Дунё эшиклари ва фаровон ҳаёт калити

Инсон ҳаётда нимагадир эришиши учун доимий изланиши, интилувчанлик, меҳнатсеварлик, шунингдек, билимга эга бўлиши талаб этилади. Албатта, билим олишнинг чегаралари унинг ўз мақсадларию имкониятлари билан ҳам боғлиқ. Олий маълумотга эга бўлиш эса келажакда фаровон ҳаёт кечириш, ўз билим ва қобилиятларини юзага чиқариш, яхши мутахассисга айланиб, оиласи ва  жамиятга фойда келтириш, ҳурмат ва эътирофга, халқаро даражадаги тажрибаларга эга бўлиш каби мазмунли ҳаётга пойдевор вазифасини ўтайди.

Ижтимоий, ҳуқуқий давлат ана шу мақсадларга эришиш учун имкониятларни яратади ва ёшларни рағбатлантириш чораларини кўради.

Аслида, олий таълимга эга инсонларнинг кўп бўлиши жамият учун фойдали, бу саводхонлик даражасининг ўсиши, иқтисодиёт турли тармоқларининг ривожланишига асос яратиши билан мамлакат тараққиётида муҳим ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакат ҳаётининг асосий ҳужжати бўлган Конституцияда бу йўналишдаги имкониятларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш ва мус­таҳкамлаш ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

Шу сабабли, олий таълимни олиш ҳуқуқи Конституция даражасигача оширилмоқда.

Охирги йилларда аҳоли ўртасида олий таълимга бўлган қизиқиш, эҳтиёжнинг ортиб бораётгани ва бунинг учун имкониятлар залварли тус олганини кузатиш мумкин. Бу аввало, олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган ёшларимиз сафи сезиларли даражада кенгайгани ва бу имкониятни берувчи таълим даргоҳларининг ҳам кўпайганлиги бунинг исботидир. Кўплаб хусусий университетларнинг очилгани, таълимнинг сиртқи, кечки ва масофавий каби шаклларига ўтилгани ҳам ушбу имкониятларнинг салмоғини кўрсатади.

Аҳолининг кенг қатламларини олий таълим билан қамраб олиш масаласи Президентимиз томонидан БМТ минбарида ҳам кўтарилган ва 2030 йилгача Ўзбекистонда ёшларнинг 50 фоизи олий маълумотга эга бўлиши режалаштирилган.

Бу мақсаднинг амалга оша бошлаганини қуйидаги далилларда кўриш мумкин. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 2,5 баробарга ортиб, 200 тага етди, олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди.

Шу ўринда ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишидаги яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш жоиз. Бу ҳам бўлса уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масала. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Олий таълим олиш учун имтиёзли кредитлаш тизими жорий этилиб, бу жараёнда хотин-қизларга фоизсиз кредит ажратиш амалиёти татбиқ қилинмоқда. Магистратура учун давлат грантлари 5 баравар кўпайди. Эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 баравар оширилди. Нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. Магистратурада ўқийдиган барча қизларнинг ўқиши давлат томонидан қопланадиган бўлди.

Бу саъй-ҳаракатлар ва тажрибалар ўзининг самарасини бериши, аҳолининг олий таълим олишга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ мазкур жараён эса ёшларимизнинг келажаги учун катта аҳамият касб этиши аниқ.

Янгиланаётган Конституцияда ёшларнинг олий таълим даргоҳларига танлов асосида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгиланмоқда. Хусусан, Бош қомуснинг 51-моддаси 1-қисмида “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли” деган жумланинг бўлиши ушбу ҳуқуқнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Ёшларимиздан эса қабул танловларида юқори кўрсаткичларга эга бўлиш, давлат гранти асосида ўқиш имкониятини қўлга киритиш учун мунтазам китоб ўқиш, ўқув дастурларини мукаммал эгаллаш ва имтиҳонларда муносиб иштирок этиш талаб қилинади.

Олий таълим муассасаларини замонавий талабларга мувофиқ ривожлантириш, таълим сифатини ошириш ва кўрсаткичларни илғор тажрибаларни жорий этган ҳолда кўтаришга қаратилган яна бир муҳим жиҳатнинг ҳуқуқий асоси янги таҳрирдаги Конституцияда мус­таҳкамланаётганлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз.

Бу 51-модданинг иккинчи қисмидаги “Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга” деган банд ­билан боғлиқ.

Маълумот ўрнида айтсак, бугунги кунга қадар Ўзбекистондаги 170 дан ортиқ давлат университетларидан атиги 41 тасига академик ва молиявий мустақиллик берилган.

Академик эркинлик — олий ўқув юртларида таълим бериш ва илмий тадқиқот ўтказиш эркинлигидир. Ушбу эркинлик илғор тажрибаларни олиб кирган ҳолда ўқув жараёнини мустақил шакллантириш, профессор-ўқитувчиларни дарс ўтиш эркинлигида, илмий тадқиқот мавзуларини мустақил танлаш ва ­тадқиқ этиш, унинг натижаларини нашр қилиш ва тарқатиш, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар академик ­эркинлигининг чекланмаслигида ва ­бошқаларда ­намоён бўлади.

Эътиборлиси, бу борада халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда ўқув режаларини такомиллаштириш ва таълим сифатини оширишга қаратилган фаолият бошланган, хорижий университетлар билан ўзаро келишув асосида қўшма таълим дастурлари ташкил этилиб, ўқув жараёнлари олиб борилмоқда.

Айнан бу йўналишда ҳам бошланган фаолиятнинг асоси Конституция даражасида белгилаб қўйилиши олий таълим муассасаларининг ўзини ўзи ­бошқариши ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш заминини мустаҳкамлайди ҳамда таълим йўналишининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, таълим тартибини белгилаш бўйича қарорлар қабул қилишда мустақил бўлиш ҳуқуқларини конституциявий норма даражасида белгилаб беради.

Умуман олганда, Бош қомусимиз мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш йўлида қўлга кирити­лаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг ҳуқуқий пойдевори — келажагимизнинг ишончли кафолатидир. Зотан, такомиллашган Конституция, яъни бу янгиликларнинг барчаси ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқи, иқтидорини намоён этиш йўлидаги ­интилишини орттиришда, улар учун ­муносиб олий таълим шароитларини яратиш ва ривожлантиришда муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.

Унутманг, олий таълим шахс камолотида билимларни ўзлаштирадиган, кўникма тўплаб, малака оширадиган давр ҳисобланади. Ва табиийки, чуқур билимларга эга, кенг дунёқарашли, доно инсонлар доимо халқимиз меҳрини қозониб, улуғланиб келинган, фаолиятига юксак баҳо берилган.

Мадомики шундай экан, орзуларининг ойдин йўлидан бораётган йигит-қизларимиз ўз олдига қўйган улкан мақсадларига эришишда Конституциямиз уларнинг ҳимоячиси эканлигини ҳис этишлари ва албатта, қадрлашлари шарт.

Гулчеҳра Рихсиева,

Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори.

  

 

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий