тоифага, яъни тегишли соҳа ичидаги тармоқ фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва тартибга солувчи ҳамда тизимдаги раҳбарий ишларни коллегиал асосда ташкил этадиган, шунингдек, вазирликнинг ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, алоҳида мақомга эга ҳамда бевосита Ўзбекистон Президенти ва (ёки) Вазирлар Маҳкамасига бўйсунадиган республика ижро этувчи ҳокимият органларига ажратилди.

Ижро этувчи ҳокимият органлари, жумладан, раҳбар лавозимлардаги кадрлар 30 фоизгача мақбуллаштирилмоқда. Республика ижро этувчи ҳокимияти органларининг вазифалари ҳам тартибга солиниб, камида 10 фоиз камайтирилади. Раҳбарлар фаолиятига фуқароларнинг таклифлари асосида тузатишлар киритиляпти, уларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги кучайтириляпти ва бошқа янгиликлар жорий этиляпти.

Мазкур фармонга биноан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси негизида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташкил этилиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг функциялари ҳам унинг зиммасига юклатилди.

Қўмитамизнинг 2022 йилдаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шундан 3 та қонун, Президентнинг 4 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 9 та қарори лойиҳалари ва  қўмитанинг 3 та идоравий ҳужжати тайёрланди.

Хусусан, қўмита томонидан халқаро экспертлар кўмагида тайёрланган янги “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланди.

Қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш (ex-ante) мақсадида вазирлик ва идоралар томонидан киритилган 451 та ҳужжат экспертизадан ўтказилган, уларнинг 49 фоизида рақобатни чекловчи нормалар аниқланган ва уларни чиқариб ташлаш бўйича хулосалар киритилган.

Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган амалдаги норматив-ҳуқуқий ва бошқа қабул қилинган ҳужжатлар (ex-post) рақобатга таъсирини баҳолаш мақсадида хатловдан ўтказилди. Бу жараёнда 76 та маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда 9 та давлат бошқаруви органининг ҳудудий бўлинмалари томонидан рақобатни чекловчи 521 та қарор ва ҳужжат қабул қилингани аниқланди ва уларни бекор қилиш бўйича чоралар кўрилди.

Амалдаги қонунга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишига қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлари инсофсиз рақобат деб баҳоланади.

Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан 633 та ҳолатда инсофсиз рақобат ҳолатлари аниқланиб, мазкур қонун бузилишларини бартараф этишга қаратилган кўрсатмалар берилди.

Рақобат муҳитида ўзининг бозордаги мавқеини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун тадбиркор доимий равишда ўз устида ишлашга — товар таннархини пасайтириш йўлларини излаш, инновацион ечимлар ва маркетингни жорий этиш, реклама қилишга мажбур бўлади. Шунинг учун амалиётда айрим тадбиркорлар рақобатдан кўра, ўзаро “тил бириктириб” ишлашни афзал кўради. Рақобатчилар томонидан нархларни ўзаро келишган ҳолда белгилаш, ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича келишувлар “картель келишуви” (тил бириктириш) деб номланади. Бундай ўзаро муносабатлар уларга “хуфиёна” тарзда устун равишда ҳаракатланиш имконини беради. Шу билан бирга, амалиётда бундай картель келишувлари яширин тарзда амалга оширилиши сабабли уларни аниқлаш ўта мурaккаб вазифа сифатида қолмоқда.

Товар, молия ва рақамли бозорларда юртимизда рақобат муҳитини баҳолаш, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражасини аниқлаш мақсадида қўмита томонидан 262 та товар ва хизматлар бозори таҳлил қилинди. Бу жараёнда цемент, минерал ўғит, электр ҳисоблагичлар, чинни-фаянс маҳсулотлар, суғурта хизматлари бозорлари, қўриқлаш, тадбиркорлик субъектларининг фискал маълумотларини солиқ тизими билан интегрaция қилиш, онлайн такси агрегаторлари хизматлари, табиий монополия субъектларининг монополлашган ёндош бозорларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Таҳлил натижалари бўйича 15 та товар ва молия бозорида етарлича рақобат шакллангани сабабли монополия ҳолатидан чиқарилгани, аксинча, 7 та шундай бозорда устун мавқега эга корхоналар мавжудлиги аниқланди. Умуман олганда, бугунги кунда рақобат етарли даражада ривожланмаган 97 та товар ва молия бозорида устун мавқега эга 85 та корхона ва шахслар гуруҳи фаолият юритмоқда.  

Сўнгги йилларда табиий монополия субъектлари сонини 151 тадан 129 тага қисқартиришга эришилди. 2022 йилда йирик давлат монополиялари, табиий монополия субъектларининг давлат реестрига киритилган 134 та хўжалик юритувчи субъектнинг 11 та хизмат тури бўйича фаолияти устидан мониторинг олиб борилди. Ушбу субъектларнинг 70 фоизи давлат иштирокидаги корхоналар, қолган қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши самарадорлиги ва ҳисобдорлигини оширган ҳолда, янги Ўзбекистонни барпо этиш, иқтисодий ўсиш, соғлом рақобат муҳитини ва тадбиркорларнинг бозорларга эркин киришини таъминлаш ҳамда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва аҳоли фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган ислоҳотларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишда давом этади. Бунда ихчам ва яхлит давлат бошқаруви тизимининг йўлга қўйилиши фаолиятимиз натижадорлигини таъминлашда етакчи кучга айланади.

Фаррух Қорабоев,

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий