Одамийлик диёри

 

Янги Тошкент шаҳри халқпарвар ва ижтимоий адолатли, саховатли ва қудратли бўй-басти билан намоён бўлади.

Куни кеча халқимиз катта орзу-умидлар, янгиланиш ва яшариш қудрати билан қутлуғ Наврўз айёмини кутиб олди. Эртага муқаддас Рамазон кунлари билан юзлашамиз. Бугун халқимиз яхши ниятлар билан шу улуғ ой тадоригини кўрмоқда.

Янгиланиш фаслини қут-барака билан бошладик. Эзгу ниятлар билан катта ишларга қўл урдик. Ҳозир шулар ҳақида ўйлаб, беихтиёр Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрами табригида “Азалдан “одамийлик диёри” деб шуҳрат қозонган Ватанимизда ҳар бир инсон халқимиз ва давлатимизнинг меҳри ва эътиборини тўла ҳис қилиб яшасин”, дея бағоят улуғвор мақсадни илгари сургани замирида буюк заминимиз маҳобати ва моҳиятини англагандек бўламиз.

Шу аснода, муборак кунлар арафасида бошланган Янги Тошкент шаҳри қурилиши ҳам тарихимизда бетакрор саҳифа очгани ва бу манзил ҳам ўзига хос одамийлик диёри сифатида бўй кўрсатишига умид ва ҳавас уйғонади.

Юртимизда бошланган оламшумул ўзгаришлардан руҳланиб, хаёлимизга шундай фикр келди: ҳар қандай давлат барқарор ривожланиши, тараққиёт йўлида собит одимлаши учун, аввало, ўша юрт кишилари қалбида фахрланиш ва қониқиш ҳисси улғайган бўлиши керак.

Бу ҳиснинг йўқолиши ва ёки қайта қувватланиши оқибатларини бугун нафақат юртдошларимиз, балки Ўзбекистондаги ижтимоийлашув ҳодисасини идрок қилган дунё ҳамжамияти ҳам яхши англаб турибди.

Ўтган замон: фахрланиш ва қониқиш ҳиссининг йўқолиши. Гапни тарихимизнинг яқин давридан бошласак. Ўзбекистонликлар ўз давлати билан фахрлана олмаган замонни кўрдик. Узоқ мамлакатлар одамларига-ку бизнинг юрт очиқ таниш эмасди, лекин қўшни давлатларга борсак ҳам, у ерда бизни биларди ва очиқчасига паст назар, камига ачиниш ҳисси билан қарарди. Муомала ҳам шунга яраша бўлган. Оқибат шу даражага етиб бордики, кўп ҳолларда уларнинг аравасига чиқиб, қўшиғини айтишга кўндик. Қандай бўлса ҳам пул топиб, рўзғорини тебратиш, боласини боқиш ташвишида юрган баъзи одамларимиз шунга мажбур эди-да.

Бу вазият, биринчидан, одамларнинг ўз юртига бегоналашувига олиб келди, иккинчидан, давлатга ишончсизлик ва меҳрсизлик кайфиятини пайдо қилиб, жамиятдаги ислоҳотлар оммалашмади. Шу тариқа мамлакат қиёфаси сезиларли ўзгармасдан қолаверди...

Бугунги замон: қувватланиш ҳоли. Ўзбекистон янги ислоҳотлар фонида Марказий Осиёдаги нуфузини бир-икки ой ичида тиклаб олишга эришди. Ҳа, биз йиллар демаяпмиз, кунлар, ойлар ўтгани сайин мамлакатимиз обрў-эътибори юксала борди.

Президент Шавкат Мирзиёев, энг аввало, қўшни давлатлар етакчилари билан самимий мулоқотни тиклади, чегаралар очилди, ички сиёсатда ҳам очиқлик йўли танланди. Оддий одамлар муносиб яшаши учун тўсиқ бўлиб келган “сунъий қопламалар” олиб ташланди.

Ўзбекистонда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошланди. Бу пайтгача бизнинг фуқаролар қўшни давлатлардаги қурилишларда меҳнат қилган ёки арзимас пулга бошқа ишлар билан шуғулланиб юрган бўлса, энди у мамлакат ёшлари Тошкентга келиб ишлаётгани ҳақида эшита бошладик.

Мамлакатимизда тараққиёт шиддат билан давом этаверди. Пировардида, одамларимиз онгида ишонч ошди, қалбида фахрланиш ва ҳаётдан розилик ҳисси кучга тўла бошлади. Ниҳоят, бизнинг заминда қудратли табиат қонуни яна ҳаётга қайтди, бу – қувватланиш ҳоли бўлди.

Биз нима учун бу ҳақда айтяпмиз? Гап шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 18 март куни Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйди. Киши тасаввурлари чексиз ва ҳадсиз бўлади. Унга бир сонияда дунёни жойлаш мумкин. Аммо Янги Тошкент ҳақидаги тасаввурларимиз ҳали тиниқлашмагани боис, бу фусункор манзилнинг бор бўй-басти ва у ерда яшаш иқболини кенг мушоҳада қилиб олмоқ жоизга ўхшайди.

ИККИ ДАРЁ ЮВАР КОКИЛИН...

Халқимизнинг ардоқли ва ҳассос шоири Ҳамид Олимжоннинг водийларни яёв кезиб, бир ажиб ҳислар билан ёзган “Ўзбекистон” шеъри ҳаммамизга ёд бўлиб кетган: Чиройлидир гўё ёш келин, Икки дарё ювар кокилин. Қорли тоғлар турар бошида, Гул водийлар яшнар қошида...

Орадан неча асрлар, давру давронлар ўтиб, бу сафар Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида яна бир кентга пойдевор қўйиляпти. Бу – Янги Тошкент шаҳри.

Давлатимиз раҳбари улуғ айём арафасида эзгу ниятлар билан қурилиши бошланган бу гўзал шаҳар жозибасини таърифлар экан, “Лойиҳа жуда мукаммал бўляпти. Нега десангиз, сизлар ҳам, биз ҳам беш йил олдинги одамлар эмасмиз. Бизнинг тажрибамиз ортди, сизларнинг ҳам талабларингиз ошди”, дея бежиз таъкидламади.

Шу ўринда, тажриба ва талаблар ортиши замирида қандай ҳаётий ҳақиқатлар мужассам эканига ҳам эътибор қаратиш адолатдан бўлади.

Кейинги даврда мамлакатимиз фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари амалда тикланди. Бунинг ёрқин далили сифатида пойтахт – Тошкент шаҳри бутун Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам очилганини айтиш мумкин. Қатъий ва ўзгармас режим сифатида кўрилган “прописка” тизими бекор бўлди. Натижада пойтахт аҳолиси сони кескин ошди. Ўз навбатида, шаҳарда кенг кўламда уй-жойлар, замонавий корхона ва иншоотлар қурилди. Боғча, мактаб, олий таълим ва тиббиёт муассасалари кўпайди. Жамоат транспортининг эски аҳволи тубдан янгиланди.

Экоинқирозли вазият билан ҳам тўқнаш келдик. Шунда биз боғлар яратиш, шаҳар ичи ва ташқарисини “яшил белбоғлар” билан ўраш қанчалик муҳимлигини тушундик. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини бошлаганимиз боиси ҳам шунда.

Яқинда Туркия ва Сурияда содир бўлган даҳшатли зилзиланинг фожиали оқибатлари барчамизни жиддий хулосалар чиқаришга ундайди. Яъни уй-жой, умуман, ҳар қандай иншоотни қуришда заррача эътиборсизлик ёки коррупцияга йўл қўйиш кечириб ва қайта тиклаб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрдик.

Шу қишда бўлган аномал совуқ тафсилотларини ҳали унутганимиз йўқ. Газ, свет, иссиқлик энергияси билан боғлиқ узилишлар катта талафот етказди, фожиалар бўлди. Бу ҳолат хорижлик инвесторларни ҳам ўйлантириб қўйди. Иқтисодиёт катта зарар кўрди. Шу каби табиий ва техноген вазиятлар бизнинг ҳаётий тажрибамизни ошириб бормоқда.

Аҳоли талаблари ҳақида айтсак, бугун уларнинг онгу тафаккури, ҳаётга, хусусан, бугунги ҳаётида муносиб яшашга бўлган қарашлари, орзу-умидлари ва режалари кескин ўзгарган.

Кечагина қишлоқларда, ҳатто вилоятлар маркази ва шаҳарларда бир кунда бир-икки соат электр энергияси берилганига рози эдик, чироқ икки-уч соат ёниб турса хурсанд бўлардик. Газ, тоза ичимлик сувининг келиши ҳақида ўйлашга ишончимиз етмасди. Бугун-чи? Олис тоғ қишлоғида бир соат чироқ ўчса, хабари ўша заҳоти азим пойтахтга етиб келади.

Ёки яна бир мисол. Яқин-яқингача бир амаллаб уй олиш ҳақида орзу қилардик. Янги Ўзбекистон муҳитида эса уйимиз замонавий бўлишини, комфорт шароитларда яшашни, метро, боғча, мактаб, поликлиника, бозор яқинлигини истаймиз. Албатта, халқимиз шунга ҳақли. Аслида, кенг тараққий этган, демократик тамойиллар ҳукмрон давлатларда 100 йиллардан буён вазият ва ҳаётга қарашлар шундай шаклланган.

Фақат айтмоқчимизки, биз бугун шундай фикрлаётганимизнинг ўзи Ўзбекистон юритаётган халқчил сиёсат ва инсон қадри учун йўлга қўйилган ислоҳотлар самараси эмасми?!

Бугун пойтахтимизда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллионга етгани айтилмоқда. Шу боис, шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд хонадонли кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор. Янги Тошкент халқимизнинг ана шу талаб ва эҳтиёжларини энг замонавий ва “хавфсиз шаҳар” тамойиллари асосида қондириш мақсадида бунёд этилаётгани таҳсинга лойиқдир.

Шу ўринда янги шаҳарнинг рақамлардаги жозибасини шарҳласак.

Биринчидан, мега лойиҳага кўра, 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун зарур шароит яратилади. Илк босқичда 60 минг аҳолига кўп қаватли уйлар қурилади. Уларга ҳар томонлама қулай бўлиши учун 20 та болалар боғчаси, 30 мактаб, 5 та оилавий поликлиника ва кўп тармоқли шифохона барпо этилади.

Иккинчидан, замонавий экологик транспорт тизими ташкил этилади. Автомобиллар учун 14 та замонавий туннел, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бўлади, метро ва электробуслар уйғунлигида ҳаракатланади, пиёдалар ва велосипедларнинг эркин юриши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда 100 минг автомобиль учун ер ости тураргоҳлари қурилади.

Учинчидан, “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси бошланади ва унинг доирасида 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилади. Ренессанс боғи, деб номланиши таклиф этилаётган мазкур ҳудудга 200 минг туп дарахт экилади.

Тўртинчидан, Янги Тошкент ва пойтахтимиз эҳтиёжини таъминлаш учун қуввати 2,400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станцияси барпо этилади. Улар Қибрай, Юқори Чирчиқ, Оҳангарон ва Бўкада жойлашади.

Бешинчидан, Марказий Осиёда илк бор “уч-генерация” станцияси қурилади. Бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилиб, ёзда эса совитилади.

Олтинчидан, юқори даромадли 200 минг иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT-парк, таълим ватиббиёт кластерлари ташкил этилади.

Еттинчидан, “Ўн беш дақиқалик шаҳар” тамойили жорий этилади. Шаҳарсозларимиз фикрича, бу тизимнинг қулайлиги шундаки, боғча, мактаб, поликлиника ва шунга ўхшаш бошқа муассасалар пиёда 15 дақиқалик масофада жойлашади. Бу шаҳарда транспорт оқимини камайтириш имконини беради, ўз навбатида, атрофда сокинлик ва экологик тоза муҳитни таъминлайди.

Эътибор беринг, Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, катта театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади. Шунингдек, босқичма-босқич давлат идоралари янги шаҳарга кўчирилади. Ўз навбатида, бу идораларнинг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилиб, Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айлантирилади.

Мутахассислар айтишича, шаҳар қурилишида “Яшиллик ва мовийлик” фалсафаси илгари сурилмоқда. Бу ўсимликлар ва сувнинг ўзаро уйғунлигида янги шаҳарни қамраб олиши демакдир. Шунингдек, шаҳарнинг 40-45 фоизлик ҳудуди яшил масканга бурканади, ҳар бир инсонга 12-15 метр/квадрат яшиллик тўғри келади. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан яхшироқ натижа ҳисобланади.

Янги Тошкент мана шу жиҳатлари билан ҳам Женева, Сингапур каби экологик мусаффо пойтахт шаҳарлар билан бемалол рақобатлаша олади.

МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ ТАРИХИЙ ТИМСОЛИ

Барча замонларда ҳам янги шаҳар қуриш осон бўлмаган. Қолаверса, бутун дунёда таҳликали муҳит ҳукм сураётган, экологик муаммолар, геосиёсий зиддиятлар авж олаётган, технологик ёндашувлар дам сайин ўзгариб бораётган шароитда, ва айниқса, янги шаҳарни нолдан барпо этишга бел боғлашнинг ўзи катта жасорат. Бундай қарорга келиш учун кучли сиёсий ирода билан бирга, давлатнинг ўзи юритаётган ислоҳотлари натижадорлигига катта ишончи талаб этилади. Бу ишонч келажак 100 йилликларга туташ бўлиши ҳам зарур. Шу маънода, Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тош қўйилиши тимсолида узоқ келажакда ҳам бахтли ҳаёт кафолатининг асосли замирини кўриш мумкин.

Энди яна бир гап. Президентимиз Янги Тошкент руҳи ўзбекона бўлиши керак, деди. Бизнинг заминда қадим замонлардан меъморчилик ва шаҳарсозлик анъаналари ривожланиб келган. Самарқанд, Бухоро, Хива, умуман, қарийб барча шаҳарларимизда неча асрлар аввал бунёд этилган иншоотлар сиру синоати, уларнинг табиий офатларга бардошлилиги ҳали-ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. Бу биринчи жиҳат.

Иккинчи жиҳат уларнинг фалсафаси ва маънавий қиёфасида. Боболаримиз қурдирган ҳар бир иншоот, у қайси асрга тегишли бўлмасин, моҳиятан эзгулик руҳи ва одамийлик мезонлари билан йўғрилган. Яна бир жиҳат шундаки, ота-боболаримиз бунёд этган қутлуғ масканларда ҳамиша ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий тараққиёт ва камолот уйғунлигига гувоҳ бўламиз. Уларнинг барчаси бирлашиб буюк ўзбек руҳини ташкил этадики, Президентимиз Янги Тошкент тимсолида ана шу ўлмас мерос ва қудратли анъаналар давомийлигини бугун яна қайта жилолантиришни ният қилган бўлса, не тонг.

Яна бир қувончли ҳолат. Янги Тошкент шаҳри Марказий Осиёнинг тарихий тимсоли бўлиши ҳам эътироф этилмоқда. Чунки азал-азалдан Ўзбекистон замини, хусусан, Тошкент илм-фан ва цивилизация маркази сифатида маълуму машҳур бўлган, қолаверса, ўтган асрларда бағрикенглик тамойиллари шаклланган, дўстлик алоқалари қадрланган оқибатли шаҳар, меҳр-мурувват, фаровонлик тимсоли сифатида ҳам танилган.

Шу маънода, янги бунёд этилаётган шаҳримиз Ўзбекистон заминида Учинчи Ренессанс ҳодисасининг тамал тоши сифатида ҳам бўй кўрсатишида тарихий ҳақиқат асослари борлигидан мужда беради.

Юқорида бугунги замонда янги шаҳар бунёд этиш осон эмаслиги ҳақида айтган эдик. Яна бир томони, у жуда катта маблағ талаб қилади. Лекин давлатимиз раҳбари Тошкентнинг бугунги ҳолати, юзага келаётган вазият ва пойтахт аҳолиси талабларидан келиб чиқиб мана шу қарорга келди.

Ўзбекистон барқарор иқтисодий юксалиш йўлида. Шундай экан, маблағ топилади, вақт эса тез ўтяпти, ҳадемай Янги Тошкентда яшаётган юртдошларимизнинг бахтиёр қиёфаси, қариндошларининг ҳаётдан розилигини кўриб, Ватанимизга меҳр-муҳаббатли ҳар бир инсон фахрланиб юришига ишончимиз комил. Ўшанда буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг “Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган биноларга боқинг”, деган пурмаъно гапини ёдга олишимизга ҳам шубҳа йўқ.

Дарвоқе, Янги Тошкент қурилишига тамал тош қўйилган кун яна бир ҳолга гувоҳ бўлдик. Юртимизга ёшлик ва яшариш қудрати қайтгандек туюлди гўё. Шу куни 20 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган миллий терма жамоамиз Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Ана шу тарихий ўйинни Президент Шавкат Мирзиёев стадионга ташриф буюриб кузатди. Давлатимиз раҳбари терма жамоамизни тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этди ва бош соврин – Осиё кубогини ёш қаҳрамонларимизга шахсан ўзи топширди.

Ҳозир бу воқеани эслаётганимиз ҳам бежиз эмас. Боиси, футболчиларимиз тимсолида фуқароларимизда, айниқса, ёшлар орасида аҳил жамоавий муҳит пайдо бўлаётганини кўрдик. Шунинг ўзи ҳам юртимизга, одамлар қалбига ёшлик ва яшариш қудрати қайтаётганини англатади, назаримизда.

Янги Тошкент фалсафаси бевосита ёшлар ҳаёти билан уйғун кўрилаётгани ҳам қувонарли, албатта. Бу, аввало, Президентимиз ташаббуси билан шаҳар қурилишида ёшларнинг ҳам фикрлари, орзу-умидлари, келажак режаларию мақсадлари инобатга олинганида ўз аксини топмоқда.

Жумладан, бу ерда технопарклар, IT-парклар, Янги Ўзбекистон университети, бошқа таълим муассасалари, маданий-маърифий масканлар ва бутун бошли Олимпия шаҳарчаси қурилиши ҳам ёш авлоднинг бугуни ва эртанги куни учун хизмат қилади.

Тез кунларда мамлакатимизда яна бир тарихий воқелик кутилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилиш арафасида турибмиз. Юртдошларимиз умумхалқ референдумига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Бош қонунимизнинг янги таҳририда ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шундай экан, халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш, бугуни ва эртаси фаровонлигини таъминлаш бош мақсадимиз ва асосий бурчимиз бўлиб қолаверади. Янги Тошкент шаҳри эса ана шу конституциявий тамойилнинг ҳаётдаги ифодаси сифатида қад ростлайди.

Шу ўринда тарихий тимсолнинг яна бир ҳикмати кўз олдимизда гавдаланади, бугун Қадимий Тошкент, Тошкент ва Янги Тошкент уйғунлашуви, улар бир-бирини инкор қилмаётгани замирида ҳам катта маъно мужассам, тарихга ҳурмат, аждодлар руҳига, қадриятлар бардавомлигига эҳтиром уҳдаси бор.

Салим Дониёров

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталарининг

бош муҳаррири

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий