Коррупцияга қарши кураш – Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши

 

Ўзбекистонда 7 йил олдин бошланган ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Замон билан ҳамнафас бўлиш, ижобий ўзгаришларга очиқлик, инсон қадрини таъминлаш каби тамойилларга асосланган қарорлар мамлакатнинг эртасини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнларга халқнинг тўғридан-тўғри жалб этилаётгани, ОАВ ва фуқаролик жамияти вакилларининг фаол иштироки туфайли жамиятнинг фаоллашётганидан дарак беради.

Бу жараён конституциявий ислоҳотлар мисолида яққол намоён бўлди. Янгиланаётган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган дастлабки даврда 150 минг, кейинчалик муҳокамалар давом эттирилгани натижасида 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. 

Ислоҳотларни барча йўналишлар мисолида кўришимиз мумкин. Ҳусусан, мамлакатимиздаги охирги йиллардаги ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз моделини яратмоқда.

Мазкур натижаларнинг асосий ижрочилари коррупцияга қарши курашишга масъул органлар, давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари ва кенг жамоатчилик ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганлигини таъкидлаб, бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кучайтириш зарурлиги, коррупция балосига қарши фақат давлат-ҳуқуқий чоралар билангина эмас, балки бутун жамият қарши курашмоғи кераклиги” қайд этилди.

Бундан ташқари, Давлат раҳбарининг ҳар йилги мурожаатномасида коррупция қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилиши, ушбу соҳада кўплаб қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши коррупцияга қарши курашиш масаласининг давлат сиёсати даражасида аҳамиятга эгалигини кўрсатиб бермоқда. 

2022 йилда коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим превентив механизмлар яратилганлиги, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим элементлари бўлиб хизмат қилди.

Биринчидан, 2022 йил охирида амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар орқали “қўл” бошқарувидан “автоматик” бошқарув тизимига ўтиш жараёни бошланди.

Хусусан, маъмурий ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви тизимининг энг муҳим бўғини – Вазирлар Маҳкамаси фаолияти такомиллаштирилди,  ижро этувчи ҳокимият янада ихчамлашиб, такрорланувчи функциялар тугатилди. Энг асосийси, бюрократия қисқартирилиб, маълум бир ташшаббусни илгари суриш учун  9 поғонали “рухсат олиш” амлиётидан воз кечилди.

Иккинчидан, Давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий муносабатларининг олдини олишга қаратилган превентив механизмлар яратилди.

Хусусан, Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди.

Шунингдек Давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича «E-Antikorrupsiya» лойиҳаси ишга туширилди.

Учинчидан, Давлат хизматларини кўрсатиш сифати яхшиланиб, ортиқча тартиб таомиллар қисқартирилди ҳамда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилди.

Жумладан, 73 турдаги ҳужжат ва маълумотларни аҳолидан талаб қилиниши бекор қилиниб, тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони
221 тадан 95 тага (43 %) қисқартирилди, 6 та лицензия ва рухсатноманинг
17 та талаб ва шартлари бекор қилинди.

Тўртинчидан, Рақамлаштириш орқали “инсон омили”ни камайтириш мақсадида барча соҳаларда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишлари янада ривожлантирилди. Хусусан,

“Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлар фаолиятини рақамлаштириш билан боғлиқ 369 та лойиҳалар амалга оширилди.

Ижтимоий соҳада “Электрон меҳнат дафтарчаси”, “Электрон соғлиқни сақлаш” тизими, “Олий таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими” (HEMIS), умумтаълим мактабларида “Электрон кундалик” тизими, нафақалар ва моддий ёрдам маблағларини ажратишда шаффофликни таъминлаш имконини берувчи “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизими;

Иқтисодий соҳада “Лицензия”, “Е-Аукцион”, "YERELEKTRON", “Шаффоф йўл”, “Шаффоф қурилиш”, “Агросубсидия”, “Давлат харидлари электрон тизими” ва бошқа ахборот тизимлари коррупция хавф-хатарларини камайтиришга самарали хизмат қилмоқда.

Бешинчидан, Коррупцияга қарши курашиш соҳасини такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида соҳага тааллуқли 13 та, шунингдек, бошқа соҳалардаги ислоҳотлар натижасида коррупция омилларини қисқартиришга қаратилган 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назоратини амалга ошириш йўналишида Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Олий Мажлис палаталари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари (манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ва бошқа) кўриб чиқиб маъқулланди.

Парламент фаолиятида парламент назорати институти алоҳида ўрин тутади. Бу борада Олий Мажлис Сенатининг Суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Агентлик билан биргаликда вилоятларда ҳудудий давлат органлари мансабдор шахсларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширган ишлари бўйича ахборотлари эшитилиб, натижалари бўйича Маҳаллий кенгашлар қарори қабул қилинди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан жойларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни доирасида солиқ тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди. “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларининг амалга оширилиши юзасидан Соғлиқни сақлаш ва Олий ва ўрта таълим вазирлиги, Солиқ идоралари тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан Давлат солиқ қўмитаси раҳбариятининг ҳисоботлари эшитилди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш бешта йўналиш бўйича белгиланган индикаторлардан бири сифатида “Коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги” йўналиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2022 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарорида масъул давлат органлари ва ташкилотлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш жараёнида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил экспертлар ва кенг жамоатчиликни фаол жалб қилиш чораларини кўриб бориш юклатилди.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Бутун республика миқёсида ҳар йили тизимли равишда Аксилкоррупция ҳафталиги ташкил этилмоқда. Ҳафталик доирасида халқаро форумлар, танловлар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари, вазирлик, идораларда очиқ эшиклар кунлари, пресс-турлар ташкил этилди. 

Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини бу жараёнга фаол жалб этиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида Агентлик буюртмасига асосан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 2 та мавзуда 500 млн сўмлик лойиҳалар амалга оширилди.

Шунингдек, халқаро ҳамкорлар билан биргаликда грант ва ижтимоий буюртмалар эълон қилиниб, мамлакатимизда фаолият юритаётган ННТлар билан ҳамкорликда 9 та лойиҳа учун 70 минг АҚШ доллари ажратилди.

Лойиҳалар натижасида аёллар ва ёшларнинг коррупцияга оид билимлари оширилди, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари учун қўлланмалар, аксилкоррупция комикслар тўплами, олий таълим муассасасида коворкинг маркази ташкил этилди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар коррупциянинг оқибатлари билан эмас, балки унинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилаётганлиги билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Давлат органлари фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали йўлга қўйиш, коррупцияга қарши ички назорат тизимларини жорий этиш, ОАВ эркинлигини таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш орқали камайтириш чораларини кўриш, давлат хизматчлиларининг малакасини ошириш борасидаги қилинаётган ишлар коррупциянинг олдини олишдаги муҳим превентив механизмлар бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, коррупция даражасини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларнинг рейтинг натижаларига кўра ҳам Ўзбекистонда бу борадаги ишларнинг ижобий томонга ўзгариб бораётганлигини тасдиқлайди.

Шу сабабдан ҳам коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириб, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчиликни ушбу иллатга қарши кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали кураш олиб боришга жалб этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.

 

Умида ТУХТАШЕВА,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари,

Юридик фанлари доктори, профессор

 

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий