Оқ пахтадаги “қора доғ” фожеаси такрорланмаслиги учун конституциявий асос яратилмоқда

 

Халқаро меҳнат ташкилоти расмий маълумотига кўра, 2021 йилда дунё бўйлаб 28 миллионга яқин одам мажбурий меҳнат қурбонига айланган. Уларнинг 11 миллионини аёллар, 4 миллионга яқинини болалар ташкил этган.

Узоққа бормай, бундан бир неча йил олдин мамлакатимиздаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни эсга олайлик. Яқин йилларгача ўқитувчилар, шифокорлар, умуман, ижтимоий соҳа ходимлари, ҳарбийлар, талабалар, энг аянчлиси, мактаб ўқувчиларининг мажбурий меҳнатга, айниқса, пахта йиғим-теримига жалб этилиши оддий ҳол эди.

Айнан шунинг учун узоқ йиллар оқ пахтамиз жаҳон ҳамжамияти олдида биз учун “қора доғ” бўлиб келди. Вазият шу даражага етиб бордики, мамлакатимиздаги ва хориждаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнатидан фойдаланилгани сабабли ўзбек пахтасига бойкот эълон қилиш бўйича петицияга имзо чекди.

Ушбу петиция БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа Иттифоқи ва пахта экспорти ҳамда тўқимачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган йирик компанияларга тақдим этилди. Натижада 2010 йилдан бошлаб “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ўзбек пахатасига бойкот эълон қилиб, уни сотиб олишдан воз кечди.

Ҳақли савол туғилади: педагог, тиббий ходимлар, талаба ва ўқувчиларни пахта териш ёки бошқа қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш ишларига, навбатчиликка мажбурий жалб этиш орқали биз нимага эришдик? Ҳеч нарсага. Фақат йўқотдик, холос. Ўқувчи ва талабаларни саводсиз қилдик. Жамият тараққиётига маъсул ўқитувчиларни, аҳоли саломатлигига ва миллат генофондига масъул соғлиқни сақлаш ходимларини барчага ҳашарчи қилдик.

Бу нафақат ижтимоий-иқтисодий аҳволимизга, балки миллатнинг ривожланишидаги узоқ муддатли йўқотишларига сабаб бўлди. Ниҳоят, янги Ўзбекистон шароитида мажбурий меҳнатни батамом тугатиш давлат сиёсатининг энг устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.

Болалар ўқишда, шифокор ва ўқитувчилар ишда бўлиши тўғри сиёсий қарор эди. Мажбурий меҳнатга чек қўйилиши ҳар бир ўзбекистонликнинг кундалик ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланиши натижасида ҳаёт сифати ошади.

Узоқ йиллик машаққатли меҳнат, мақсад сари собитқадамлик билан олға бориш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг саъй-ҳаракати, қишлоқ хўжалиги соҳасида инқилобий ислоҳотлар ўтказилиши, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексида жавобгарликнинг кучайтирилиши ва бошқа чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш ўз самарасини берди. 2022 йил 10 март куни “Cotton Campaign” коалицияси Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган 12 йиллик бойкотни бекор қилди.

Мажбурий ва болалар меҳнатининг тақиқланиши Конституцияда белгилаб қўйилиши ушбу сиёсий қарор абадий эканини кўрсатади. Бу борада, айниқса, баркамол авлод ривожига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши янги таҳрирдаги Бош қонунимизда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилмоқда.

Конституциямизга киритилаётган муҳим ўзгаришлардан бири айнан мажбурий меҳнат, хусусан, болалар мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам берилиши билан боғлиқ бўлмоқда. 44-моддага кўра, “Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”.

Албатта, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши Бош қонунимизда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилиши кўрсатилган сиёсий қатъиятдан ортга қайтилмасликни ифодалаб, ушбу соҳада эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлайди, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги - фарзандларимиз соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишиши учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишига тўсқинлик қилмайди. Мактабдан кейин ёки таътил даврида боланинг уй, оилавий ҳамда қишлоқ хўжалиги ишларида ота-онасига ёрдам бериши имконияти сақлаб қолинади.

Жорий йилнинг апрель ойидан кучга кирадиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Хулоса қилиб айтганда, ўзгараётган Конституциямизнинг ҳар бир нормаси барча аҳоли қатламлари манфаатларини инобатга олган, жамиятимизни янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бирлаштиридиган, мамлакатимиз тараққиётига кўп йиллар хизмат қиладиган мукаммал хуқуқий асос бўлади, деб айта оламиз.

Нодир Тилаволдиев,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий