“Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик”

 Барқарор ривожланиш мақсадлари нима учун ушбу тамойилга асосланади?

БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш”ни ўз зиммасига олган.

Бу борада, айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда.

Мазкур масала Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб келяпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида Ўзбекистонда мазкур миллий мақсад ва вазифаларни самарали амалга ошириш йўллари белгилаб берилган.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида минтақавий ва глобал миқёсда тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби долзарб масалалар юзасидан бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

“Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилиш ҳақидаги таклифи эса мазкур халқаро ташкилотнинг 2020 йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган саммитида бир овоздан маъқулланди. Бу минтақа ва дунё ҳамжамияти олдида турган муаммолар ечими борасида Ўзбекистон ташаббуслари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани, улар асосида халқаро ташкилотларнинг норматив ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётганининг яна бир тасдиғи ҳисобланади.

Умуман олганда, Барқарор ривожланиш деганда нима тушунилади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги директори ўринбосари Зоҳиджон ЗИЯЕВ билан суҳбатимиз шундай савол билан бошланди. — Барқарор ривожланиш — айни пайтда умргузаронлик қилаётган инсонлар эҳтиёжларини қондиришда келажак авлодга зарар етказмасдан тараққий этиш дегани. Ёки бошқача айтганда, ҳозирги фаолият ва замонавий жамият эҳтиёжларини қондиришда келажак авлодларга зарар етказмайдиган, балки улар ўртасида мувозанатни таъминлайдиган тараққиётга эришишдир.

Барқарор ривожланиш (инглизча — sustainable development), шунингдек, уйғун ривожланиш, мувозанатли ривожланиш иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар жараёни бўлиб, унда табиий ресурслар, инвестиция, илмий ва технологик тараққиёт йўналишлари, шахсий ривожланиш ва институционал ўзгаришлар бир-бири билан мувофиқлаштирилади ҳамда инсон эҳтиёжлари, интилишларини қондириш учун ҳозирги ва келажакдаги салоҳиятни мустаҳкамлайди. Қолаверса, барқарор ривожланиш деганда, кўп жиҳатдан одамлар ҳаёти сифатини таъминлаш тушунилади.

БМТ барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий ғояси — ҳеч кимни ортда қолдирмаслик. Айнан шу боис, камбағалликни йўқотиш масалаларида, биринчи навбатда, инсон капиталига эътибор қаратиш зарур. Бугунги кунда инсонни муҳтожлик ҳолатидан олиб чиқишнинг ўзи етарли бўлмай қолди. Ижтимоий ҳимоя шунчаки қўллаб-қувватлаш эмас, имкониятларни кенгайтиришга йўналтирилиши лозим.

Бундай ёндашув олға ҳаракатланишга ёрдам беради.

— Дунё ҳамжамияти томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қарор қабул қилинишида Минг йиллик ривожланиш дастури қандай ўрин тутади?

— Энг аввало, Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосида Минг йиллик ривожланиш мақсадлари бўйича эришилган ютуқлар ётади ва қашшоқликнинг барча кўринишларига барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришни назарда тутади.

Минг йиллик ривожланиш мақсадлари дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидаги ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яхшилаш орқали тараққиётни жадаллаштиришга қаратилган, БМТга аъзо 193 давлат томонидан 2000 йилда 23 та халқаро ташкилот иштирокида 2015 йилга келиб эришилиши келишиб олинган саккизта халқаро ривожланиш дастурини ўз ичига олади. Булар қашшоқлик ва очарчиликка барҳам бериш, умумий бошланғич таълимни таъминлаш, гендер тенглигини тарғиб қилиш ва аёллар имкониятларини кенгайтириш, болалар ўлимини камайтириш, оналар саломатлигини яхшилаш, ОИВ/ ОИТС, безгак ва бошқа касаллик ларга қарши кураш, экологик барқарорликни таъминлаш, ривожланиш учун глобал ҳамкорликни шакллантиришдан иборат.

Ушбу мақсадлар 2000 йилда бўлиб ўтган Минг йиллик саммитида расман белгилаб қўйилди, унда иштирок этган барча давлатлар раҳбарлари БМТнинг Минг йиллик декларациясини қабул қилди ва ижросини таъминлашга киришди.

БМТ Бош котиби томонидан мазкур ташкилотнинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2015 йилда бўлиб ўтган юқори даражадаги мажлисида дунёнинг барча минтақалари ва мамлакатларида саккизта мақсадни амалга ошириш якуний натижалари жамланган ҳисоботи тақдим этилди. Унда қайд этилишича, глобал миқёсда ўта қашшоқликда яшовчи одамлар сони икки бараварга қисқариб, агар 1990 йилда 1,9 миллиард киши шундай шароитда яшаган бўлса, 2015 йилга келиб улар 836 миллион нафарни ташкил этган.

Минг йиллик ривожланиш мақсадлари дастурини қабул қилган мамлакатлар унинг муваффақиятини, шу билан бирга, унинг узвий давоми бўлган янги кун тартибини қабул қилиш зарурлигини инобатга олган ҳолда, тузилган ишчи гуруҳнинг кўп йиллик таҳлиллари асосида юзага келган “Дунёмизни ўзгартириш: 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартиби” номли якуний ҳужжат бўйича келишувга эришди. Мазкур янги кун тартиби 2015 йил сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 70-сессиясида қабул қилинди.

Бу резолюция принципиал жиҳатдан янги глобал мажбурият ҳисобланади. Унда Барқарор ривожланишнинг 17 мақсади ва унга эришишнинг 169 вазифаси кенг миқёсли масалалар, яъни одамлар соғлиғи ва фаровонлигидан то иқлим ўзгаришларигача, гендер тенглигидан тортиб истеъмол ва ишлаб чиқариш моделлари ўзгаришларигача бўлган жараёнларни қамраб олган.

— Глобал миқёсда 17 та барқарор ривожланиш мақсадлари тасдиқланган, Ўзбекистонда эса уларнинг 16 таси қабул қилинган. Бунинг сабаби нимада?

— Юқорида қайд этилган резолюцияга мувофиқ, 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги белгиланган мақсадларга эришиш учун дунёдаги ҳар бир давлат географик жойлашуви, имкониятлари ва тараққиёт даражасини ҳисобга олган ҳолда, ўзининг миллий мақсадлари ва уларга эришиш стратегиясини белгилаб олган.

Ўзбекистонда ҳам “2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби”ни амалга оширишнинг аниқ механизмини шакллантириш ва уларга

эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир глобал мақсад ва вазифаларни миллий устуворликлардан келиб чиққан ҳолда, мослаштириш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар натижасида жами 17 та глобал Барқарор ривожланиш мақсадларидан 16 таси бўйича Ўзбекистонда тегишли ишлар амалга ошириш имконияти мавжудлиги аниқланди. Бунда мамлакатимиз ҳудуди океан ва денгиз билан туташмаганлиги инобатга олиниб, “Барқарор ривожланиш учун океанлар, денгизлар ва денгиз ресурсларини сақлаш ва барқарор фойдаланиш” деб номланувчи 14-мақсад ва унинг таркибига кирувчи 10 та вазифанинг юртимизда эришилиши имконияти мавжуд эмас, деб топилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси учун долзарб ҳисобланган 16 мақсад ва 125 вазифа тасдиқланди.

Ҳукуматнинг 2022 йил 21 февралдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан белгиланган 16 та мақсадга эришиш учун вазифалар 126 тага кенгайтирилди ва 190 та миллий БРМ индикатори тасдиқланди.

— Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш натижаларини мониторинг қилиш ва улар ҳақида жамоатчиликни хабардор этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни кузатиш ҳамда ушбу соҳада бошқарув қарорларини қабул қилиш учун аниқ ва ўз вақтида тайёрланган, характеристикалари бўйича тақсимланган, долзарб ва фойдаланиш учун қулай бўлган статистик маълумотлар зарур бўлади.

Бу борада статистика ҳамжамияти зиммасига 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кўрсаткичларни шакллантириш вазифаси юклатилган. Дунёнинг бошқа давлатлари каби Ўзбекистонда ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларига миллий миқёсда эришиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Шунингдек, бу борада тармоқлараро мувофиқлаштириш ва интеграциялашган ёндашувни  таъминлашни кўзда тутган ҳолда, “Иқтисодий фаровонлик”, “Ижтимоий ҳимоя”, “Соғлиқни сақлаш”, “Таълим”, “Aтроф-муҳит”, “Самарали бошқарув” каби эксперт гуруҳлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика  агентлиги раҳбарлигида Миллий барқарор ривожланиш мақсадларининг кўрсаткичлари бўйича идоралараро ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилиб, унинг зиммасига бу борадаги глобал индикаторлар асосида МБРМ кўрсаткичлари тизимини доимий янгилаб бориш ва унинг методологиясини шакллантириш, уларни доимий тўплаш ва МБРМ веб-порталида (www.nsdg.stat.uz) эълон қилиб бориш каби вазифалар юклатилган.

Ўтган давр мобайнида Статистика агентлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон учун муҳим ҳисобланган 190 та миллий барқарор ривожланиш мақсадлари индикаторлари рўйхатини ишлаб чиқди.

БМТ Статистика бўлимининг веб-саҳифасида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича илғор тажрибаларга эга давлатларнинг ушбу соҳада амалга ошираётган ишлари ёритиб борилади. Ўзбекистон Республикаси 2022 йил якунига кўра, 87 та илғор тажрибага эга давлатлар қаторидан жой олди ва мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни кузатиб бориш ҳамда жамоатчиликни хабардор қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумот эълон қилинди.

Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича эришилган натижаларни кузатиб бориш ва ушбу соҳада мамлакатда мавжуд вазият тўғрисида долзарб маълумотларни фойдаланувчиларга тақдим этиш мақсадида БМТ Тараққиёт дастурининг техник кўмаги билан 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичлари бўйича веб-сайт (https://nsdg.stat.uz/) фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу веб-сайт Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ютуқларини таҳлил қилиш ва кузатишда миллий ҳамда халқаро фойдаланувчилар учун ягона ва ишончли маълумотлар манбаси ҳисобланади. Яна бир афзаллиги, унга кирувчилар дастурий воситалардан фойдаланмасдан турли даражадаги тафсилотлар билан янги кўрсаткичларни, шунингдек, услубий маълумотларни юклаш имконини берадиган қулай интерфейсга эга. Платформани юклаб олиш ва бошқариш учун маълумотлар оқимини мувофиқлаштириш Статистика агентлиги томонидан амалга оширилади. У замонавий визуализация усулларини амалга оширади, бу фойдаланувчига таҳлилий жадвалларни яратиш ва график тасвирларнинг энг мос турларини танлаш имконини беради. Унда ҳисоблаш методологияси ва бошқа маълумотлар мавжуд бўлган ҳар бир индикатор инобатга олинган.

Веб-сайт ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади. Бу платформа МДҲ мамлакатлари орасида илғор амалиётнинг ажойиб намунаси ва БМТ тизими билан муваффақиятли ҳамкорликнинг амалий натижасидир.

Агентлигимиз томонидан 2018, 2019, 2020 ва 2021 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон Республикасида Миллий БРМларга эришиш бўйича статистик кўрсаткичлар тўпламлари” уч тилда (рус, ўзбек ва инглиз) тайёрланган ва нашр этилган. Ўтган йилги кўрсаткичларни чоп этиш ишлари тез орада якунига етади.

Бундан ташқари, Статистика агентлиги барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги миллий тараққиётни ўлчаш ва мамлакат ўз миллий маълумотлари ҳамда кўрсаткичларидан фойдаланиши учун тараққиёт тўғрисида сиёсий жиҳатдан ҳисобот бериш учун мўлжалланган янги ЭСКАТО-БРМ воситаси

“SDG Tracker”ни жорий этди ва фойдаланувчиларга қулай бошқарув панели яратилди. Айни пайтда мавжуд маълумотларни БРМ “SDG Tracker” бошқарув панелига киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Статистика агентлиги томонидан юритиладиган миллий БРМ веб-сайтида учта тилда (рус, ўзбек ва инглиз) 128 та миллий БРМ кўрсаткичлари, 60 та кўрсаткич эса “Tracker” БРМ бошқарув панелида жойлашган.

— Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни кузатиб боришда халқаро миқёсда қандай тадбирлар амалга оширилади?

— БМТ Бош Aссамблеясининг 70/1сон резолюциясининг 79-бандида айнан ушбу соҳада миллий даражада амалга ошириладиган ишлар тўғрисида тавсиялар келтирилган. Унда мамлакатларнинг ўзлари бу ҳисоботларни бошқариб бориши, миллий шароит, стратегия ва устуворликларга мувофиқ, маҳаллий халқлар, фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва бошқа манфаатдор томонлар фикрларини ҳисобга олиши, бу жараёнларни бошқа институтлар қатори миллий парламентлар ҳам қўллаб-қувватлаши мумкинлигига урғу берилган.

Ушбу миллий ҳисоботлар БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини

мувофиқлаштирувчи кенгаши ҳомийлигида йиғиладиган олий даражадаги сиёсий форуми томонидан мунтазам кўриб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади. 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг 84-бандида кўрсатилганидек, олий даражадаги сиёсий форумнинг мунтазам ҳисоботлари ихтиёрий бўлиб, давлатлар томонидан бошқарилади.

Ихтиёрий миллий ҳисобот 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибини амалга оширишни жадаллаштириш, шу жумладан, муваффақиятлар, қийинчиликлар ва олинган сабоқлар бўйича тажриба алмашишда қўл келади. Хусусан, 2023 йил июль ойида бўлиб ўтадиган олий даражадаги сиёсий форумда 2 та маърузачи (давлат) биринчи марта, 39 таси иккинчи марта ва 1 таси учинчи марта ихтиёрий миллий ҳисоботини тақдим этади.

Ўзбекистон илк бор Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги Ихтиёрий миллий ҳисоботини 2020 йил тақдим этган. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “2030 йилгача бўлган давр да барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2026 йилгача даврни қамраб олган иккинчи ихтиёрий миллий ҳисоботга тайёргарлик бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Ҳозирда унинг дастлабки лойиҳаси тайёрланиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар томонидан ҳисоботни такомиллаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Бертельсманн халқаро жамғармаси мамлакатларни асосий индекслари бўйича ривожланиш тенденцияларини ўрганиб чиқади ва унга асосан, ҳар йилда бир  маротаба рейтинг натижаларини  эълон қилади.

Мазкур рейтинглар дунёнинг етакчи илмий ташкилотларининг 300 га яқин экспертлар тадқиқотлари асосида тузилади.

Бертельсманн халқаро жамғармаси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига кўмаклашиш дастури доирасидаги мустақил ташкилоти саналиб, жамғарманинг мустақил экспертлари индексни ҳисоблаб чиқиш жараёнида 17 та мақсад бўйича 100 га яқин халқаро мезон ва индикаторларни ўз ичига олувчи маълумотлар манбаларини таҳлиллари хулосалари асосида йиллик рейтинг эълон қилинади. Мазкур жамғарма томонидан 2022 йилда эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари индекси ҳисоботида Ўзбекистон 163 та мамлакат орасида 69,9 балл билан 77-ўринни эгаллади.

Умуман олганда, фаолиятимизнинг барча жиҳатлари шундан далолат берадики, мамлакатимизда барқарор ривожланиш соҳасида ишлар изчил олиб борилгани ҳолда, “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойили асосида ривожланишда давом этади.

 

“Янги Ўзбекистон” мухбири суҳбатлашди.

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий