Хорижда ўқиган ўзбек жадид аёлларининг “айби” нима эди?

 

...Жоним азобда қолди. Юрагимни очиб сўзлайдиган кимсам йўқ. қалбимни қоғозга тўкиб солмоқчиман. Шу ниятда қўлимга қалам олдим. Меним виждоним пок эди. Мен берилиб, виждон билан меҳнат қилардим. аммо ҳеч қачон жиноят қилмаган эсам-да, мени яна қамоқхонага ташладилар. о, қанчалар азобда қолганимни билсалар эди... 1954 йилда яна юртимга қайтиб келдим ва урганчнинг қорамон қишлоғида ишлай бошладим... ...Матбуот — ижтимоий ҳаёт мактабидир! Матбуот — кишиларни олға ундовчи байроқ! Шундай экан, менинг нега газета ўқишим мумкин эмаслигини тушуна олмайман. она юртида нима бўлаётганидан бехабар киши унга қандай хизмат қила олади, ўз халқига қандай фойда келтира олади?”.

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи илмий ходими Баҳром Ирзаев ҳамроҳлигида ўзбек жадид хотин-қизларининг мақолалари ва мактублари билан танишар эканмиз, ўша суронли йилларда янги бир ҳаёт қуриш истагида катта йўлга отланган жадид боболаримиз сафидаги ўзбек аёллари қисмати ҳукмрон замоннинг шафқатсиз машинаси остида янчиб ташланганига гувоҳ бўламиз. Бироқ... уларнинг қисқа бўлса-да, ибратли қисмати биз учун ўлмас сабоқдир!

Она юртимиз, миллатимиз равнақи, илму маърифати йўлида жон берган боболаримиз ва момоларимиз номларини такрор-такрор тилга олган дақиқаларда уларнинг эзгу ғоялари қалбимизда тирилгани сайин ўзимиз ҳам ана шу буюк куч — Она Ватан шаъни, қадри учун илм олишимиз, курашишимиз, яшашимиз ва ижод қилишимиз кераклигини янада чуқурроқ англай бошлаймиз.

— Баҳром ака, манбалар билан танишаётган чоғимизда бир гапни таъкидлаб айтдингиз: “...Ўзбек жадид аёли Марям Султонмуродовадан большевиклар ниҳоятда ҳайиқар эди”. Жадид боболаримиз сафида туриб юрт ва миллат равнақи йўлида курашган ўзбек хотин-қизларининг замондошларидан устун жиҳатлари, фазилатлари қайси воқеликларда кўзга ташланади? Марямхоннинг “айби” нима эди?

— Аждодларимиз оналарга миллат эгаси сифатида қарашган. Ахир буюк инсонларни илм-маърифати юксак оналар етиштиради. Миллатимизда катта олима, шоира ва фақиҳа аёллар кўп бўлган. Жадид аёллар мавзуси эса алоҳида тадқиқотларни талаб қилади. Энг аввало, жадид боболаримиз ўша замон кишилари онгида хотин-қизларга бўлган алоҳида ҳурмат ва эҳтиром туйғусини уйғота билган. Улар миллат фарзандларини “қўли тўқмоқ, боши паҳмоқ” эзилган аёллар тарбиялашини истамаган. “Биз қизларимизга ўғил болалардан кам эътибор қаратмаслигимиз керак”лигини қайта-қайта таъкидлашган.

Шоҳи Зиндага борсангиз, Амир Темур даври мақбаралари ичида қабрларнинг энг кўпи аёлларга тегишли эканига гувоҳ бўласиз. Айниқса, тарихимизда хотин-қизлар номидаги мадрасалар кўп лигини айтм айсизми? Демак, зукко момоларимиз азалдан илм-фанга ҳомийлик қилишни ўзларига фахр деб билган. Ана шундай хотин-қизларимизнинг давомчилари сафидаги Марямхон Султонмуродова ҳам Германияда таҳсил олган. Ундан большевиклар чиндан ҳам ҳайиқишар эди. Чунки у хоразмлик ҳақгўй ва тараққийпарвар инсон Жуманиёз Султонмуродовнинг қизи бўлган. Жуманиёз Султонмуродов Ҳарбий трибунал раҳбари, Хоразм Халқ Республикаси Халқ комиссарлари Кенгаши раиси, Хоразм компартияси котиби лавозимларида ишлаган. Марям Султонмуродова 1919 йилда Тошкентдаги маориф мактаб гимназиясини тамомлагач, олий маълумот олиш мақсадида 1920-1921 йилларда Оренбург татар педагогика институтида ўқийди. 1921 йил ёзги таътилда Хоразмга келгач, Хоразм компартияси Марказий Кенгашида аввал адабий бўлимга, сўнг аёллар бўлимига раҳбарликка тайинл анади. Бироқ оғир тарихий шароит ва қийинчиликлар унга кўнглидагидек ишлаш имконини бермайди. Натижада 1922 йил июлда Тошкентга келиб, Ўрта Осиё давлат университетининг ишчи факультетига ҳужжат топширади. 1922 йил октябрида Марям Султонмуродова Бухоро ҳукумати томонидан Германияга ўқиш учун юборилаётган талабалар сафига киритилади. У 1924-1926 йиллар Дармштадт олий семинариясида таълим олади. 1926-1927 йилларда эса Берлин яқинида Потсдам шаҳридаги “Фрауншулле” мактабида амалиёт ўтади. 1927 йил ёзги таътил вақтида Хайринисо Мажидхонова билан бирга 29 июлдан 18 августгача Париж шаҳрида бўлади. Уларнинг Париж опера театри ошхонасида Аҳмад Наим ва Мустафо Чўқайлар билан 2-3 дақиқалик учрашуви кейинчалик қатағон этилиши учун асосий баҳона бўлганди. 1927 йил кузидан Марям Берлин шаҳрининг Веддинг туманидаги профессор Финкельштейннинг олти ойлик ҳамширалик курсини битириб, 1928 йил СССРга қайтган.

Марям Султонмуродова Ватанга келиши билан сўроқ, таъқиблар бошланиб кетди. Аввалига ҳеч жойдан иш беришмади. Фақат 1929 йил февраль ойида Германияда таълим олган Бадри Сайфулмулк ёрдамида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш комиссарлигига қарашли болалик ва оналикни асраш институтига ҳамшира бўлиб ишга киради. Марям 1929 йилнинг охирларида Асқар Аҳмадбеков билан оила қуриб, 1933 йилгача Каттақўрғонда яшаган. Эри қамоққа олингач, 1933 йил Тошкентга қайтиб, Ўрта Осиё давлат университетига ишга кирди. Бироқ 1934 йил яна ишсиз қолди.

Сўнг “Гулистон” журналига, 1936 йилдан аёлларнинг “Ёрқин турмуш” журналига адабий ходим бўлиб ишга кирди. Марям ўзбек матбуотида ўзининг олмон адабиётидан қилган таржималари ва аёлларнинг ўткир ижтимоий муаммоларига бағишланган мақолалари билан элга танила бошлади. 1937 йил 13 сентябрь куни Марям Султонмуродова Германияда ўқиган, “Туркис тон” жосуслик ташкилоти аъзоси деб, олти ойлик норасида қизи Анора билан қамоқхона азобларига гирифтор этилган. Жазо муддати тугагач ватанга қайтиб, Урганч тумани, Янгибозор фуқаролар йиғинида ҳамшира бўлиб иш бошлади. Бироқ унинг хурсандчилиги яна узоққа бормади. У 1949 йил 30 мартда қайта қамоққа олинди ва бу гал ҳам эски “жиноятлари” учун узоқ Краснояр ўлкасига сургун қилинди.

Марям Султонмуродова 1957 йил 2 августда СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси томонидан оқланди. Бироқ у тўлиқ оқланганидан кейин ҳам рўшнолик кўрмади. Таъқиб тўхтамади, севган соҳаси журналистика билан шуғулланиш у ёқда турсин, унинг матбуот саҳифаларини ўқишига ҳам тўсқинлик кўрсатилди.

Бу ҳақсизликлар ҳам Марямнинг иродасини синдира олмади, ўзини бир лаҳза бўлсин айбдор деб билмади. Ҳақиқатга ишонди, инсонийлигини йўқотмади. Бу билан шўролар тузумининг шармандали тарихида инсон матонати тимсоли сифатида қолди. Марям Султонмуродова қаламига мансуб “Меҳр кўзда”, “Кутилмаган бахт”, “Қалбим нидоси”, “Раҳмат десинлар”, “Мажнунтол”, “Карвонлар келганда”, “Бетамиз йигит” каби кўплаб мақола ва очерклар бу аёлнинг юксак иқтидоридан дарак беради.

— Чўлпоннинг 17 ёшли шогирди Матлуба Муҳаммад хонимнинг “Мудом Чорнинг қўлида кўп эзилган миллатим”, деган мисралар билан бошлангувчи шеъри ўша даврда шўролар мамлакатини ларзага солган экан. Бу шеър европа матбуотида қайта-қайта нашр этилгач, шўролар истеъдодли шоира таҳсил олаётган Москвадаги Ўзбек маориф институтини ёпган дейишади...

— Дарҳақиқат, бир шахсиятнинг исёнли овози бутун бир мамлакатга зарба берган. Сиз ҳозир Матлуба хонимнинг “Куртулуш йўлинда” номли шеърини ёдга олдингиз. Ушбу шеърни Саттор Жаббор немис тилига таржима қилгач, ушбу ўтли мисралар машҳур бўлиб кетади. “Шўролар қанчалик босим қилмасин, адабиётимиз Чўлпонларни етиштиришда давом этмоқда, миллатнинг орзу-мақсадлари шу фидойи қизнинг қалбидан отилиб чиқмоқда”, дейди фахр билан таржимон.

Матлуба Муҳаммад Марғилоннинг машҳур жадид муаллими Нурмуҳаммад Дадамуҳаммедовнинг қизи. У ўз замонасининг иқтидорли ёшларидан эди. Матлуба 1926 йилгача Қўқон билим юртида таҳсил олади. 1927 йил ўқишини Тошкентдаги аёллар билим юртига кўчириб, сўнг опаси Маҳбуба Дадамуҳаммедованинг изидан бориб Москвадаги Ўзбек маориф институтига ўқишга кирди. У ерда машҳур шоир Чўлпон, Боту, Шокир Сулаймонлардан шеърият сирларини ўрганди. Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон, Абдулҳай Тожиевлар суҳбатидан баҳраманд бўлди. Матлуба, айниқса, ўзбек талабаларининг маърифий кечаларида Чўлпоннинг ватанпарварлик мавзусидаги оташин шеърларини ўқиб, ўзи ҳам шу мавзуда шеърлар ёзиб жуда машҳур бўлиб кетган. Унинг бу шуҳрати шўро мамлакати чегараларидан чиқиб, Европа матбуотигача бориб етади. Ва бу “машҳурлик” туфайли Москвада “Комсомольская правда” газетасида унга қарши махсус мақола чоп этилган ва натижада у ўқишдан ҳайдалган. Кўп ўтмай Матлуба ариза ёзиб, ўзига қўйилган айбларнинг туҳмат эканлигини исботлаб, ўқишига тикланади. Бунга бир томондан Ўзбекистон ҳукуматининг аралашуви, иккинчи томондан, Матлубанинг Италия элчихонасига фуқаролик сўраб мурожаат этиши ҳам сабаб бўлган.

Совет ҳукумати Ўзбек маориф институтини ёпиб муаммога ечим топган эди гўё.

Матлубахон эса Тошкентга қайтмасдан Москвадаги мусиқа техникумига кириб ўқишини давом эттирган. 1929 йил Ленинград архитектура институти талабаси Восиқ Муҳаммедов билан танишади. 1933 йил Тошкентга келган Восиқ Муҳаммедов Матлубага уйланади. Восиқ Муҳаммедов (1905-1938) ўз вақтида Мунавварқорининг “Намуна” мактаби ифтихори, Фитратнинг “Чиғатой гурунги” иштирокчиси, “Кўмак” уюшмасининг фаолларидан эди. У ўз замонасининг тенгсиз йигитларидан бўлган. Восиқ Муҳаммедов ва гўзал Матлубахон ҳаётларининг энг ширин дамларига ҳам Сталин бошлиқ тоталитар тузум ўзининг жирканч панжасини солди. 1937 йил 17 декабрь куни қамоққа олинган Восиқ Муҳаммедов 1938 йил 5 октябрь куни отиб ташланган. 1938 йил 17 январь куни Тошкент тиббиёт институтининг 3-босқич талабаси Матлуба Муҳаммад ҳам қамоққа олинади. 19 январь куни илк сўроқда у турмуш ўртоғининг давлат ва халқ олдида ҳеч қандай айби йўқлигини баён қилди. 1938 йил 21 февралда иккинчи сўроқда опаси Маҳбуба ва унинг турмуш ўртоғи, Германияда таҳсил олиб қайтган кимёгар олим Саттор Жаб борнинг ҳам айбсизлигини таъкидлаган. Бироқ қўйилган бирорта айбловнинг исботланмаганига қарамай, 1938 йил 17 май куни Тошкент вилоят суди томонидан Матлуба Муҳаммедова 10 йилга қамоққа ҳукм этилди. У ноҳақ жазони совуқ Сибирнинг Усольский лагерида ўтади. 1940 йил 26 февралда Матлуба Муҳаммедованинг аризаси қайта кўрилиб, у оқланишга эришди. Ватанга қайтгач, уруш йилларида Тиббиёт институтини тугатди. 1937 йил архитектура институтида талабалик йилларида қамалиб кетган укаси Фатхулла урушдан сўнг Воркутадаги қамоқхонадан оғир аҳволда қайтади. Матлуба укаси учун Наманганга бориб яшаб, уни даволайди. Фақат Сталин вафотидан сўнггина улар Тошкентга қайтиб келадилар. Матлуба Муҳаммад кўп йиллар халқ саломатлиги йўлида ҳалол меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. Бир пайтлар Ватан ишқида, истиқлол орзусида оташин шеърлар битган Матлуба Муҳаммедова Ўзбекистоннинг мустақилликка эришганини ўз кўзлари билан кўрди. Жиянларининг хотирлашича, миллат ҳурлиги, мамлакат мустақиллиги эълон қилинган кунларда чексиз қувонч ёшларини тўккан экан.

Матлуба Муҳаммедова 1998 йили Тошкент шаҳрида оламдан ўтган.

— Хорижда ўқиб келган қизлар нафақат жадидлар фалсафасига, балки ташқи қиёфасига ҳам таъсир кўрсатиб, ҳатто европаликларга ўхшаб кийина бошлашган экан. Айниқса, германиядан ўқишдан қайтган, дунёқарашида катта ўзгаришлар рўй берган йигит-қизларнинг хатти-ҳаракатлари барчанинг диққат-марказида бўлган. Шу ўринда жадид аёлларимиз қисқа вақт ичида амалга ошириб улгурган янги лойиҳалар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...

— Ўша даврда қадимчилар ва анъанавий одатларга янгилик киритадиганлар ўртасида тортишув ва муҳокамалар кўп бўлган. Табиийки, бу жараёнда қадимчилар кўпчиликни ташкил қилган. Кийиниш масаласидаги эътирозлар, газетанинг бидъат экани ҳақидаги тарғиботлар, театр ни тақиқлаш, турмуш тарзидаги янгича яшаш имконларини рад этиш, ҳатто суннатда йўқ деб таомни қошиқ билан тановул қилишга ҳам қарши фикрлар билдиришлар кун ўтгани сайин жиддий баҳсу мунозараларга сабаб бўлгани ҳақиқат...

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: жадидларимиз Германияга борганида кетмон чопиб деҳқончилик қилаётган халқ вакили сифатида у ердаги техник янгиликлардан ҳайратланиши табиий эмасмиди?..

У пайт ларда ёрғучоқда ёки сув тегирмонида ун қилиб юрган, жувозларда ишлаб юрган халқимизнинг бу вакиллари Европадаги улкан кемаларни, завод ва фабрикаларни, осмонда учаётган учоқларни, поездларни кўриб жуда катта ҳодиса сифатида қарашган. Бу янгиликларнинг барчаси жадидлар дунёқарашида инқилоб ясайди ва бу ажабтовур воқеликларни ўз мақолаларида ёзиб тарғиб этгани табиий ҳол. Ўз юртларида ҳам шундай ўзгаришлар бўлишини жуда-жуда исташган. Ўзлари фаолият юритаётган ҳар бир соҳага янги нафас олиб киришга бел боғлашган. Ўз мақолаларини жаҳон матбуотида чоп эттиришади. Ўзларидан олдин хорижга бориб, тараққиёт шабадаларидан баҳраманд бўлган Беҳбудий ва Исхоқхон тўра Ибрат кабиларнинг гаплари ёлғон эмаслигига амин бўлишади.

Жадидлар руҳиятидаги ўзгариш ва янгиланишлар эса ўз-ўзидан ўша давр ёшларида ҳам рағбат уйғотади. Юксалиш учун албатта, илм-фан тараққиёти, фикр ривожи зарурлигини ҳис қилган жадидлар қўрқмай ҳаракат қила бошлаган.

Жонларини хатарга қўйиб бўлса-да, Европага яқинлашиш тарафдори эди улар.

— Муҳими, жадидлар ўзлари фаолият олиб борган соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошира бошладилар. Жумладан, Хайринисо Мажидхонованинг германиядан қайтиб келибоқ чекка қишлоқларда болалар кўригини ташкил қилиши, тиббиёт борасидаги янги даволаш усуллари кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган экан. Биринчи ҳуқуқшунос аёл Дилоро Юсупова эса ўзбек ҳуқуқшунослик мактабига асос солган зиёлилар сафидаги биринчи ўзбек аёли эди. Шундай эмасми?

— 1922 йилнинг кузида Германияга таҳсил олиш учун Туркистон Республикаси “Кўмак” жамияти томонидан йўлланган 16 нафар талаба орасида Хайринисо Мажидх онова алоҳида ажралиб туради.

Қизлар учун оддий мактабга қатнашнинг ўзи жиддий қаршиликка учраб турган бир вақтда уларнинг таҳсил учун узоқ хорижга йўл олиши зиё лилар томонидан улкан жасорат сифатида баҳоланади. Ҳатто, ёш шоир Боту Хайринисонинг Германияга кетаётгани муносабати билан “Эҳтиёт бўл, гўзал қуш” деган шеър битади.

Хайринисо дастлаб Мирободдаги янги мактабда таҳсил олиб, рус ва немис тилларини ўрганган. Унинг дунёқараши шаклланишида Туркистон жадид матбуотининг, шунингдек, бу вақтда биринчи ўзбек хотин-қизлар билим юртида ўқиётган опаси Ойпошшахоннинг ҳам таъсири катта бўлган. 1922 йили “Туркистон” газетасида чоп этилган Хайринисо Мажидхонованинг мақоласида эндигина 17 ёшни қаршилаган қизнинг Ватан истиқболи ҳақидаги орзу-истаклари ўрин олган. Мақолани ўқир экансиз, энг аввало, ўтган асрнинг бошида яшаган бир ўзбек қизининг тафаккури нақадар кенглиги, Ватан тақдири олдида ўзини қанчалик дахлдор сезиши кўпчиликни ҳайратга солиши табиий. Муаллиф “Туркистоннинг дунё савдо майдонида тутқон вазияти XVII асрдан бери тубан даражада қолиб келди... XX асрнинг бошида ҳам қўшнимиз бўлган Эрон халқи сиёсий фикрлар билан суғорилиб, ўз элида саноат турғизиш ва четларнинг таъсиридан қутулиш йўлида қон тўккан муддатда бизнинг Туркис тон тинч ухламоқда эди... Фақат Руссиядан темир йўл келиб, савдо майдони кенгайди... Бундан очиқ англашиладирки, бизнинг мозийимизни порлоқ қилғон — элимиздан ўтган карвон йўли бўлса, истиқболимизни порлоқ қилғучи, элимизни жаҳон савдо майдониға тутошдирғувчи улуғ темир йўлдир. Улар бизнинг савдомизни кенгайтур, бизга бойлиқ ва ободлиқ берур ва ўзимизга катта саноат турғазишга имкон очар”.

Хайринисо Мажидхонова 1923-1924 йилларда Берлинда “Хорижликлар учун немис тилини ўрганиш” мактабида ўқиб, ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатнома олади. 1924-1926 йилларда Дармштадтдаги ўқитувчилар семинариясида немис тили ва адабиёти йўналишида ўқийди.

Сўнг икки йил амалиётни Берлин шаҳридаги ўқув муассасаларида ўтаб, ўрта махсус маълумот олгани тўғрисидаги дипломни қўлга киритади. У Берлинда педагогик амалиёт билан бирга машҳур доктор Феккельманнинг тиббиёт ходимларини тайёрловчи хусусий мактабида ҳам таҳсил олган. Хайринисо Мажидхонова 1928 йили юртимизга қайтиб, тиббиёт соҳасида ўрганган барча янгиликларни ҳаётга жорий қилишга бор куч-қуввати билан киришади. Ҳатто олис қишлоқлардаги болалар саломатлигини ўйлаб ташкил этган болалар кўриги кўплаб юртдошларимиз эътирофига сазовор бўлган. Бироқ буюк мақсадлар йўлидан бораётган Хайринисо Мажидхонова навқирон 32 ёшида тоталитар тузумнинг қонли қатағони гирдобига тортилди. 1937 йилнинг 13 сентябрида “1922-1928 йилларда Германияда ўқиган ва 1928 йил СССР ҳудудига жосус сифатида қайтган”, деган сохта айблов билан қамоққа олинган. 1938 йилнинг 9 октябрида ўтказилган машъум “Учлик” суди қўйилган айбларнинг ҳеч бири исботланмаганига қарамай, унга ўлим жазосини белгилади.

Ҳукм ўша куни ижро этилган.

Биринчи ўзбек аёл ҳуқуқшуноси Дилоро Юсупова эса отаси Собиржон Юсупов билан бирга миллатимиз ҳуқуқшуносларининг биринчи мактабини яратишда жонбоз лик кўрсатгани билан тарихимизда ўчмас из қолдирди. Дилоро Юсупованинг ҳаёти отасининг сиёсий қараши туфайли таъқиб ва қувғинларда кечди. У 1922 йил жуда ёшлигига қарамай Бухоро Халқ Жумҳурияти томонидан Москвага ўқишга юборилган. У ерда Ўзбек Маориф институти қошида таълим олади. 1926 йилда Дилоро Юсупова Тошкент комсомолининг округ қўмитасида иш бошлади.

Айни пайтда Ўрта Осиё давлат университети (САГУ)нинг суд бўлимига ўқишга кириб, 1929 йилгача таҳсилни давом эттиради. Дилоро 1929 йил институтни битириб, Самарқандга йўлланма билан ишга юборилган. У ерда бир йил давомида Сув хўжалиги бошқармасида ишлади.

Дилоро Юсупова Самарқандда Москвадалигидаёқ танишган, бу вақтда ЎзССР Олий суди судяси бўлган наманганлик Муҳаммаджон Мўминов (1903-1938) билан турмуш қурган. Муҳаммаджон 1928 йил сўнгг ида “Мамлакатнинг бошқарув тизимида Прокурор назорати” мавзусида ёзган дип лом ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, университетни қизил диплом билан битирган. У 1929 йил Самарқандга келиб, Ўзбекистон Олий суди коллегияси аъзоси бўлди. 1931 йилдан ЎзССР Юститция халқ комиссарлигида бўлим мудири, 1932-1935 йилларда социалистик қурилиш ва ҳуқуқ илмий-текшириш институти директори бўлди. Кейинроқ М.Мўминов ташаббуси билан худди шу институт базасида юридик институт ташкил этилди.

Унинг ғайрат-шижоати билан қисқа вақтда кўплаб юридик луғат, журнал, китоблар чиқарилди. Айниқса, 1932 йил “На фронте теории государства и права” китоби нашрдан чиқиши катта шов-шувга сабаб бўлган экан. Дилоро Юсупова дастлаб, Муҳаммаджоннинг тавсияси билан аспирантурага тайёрланди. Улар 1931 йил Тошкентга кўчиб келгач, Совет ҳуқуқи илмий-текшириш институтига ўқишга кирди. 1934 йил декабрь ойида институтни битириш имтиҳонларини топширгач, йўлланма билан Республика Прокуратурасига ишга юборилган. Дилоро синов муддатидан сўнг 1935 йилдан Ўзбекистон Республикаси Прокурори ёрдамчиси лавозимига тайинланади. Ёш оила бахтдан сармаст эди. Ишдаги зиддиятлар, ҳасадгўй кимсаларнинг бўҳтонларига қарамай, улар ҳар куни янги-янги ғоялар, асарлар устида баҳслашарди. Уларнинг бағрида фарзандлари Марат ва Сурайё улғаяди. 1937 йил 29 март куни тун алламаҳалида Уездной кўчаси 11-уй эшигини номаълум нусхалар тақиллатишди. Қўлида ордерини кўрсатиб, М.Мўминовни “Қора қарға”га жойлаб кетдилар. 1937 йил 22 сентябрь куни “халқ душмани” Муҳаммаджон Мўминовнинг хотини, эрининг троцкийчилигини, аксилинқилобий фаолиятини яширган деб 25 ёшли прокурор ёрдамчиси Дилоро Юсуповани ҳам ҳибсга олишган. Унинг 6 ёшли ўғли Марат ҳамда 4 ёшли қизи Сурайё болалар уйига йўлланди. 1938 йил 4 октябрда Муҳаммаджон Мўминов 1927 йил Москвада бўлган намойиш раҳбарларидан деган бўҳтон билан отиб ташланди. Шундан сўнг 1939 йил 14 март куни Дилоро Юсупова иши кўрилиб, ЎзССР ЖК 68-моддасида кўзда тутилган жиноят аломатлари топилмади, деган хулоса билан жиноят иши тўхтатилган. 1939 йил 19 март куни ундан тергов вақтида қўлланган қийноқ ва сўроқлар ҳақида ҳеч қачон гапирмаслик ҳақида тилхат олиб, қамоқдан бўшатишган. 1956 йил 2 июнь куни сўроқда ҳуқуқшунос олима Хадича Сулаймонова устози Муҳаммаджон Мўминов ва Дилоро Юсупова ҳақида шундай дейди: “Мен 1932-1935 йиллар совет ҳуқуқи инстутида ўқиганимда у киши директор эди. М.Мўминовнинг маърузаларини ҳамма севиб тингларди. У ўз вақтида ягона олий маълумотли ўзбек юристи, ҳақиқий олим эди.

Тенгсиз иқтидор соҳибига ва унинг ғоят билимли ва истеъдодли турмуш ўртоғига ҳаёт осон кечмади. Уларнинг ғайрати, илми ҳамиша бошқаларнинг ҳасадига сабаб бўлаверарди. М.Мўминов ва Дилоро Юсуповалар мамлакатимиз учун зарур миллий юристлар армиясини етказиб бера олди, ўзларидан кейин бутун бир ўзбек юристлари мактабини қолдирди”.

Бу ерда ўзбек илм-фани, эл-юрт фаровонлиги йўлида жонбозлик кўрсатган бир неча аёл зиёлиларимиз ҳақида тўхталдик, холос. Улар аслида кўп, анча кўп эди. Афсуски, собиқ тузум қатағонига учраган жадид боболаримиз билан елкама-елка туриб фидойилик кўрсатган бундай жадид аёлларимиз ҳақида ҳали деярли ҳеч нарса билмаймиз. Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан миллий тарихимизнинг муҳим бир қисми бўлган жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндаларини ўрганишга, тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Демак, яқин йилларда бу борадаги барча ҳақиқатлар ойдинлашиб, адолат қарор топишига ишонамиз.

 

“Янги Ўзбекистон” мухбири суҳбатлашди.

 

 

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий