Ижтимоий тармоқда тарқалган видео ҳусусида
Жорий йилнинг 01 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан, Қозоғистонда истиқомат қилувчи фуқаро томонидан тан жарохати етказиш қўрқитув тасвирланган видео тарқатилди.
Ушбу ҳолатга Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Элчихонаси ва Актау шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан ойдинлик киритилди.
Ҳолатга кўра Ўзбекистон фуқароси У.Р.А. ва Қозоғистон фуқароси Х.М.А. лар Мангистау вилояти Актау шаҳридаги қурилиш объектида ишлаган. Иш жараёнида ўзаро келишмовчилик чиқиши натижасида қўрқитув сўзлари жаҳл устида айтилгани маълум бўлди.
Видеодаги икки фуқаро билан бўлиб ўтган сўхбат чоғида улар Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида болаликдан бирга ўсган дўстлар эканлиги, бир-бирларига эътирозлари йўқ эканлиги ва ушбу видео уларнинг ижтимоий тармоқдаги умумий дўстлари томонидан кесиб олиниб хазил тариқасида тарқатилганлиги маълум бўлди.
Шуни эътиборга олиш лозимки, баъзи ижтимоий тармоқ администраторлари томонидан ўзларининг обуначиларини кўпайтириш мақсадида текширилмаган, асоссиз ва катта омма эътиборини қаратишга мўлжалланган видеоматериаллар тарқатилмоқда ва бу эса аҳоли ўртасида асоссиз ҳавотирга сабаб бўлмоқда.