Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сифатли таълимдан инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш сари

 

Шу йил 7 февралда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, иккита муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва ушбу Дастурни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори мазкур Қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб белгиланди. Марказ директори Акмал Саидов қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида.

– Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда жуда муҳимдир, – деди А.Саидов. – Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг ушбу соҳани ривожлантиришга доир навбатдаги янги Қарори башарият тарихида биринчи марта инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган нуфузли халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича 2022 йил 10 декабрда бошланган бутун дунё миқёсидаги кампания даврида қабул қилингани улкан аҳамиятга моликдир.

Қарор қуйидаги учта асосий мақсадга эришишга қаратилган:

биринчи асосий мақсад: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш;

иккинчи асосий мақсад: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижросини таъминлаш;

учинчи асосий мақсад: Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдан иборат.

Маълумки, 2011 йил 19 декабрда қабул қилинган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси БМТга аъзо давлатларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни таъминлаш ҳамда рағбатлантириш борасида муайян масъулият юклайди. Ҳозирга қадар 60 га яқин давлат, шу жумладан, Финландия, Германия, Корея Республикаси, Туркия, Озарбайжон мазкур Декларацияда назарда тутилган тавсиялар бўйича ўз Миллий дастурларини қабул қилган.

Эндиликда уларнинг сафидан Ўзбекистон ҳам муносиб ўрин эгаллади.

– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга эътиборнинг тарихи ва бугунги ҳолати ҳақида маълумот берсангиз.

– Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз борганда, аввало, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан айни соҳада муҳим ва изчил қадамлар қўйилганини таъкидлаш лозим. Биргина 2019 йилнинг ўзида айни йўналишда катта аҳамият касб этган иккита ҳужжат имзоланди.

Биринчи ҳужжат – Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонидир. Мазкур Фармон билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Концепцияда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали мамлакатимизда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўналишлари белгилаб берилди.

Иккинчи ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашлари томонидан 2019 йил 15 июлда қабул қилинган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастуридир. Миллий ҳаракатлар дастурининг ижроси юзасидан “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

Парламентимиз доирасида қабул қилинган Миллий ҳаракатлар дастури ва унинг ижроси юзасидан “Йўл харитаси”, биринчи навбатда, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга оширишга қаратилди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш мақсади назарда тутилди.

Бугунги кунда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси йиғилишларида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ва унинг “Йўл харитаси” ижроси бўйича ахборот мунтазам эшитиб борилмоқда.

“Йўл харитаси” 6 йўналишдан иборат бўлиб, 24 та бандда белгилаб берилган вазифаларни ўзида қамраган. Ўтган даврда ушбу ҳужжат ижроси доирасида, жумладан, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли орасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва унга риоя қилиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этилди.

Президент Қарорида кўзда тутилган иккинчи асосий мақсад, яъни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижросини таъминлаш мавзусига ҳам тўхталсангиз.

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва унинг «Йўл харитаси» Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган. Инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши, шубҳасиз, айни соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан, халқаро иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индексларда Ўзбекистонимиз мавқеи яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 мартда қабул қилинган “Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинган. Низомга мувофиқ, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигига оид ўқув дастури бўйича ўқув машғулоти материаллари электрон платформа орқали мустақил ўзлаштириб борилади ва ҳар уч йилда бир марта уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси баҳоланади.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 майдаги қарори билан 2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқлангани ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.

Энг муҳими, Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Тошкент давлат юридик университетининг мустақил фаолият олиб боришини таъминлаш, шунингдек, Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институти, Наманган, Самарқанд ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар амалда татбиқ этилмоқда.

Бунда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Д.Гарсия-Саян тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш кўламини тобора кенгайтириб боришга катта эътибор берилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Қарори Миллий стратегия доирасидаги барча чора-тадбирлар ижросини жадаллаштириш ва самарали якунига етказиш учун муҳим дастуриламалдир, деб ҳисоблайман.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишида қандай ўқув курслари ташкил қилинган?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 августда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори ижросига мухтасар тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Чунки айнан шу қарорга асосан Миллий марказ ҳузурида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимлари учун “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари” ташкил қилинган.

Хусусан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш бўйича “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули ишлаб чиқилди. Мазкур модул асосида 2020 йил ноябрь – 2021 йил январь ойларида 40 та вебинар ташкил этилиб, жами 400 нафардан ортиқ раҳбар ходимлар ўқитилди. Вебинарларга 9 нафар халқаро тоифадаги мутахассис жалб қилинди.

Ўзбекистон Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида Миллий марказ, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ташкил этилди. Бу машғулотларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 1 минг 200 нафар тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этди.

Ушбу ўқув курслари 2022 йил май ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тергов тармоқлари устидан назорат бўлими, ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими прокурорлари учун ташкил этилди. Унда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги офиси ҳамда Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси экспертларининг маърузалари ҳам тингланди.

Миллий марказда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишида олиб борилаётган илмий фаолиятнинг ҳолати қандай?

– 2021 йил 9 декабрда Миллий марказ, Бош прокуратура Академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университетини бирлаштирган Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро магистрлик дастури бўйича олий ўқув юртлари Консорциуми ташкил этилди. Бош прокуратура Академиясида “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ” магистратура йўналиши очилди.

Олий аттестация комиссиясининг қарори билан “Олий тоифали илмий ва илмий педагогик кадрлар рўйхати”га 12.00.13 – “Инсон ҳуқуқлари” (юриспруденция фанлари бўйича ҳуқуқ ва социология) мутахассислиги киритилди. Миллий марказда фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) даражаларини берувчи Илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда.

Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш борасида яна қандай амалий ишлар қилинган?

– Миллий марказ саъй-ҳаракатлари билан 2021 йил 10-11 декабрь кунлари гибрид форматда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида халқаро конференция ташкил этилган. Ушбу халқаро анжуман 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллигига бағишланган.

 Шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари: парламент аъзолари учун”, “Парламент ва барқарор ривожланиш мақсадлари” қўлланмалари ўзбек тилида нашр этилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тақдим этилди. Мамлактимизда илк бор Брайл алифбосида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг расмий матни нашр этилди.

Ўтган йил давомида Марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган 40 дан ортиқ амалий қўлланма, шарҳ ва услубий адабиётлар нашр этилди. Бу китоблар 80 дан зиёд давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига тарқатилди.

Бугунги кунда Миллий марказда инсон ҳуқуқлари соҳасида электрон курсларни жорий қилиш мақсадида электрон платформани ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Электрон платформада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича материаллар жойлаштирилади.

2020 йилдан буён «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар» мавзусидаги танловлар ўтказилмоқда. Президент Қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 июндан бошлаб  ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танловини ҳам ўтказамиз.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи механизмларнинг тавсияларини амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимларини ўқитиш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлигини ижобий баҳолаган.

Ҳисоботда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан Ўзбекистоннинг ҳамкорликда амалга оширган тадбирлари тўғрисида бир қатор маълумотлар қайд этилган. Жумладан:

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 200 нафарга яқин ходими Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қийноқларнинг олдини олиш бўйича халқаро мажбуриятларини амалга оширишга доир онлайн курсларда;

инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамияти институтларининг 22 нафар вакили ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда мониторинг уюштириш ва ҳисоботларни таёрлашнинг халқаро амалиёт ва стандартлари юзасидан ўқув-тренингда;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг 50 нафар вакили инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро механизмлар бўйича билимларни оширишга бағишланган вебинар ва тренингларда;

ногиронлиги бўлган шахслар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, тегишли давлат органлари ва БМТ агентликлари вакилларидан 50 нафари ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича қўшма дастур доирасида тренингларда иштирок этган.

– Президент Қарорининг биринчи бандида Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” Глобал форуми ўтказилганлиги таъкидланган. Шу ҳақда мухтасар тўхталсангиз.

– Мазкур Глобал форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида илгари сурилган. Шу асосда ўтган йилнинг 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ташкил этилди.

Глобал форумда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг оралиқ натижалари сарҳисоб қилинди. Бу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимоти ташкил этилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Глобал форумда 120 дан ортиқ халқаро эксперт ва 2 мингдан ортиқ миллий ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бўйича адабиётлар кўргазмасида инсон ҳуқуқлари таълимига бағишланган 250 га яқин номдаги мингдан зиёд китоб ва илмий журналлар намойиш этилди.

Жаҳоннинг турли университетлари етакчи профессор- ўқитувчилари томонидан мамлакатнинг барча ҳудудларидаги олий таълим муассасалари педагоглари, талабалари, давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, жами 7 мингдан ортиқ тингловчи учун “Иинсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарслари” ташкил қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги Янги Ўзбекистон сиёсати тўғрисида аҳолини ва халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди. Миллий ва жаҳон ахборот майдонларида 300 дан ортиқ ахборот ва ахборот-таҳлилий материаллар жойлаштирилди. Интернет ва ижтимоий тармоқларда Глобал форум материалларини кўришлар сони 250 мингдан ошди.

Глобал форумда Ўзбекистоннинг инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги сиёсати ва ташаббуслари, Янги Ўзбекистонда кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар юқори баҳоланди.

Глобал форумнинг Якуний ҳужжати – Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

– Суҳбатимиз бошида Президент Қарорида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини давом эттириш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланганини қайд этгандингиз. Бу борада нима ишлар қилинди?

– Бунда Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатларни муайян секторлар ва муаммоларга йўналтирилган кетма- кет босқичлардан иборат эканига эътибор қаратиш даркор. Хусусан:

биринчи босқич (2005-2009 йиллар) – бошланғич ва ўрта мактабларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим билан боғлиқ бўлган;

иккинчи босқич (2010-2014 йиллар) – олий таълим тизимида ҳамда ўқитувчилар ва мураббийлар, давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбийларни касбий тайёрлаш дастурида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга бағишланган;

учинчи босқич (2015-2019 йиллар) – эркин, мустақил ва плюралистик оммавий ахборот воситаларининг адолатни тарғиб қилиш, камситишларга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишдаги муҳим ролини эътироф этган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида ОАВ мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, 2020 йилдан 2024 йилга қадар Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ва ўқитишга йўналтирилган, инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берадиган тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда бу борадаги чора-тадбирларни самарали амалга оширишда Президентимизнинг 2021 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши муҳим дастуриламал бўлди.

Шу ҳужжат асосида халқаро шартномалар ва стандартлар нормаларини, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари, шунингдек, ўзбек жамиятининг тарихий, миллий ва маданий қадриятларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилганди. Мана, куни кеча Президент Қарори билан мазкур Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Миллий таълим дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидалари ва мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишга қаратилган. Унинг лойиҳаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари бўйича қўмитаси вакиллари ҳамда миллий экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари тасдиқлаган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури асосида:

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этилади;

терговга қадар текширув, суриштирув, тергов органлари ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслар доимий равишда ташкил этилади;

раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги бўйича ўқув курслари жорий қилинади;

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформа яратилади ва ушбу платформа орқали ўқув курслар ва семинар-тренингларни “онлайн” ўтказиш мумкин бўлади;

“Инсон ҳуқуқлари” туркумида қўлланма ва рисолалар чоп этилиб, шу асосда семинар-тренинглар ўтказилади;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар бурчаги” ташкил этилади. Унинг фонди доимий равишда халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари, соҳа бўйича ўқув, илмий-услубий ва халқаро нашрлар билан таъминлаб борилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорининг қабул қилиниши БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи доирасида белгиланган вазифалар мамлакатимиз томонидан тўлиқ амалга оширилишига, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кундалик ҳаётда уларга риоя қилиш бўйича зарур кўникма ва малакаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий