ДЕМОКРАТИК ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ БАРПО ЭТИШ – БОШ МАҚСАД

 

Ўзбекистонда “давлат – жамият – инсон” тамойилини янги “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш, энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш мақсад қилинди.

Президент Ш.Мирзиёев 2021 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган нутқида “Ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди” деб таъкидлаганди.

Қайд этиш лозимки, ижтимоий давлат – сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш,  бандлигини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат моделидир.

Аҳамиятлиси, мамлакатда охирги беш-олти йилда ижтимоий давлатнинг асосий талаблари амалда қўлланилди, жумладан:

Биринчидан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси  ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида, айнан ижтимоий соҳани ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш масалалари  устувор вазифалар этиб белигиланди.

Иккинчидан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташкил этилди, “Мономарказ”лар фаолияти йўлга қўйилди, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ташкил этилди,  ишлаётган пенсионерга юз фоиз пенсия тўлашга ўтилди, 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея номланилди, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди ва мамлакатда камбағаллик муаммоси тан олинди, ҳар бир аҳоли пунктларида (маҳаллаларда) камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадини ошириш учун масъул бўлган ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилди. Энг муҳими, аҳолига ғамхўрлик кўрсатиш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.

Учинчидан,  ижтимоий давлатга мос бўлган таълим ва тиббиёт соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Таълим учун инвестиция – буюк келажакка сармоя” шиори остида узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириб бориш, сифатли таълим-тарбия бериш, малакали кадрларни тайёрлаш бўйича мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди, бунинг натижасида мактабгача таълим билан қамров даражаси 27,7 фоиздан 67 фоизга, мактаблардаги малакали олий маълумотли ўқитувчилар улуши 81,8 фоиздан 87,8 фоизга, 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта тикланди, мактаб ўқитувчиларининг иш юкламаси мақбуллаштирилди  ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга етказилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида бюджетдан ажратилган маблағлар 7,3 трлн. сўмдан 24,7 трлн. сўмга, шифокорларнинг ўртача ойлик маоши 1131,2 минг сўмдан 3282,7 минг сўмга, ҳамширалар маоши 692,1 минг сўмдан 2008,6 минг сўмга, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун бюджетдан ажратилган маблағлар 0,4 трлн.сўмдан 1,8 трлн.сўмга, тиббиёт соҳасидаги ОТМлар сони 7 тадан 9 тага, хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 4 000 тадан 7 049 тага етказилди. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этишнинг асоси яратилди.

Янгиланаётган Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда.

 “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий норма сифатида мустаҳкамланмоқда,  болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлиги бор шахслар ва кекса авлод вакиллари ҳуқуқларининг ишончли муҳофазасини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги каби қўшимчалар конституция лойиҳасига киритилмоқда.

Натижада инсон ва фуқароларнинг Конституцион нормалар орқали кафолатган ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқи ва эркинлиги, ўз навбатида, мос равишда давлатнинг тегишли мажбурияти билан мустаҳкамланмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган натижалар ва Тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун мустаҳкам конституцион ҳимояни таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликлардан келажак авлодларимиз эмин-эркин фойдаланиши учун улар Конституцияда муҳрланмоқда.

 

 Жамшид ШАРИПОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий