Бирлаштирувчи куч. Ўзбекистон Президентининг қўшни давлатлар томонидан қўллаб-қувватланаётган ташаббуслари туфайли Марказий Осиё “бешлиги” жаҳон сиёсатининг мустақил субъекти мақомига эга бўлмоқда.

 

Кўплаб мамлакатларнинг тадқиқотчи ва сиёсатшунослари минтақавий интеграциянинг самарали формуласини ишлаб чиқиш устида бир неча ўн йиллар давомида бош қотириб келишмоқда. Улар ўрганаётган объектнинг асосий мураккаблиги шундакисиёсий ва иқтисодий воқеликлар ҳамиша ўзгариб турадиСўнгги бир неча йилда геосиёсий вазиятнинг ўзгарувчанлик касб этгани бу жараёнларни яна ҳам тезлаштирдиДемаколимларнинг йиллар давомида тўплаган назарий билимлари ва амалий тажрибаси бирданига ўз долзарблигини йўқотибмеҳнатлари чиппакка чиқиши ҳам ҳеч гап эмас.

Мазкур йўналишда катта ютуққа эришган тадқиқотчилардан бири венгриялик иқтисодчи Бела Балашша ҳисобланади. У интеграциянинг оддий шаклдан мураккабига қараб эволюцион тарзда ривожланиши ҳақидаги таълимотни ишлаб чиқди. Унинг саъй-ҳаракатлари натижаси олимлар, айниқса, дунёдаги энг йирик интеграциявий бирлашма — Европа Иттифоқининг тузилмаси ва шаклланишини ўрганадиган тадқиқотчилар учун қулай восита бўлди. Яъни бу олимлар мамлакатлар ўртасидаги савдо, божхона тартиб-таомиллари, умумий бозорни шакллантириш ва бошқа механизмларни соддалаштириш орқали уларнинг бир-бирига яқинлашуви жараёнларини башорат қила олади.

Халқаро муносабатлар соҳасидаги бошқа тадқиқотчилар сингари Б. Балашша учун ҳам энди вужудга келаётган Евроиттифоқ анча вақт мобайнида тадқиқотнинг асосий объекти бўлиб хизмат қилди. Лекин энди бизнинг давримизга келиб, мутахассисларнинг диққатини жалб этаётган феномен айнан Марказий Осиё бўлди. Экспертларнинг якдил фикрича, ушбу минтақадаги яқинлашув жараёнлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан бошланди. Бу ташаббуслар тарихий ва замонавий реалликни акс эттиргани учун ҳам минтақавий “бешлик”нинг бошқа мамлакатлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Бош ролларга қайтиш

Ҳозир 2023 йил. Давлатимиз фуқаролари Тожикистонга шахсий автомашиналари ёки чегараолди автобусларида осонгина бориб келиши оддий ҳолатга айланди. Бунга эса кўп ҳам бўлгани йўқ. Рулда ўтиргингиз келмаяптими — марҳамат, Душанбега самолётда учинг. Қирғизистонгачи? У ерга бориш учун энди хорижий паспорт бўлиши шарт эмас: ID картанинг ўзи етарли.

Мана шундай тартиб доим мавжуд бўлгандай тасаввур шаклланади. Аслидачи? Қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатлар устига “қора чизиқ” тортилган эди. Чегарадан ўтишнинг оддий тартиби ўрнига, олиш амалда қийин бўлган “виза”лар жорий этилганди. Дўстона йўлаклар ўрнига эса — миналанган ҳудудлар… Ҳатто умумий масалалар бўйича мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилиш ҳам жуда мураккаб иш эди.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг сиёсий харитасини тубдан ўзгартиришга бел боғлади. Тарихан қисқа муддат ичида Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиёда минтақавий барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласида етакчи ислоҳотчи мақомига эга бўлди. Унинг ташаббуси билан давлат чегаралари, транспорт йўлаклари ва сувдан фойдаланиш масалаларига боғлиқ бўлган кўп йиллик ихтилофларни бартараф қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Бу эса минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга хизмат қиляпти. Натижада савдо ҳажми сезиларли даражада ошди, қўшма корхоналар сони бир неча баробарга кўпайди. Бундай ёндашув Марказий Осиёни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги иқтисодий тараққиёт ҳамда транспорт алоқаси марказига айлантирди.

Яқинда Душанбеда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашувида минтақавий “бешлик” давлатларининг раҳбарлари биргаликда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилишди. Тўғри, алоҳида мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда айрим мураккаб жиҳатлар ҳали сақланиб келмоқда. Лекин Тожикистон пойтахтида музокаралар столи атрофида йиғилган вакиллар ўз давлатлари ва умуман, минтақа давлатлари учун муҳим бўлган масалалар бўйича мулоқотга, ҳамкорликка тайёр эканликларини намойиш этишди.

Минтақа мамлакатлари ривожида йилдан-йилга умумий масалалар вужудга келмоқда. Бундан ташқари республикаларимиз стратегик йўналишлари ўхшашлиги, муштараклигини намоён қилмоқдалар. Финляндиядаги йирик бизнес бирлашмасининг нуфузли нашри бўлган “EastCham — Finland” қайд этилишича, Марказий Осиё мамлакатларини бирлаштириб турадиган омил — иқтисодиётни диверсификациялаш бўйича ислоҳотларни рўёбга чиқаришга бўлган интилиш ҳамда тадбиркорларга хайрихоҳлик. Бу эса уларнинг ҳар бирида ҳам, умумий майдонда ҳам инвестициявий жозибадорлигини оширади.

Кейинги йилларнинг ўзида минтақа мамлакатларининг ўзаро инвестициялари ҳажми деярли 6 бараварга, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар оқими эса 45 фоизга ортди. Ўзбекистон Президенти Маслаҳат учрашувидаги ўз нутқида айтиб ўтганидек, минтақа мамлакатларининг умумий ички маҳсулоти 40 фоизга кўпайди. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо алоқалари ортиши кузатилмоқда. Товар айланмаси 2,5 баробардан зиёд ошди. Бундан ташқари, ички минтақавий туризм кўрсаткичлари деярли 2 баробар ортди.

Шубҳасиз, иқтисодиёт Марказий Осиё тараққиётининг муҳим барометри бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатларнинг муваффақиятли интеграциясига мисоллар кўп. Дейлик, ўз вақтида бир неча мамлакатни қудратли ягона иқтисодий блокка бирлаштирган Европа Иттифоқи, шунингдек, самарали саноат кооперацияси марказларидан бирига айланган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси муваффақиятли интеграцияга яққол мисол бўла олади. ASEAN доирасида ташкил этилган саноат кластерлари ички савдонинг ўсишига, иқтисодий барқарорликка, бизнес учун тўсиқларнинг пасайишига олиб келдики, бу, ўз навбатида, минглаб иш ўринларининг яратилишига сабаб бўлди. Кўриниб турибдики, юқорида келтирилган бирлашмалар доирасидаги интеграция ўз иштирокчиларига жаҳон бозорида яхшироқ рақобат қилишга ёрдам берган.

Хўш, бизчи, улардан қаеримиз кам? Ҳеч қаеримиз кам эмас. Ўзбекистон авваллари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон билан автомобиллар, маиший техника, тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни йўлга қўйган. Яна ўғитлар, полимерлар, металл буюмлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва учинчи давлатларга экспорт қилишни кўзда тутмоқда. Яъни жараён йўлга қўйилган. Энди уни жадаллаштириш муҳим.

Юқорида номи келтирилган тадқиқотчи Бела Балашшанинг китобларида мамлакатлар ўртасида эркин савдо зонасини шакллантириш интеграция жараёнларининг асосий босқичи сифатида кўрсатилган. Ана шу ўз аҳамиятини намойиш этган илмий моделга таянган ҳолда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Марказий Осиёда тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ташаббуси билан чиқди. Унинг доирасида божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларни сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси бошқа долзарб масалаларни ҳам кўтарди. Масалан, юкларни ташиш учун кетадиган харажатлар улуши товарларнинг сўнгги қийматига нисбатан 50 фоизгача етмоқда. Дунёдаги ўртача кўрсаткич эса 11 фоиздан ошмайди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш таклифларини киритди.

Ўзбекистон Президентининг шу ва бошқа ташаббуслари эксперт доираларда кучли акс садо берди. Масалан, Париж геосиёсат академияси президенти Али Растбин фикрича, инфратузилмани такомиллаштириш мамлакатларнинг Марказий Осиё транспорт-коммуникация боғлиқлиги бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга ҳамда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари жуда катта минтақавий қизиқиш уйғотди, — дейди “Интеллект Орда” халқаро ижтимоий-гуманитар тадқиқотлар интеграцияси институти директори, қозоғистонлик академик Саттор Мажидов. — Ўзбекистон давлат раҳбарининг Марказий Осиёда ҳамкорликни янгича мазмун билан бойитиш борасида киритган таклифлари Душанбедаги учрашувнинг асосий лейтмотивларидан бири бўлди.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида мунтазамлик касб этган сиёсий мулоқотлар, парламентлар­аро тажриба алмашув, ҳамкорлик учун янги платформалар кейинги йилларда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда, деб ҳисоблайди эксперт. Улардан асосийси — Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш. Аслини олганда, минтақа Буюк Ипак йўли гуллаб-яшнаган даврдаги транспорт-логистика хаби бўлган тарихий мақомини яна ўзига қайтариб ола бошлади.

Мустақил субъект мақомида

Марказий Осиё бўйича россиялик эксперт Аркадий Дубнов ёзнинг сўнгги ойида таъкидлаган эдики, минтақа изчиллик билан ўзининг жаҳон сиёсатида мустақил субъект сифатидаги мақомини қўлга киритмоқда.

Ҳа, эксперт ўз билими ва тажрибасига таянган ҳолда келгусидаги воқеалар ривожини башорат қилмаса, у эксперт эмас. Орадан икки ҳафта ўтибоқ, Марказий Осиё ўзининг бой тарихий мероси ва маданиятлар хилмахиллиги билан глобал ҳамжамият ва дунё давлатлари эътибори марказида бўлди — у ҳам бўлса, Ўзбекистон Президентининг “бешлик”ни интеграция қилиш бўйича ташаббуслари туфайли. Деярли 80 миллионлик аҳолиси бўлган минтақада ҳамкорлик режаларини амалга ошириш учун таклиф этилган ғоялар барқарор тараққиёт сари ҳамқадам бўлиб, саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо қилади. Бундан ташқари, жаҳон саҳнида ўзини ягона субъект сифатида намоён этиш Марказий Осиёнинг обрўсини ва геосиёсий салмоғини сезиларли даражада оширади.

Ана шу омиллар туфайли дунёдаги йирик давлатлар ҳам ўзининг минтақа билан муносабатларидаги аввалги форматини ўзгартирди ва унга вакилликнинг янада юқори даражаси сифатида янги формула — “5+1”ни танлашди. Масалан, “АҚШ — Марказий Осиё” деган кўп томонлама мулоқотни олайлик. Илгари, ташкил топганидан буён ўтган саккиз йил давомида бу форматдаги мулоқот ташқи ишлар вазирликлари даражасида ўтказилган бўлса, энди илк бора президентлар даражасида ташкил этилди.

Давлатлар раҳбарлари ташқи сиёсат, минтақавий савдони ривожлантириш, транспорт ва энергетика алоқалари, бизнес-иқлимни яхшилаш, экологик таҳдидларга ва экстремизмга қарши курашиш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар бўйича фикр алмашдилар. Моҳиятига кўра, мазкур учрашув АҚШ Президенти Жозеф Байденнинг бешта Марказий Осиё давлати раҳбарлари билан шахсан танишиши учун қулай имконият бўлди. Унда Қўшма Штатлар минтақада хавфсизликни таъминлаш учун молиявий кўмакни кўпайтириши, хусусий сектор ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича бизнес-платформа ташкил этиши, шунингдек, узоқ муддатли энергетика хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим қазилма бойликлар соҳасида ҳамкорлик қилиши ҳақида сўз борди. Жозеф Байден давлат раҳбарларининг “5+1” форматидаги кейинги учрашуви “бешлик” мамлакатларининг бирида бўлиб ўтишини хабар қилди. Бу эса унинг минтақага илк ташрифини амалга ошириш ҳақидаги режасидир.

Экспертларнинг геосиёсий башоратлашига ихтисослаштирилган нашр бўлмиш “Geopolitic Futures” ўз порталида хабар беришича, АҚШ ўзининг Марказий Осиёга муносабатини анча ўзгартирмоқда.

Нашрда ёзилганидек, Евроосиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон — бу Марказий Осиёдаги қолган тўрт давлат билан ҳам умумий чегарага эга бўлган мамлакат. Нуфуси 36 миллион бўлгани учун у аҳоли сони бўйича минтақадаги энг йирик давлат ҳисобланади. Келгуси йилларда аҳоли янада тезроқ ўсиши кутилмоқда.

Портал таҳлилчиларининг фикрича, Ўзбекистон минтақадаги диққатни тортувчи марказ сифатида АҚШнинг Марказий Осиёдаги ролини кенгайтириш учун платформа бўла олади. Шундай қилиб, мамлакат самарали америкача стратегиянинг Марказий Осиёдаги асосий компоненти бўлиши кутилмоқда.

Қисқа муддат ўтгач, минтақа давлатларининг раҳбарларини энди Берлинда кутиб олишди. Вужудга келган анъанадан четда қолишни истамаган Германия “Марказий Осиё — Германия” форматидаги биринчи саммитни ташкил этди.

“Бешлик” республикаларининг раҳбарлари аввал Германиянинг Федерал президенти Франк-Валтер Штайнмаер билан учрашишди. Кейин эса, Федерал канцлер Олаф Шолс билан мулоқот давомида томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.

Саммит ўтказилган кунларда немис таҳлилчилари ва оммавий ахборот воситалари Марказий Осиё давлатлари геосиёсий нуқтаи назардан муҳим эканлиги ҳамда дунё мамлакатлари билан ҳамкорликни фаол ривожлантириб бораётганини қайд этишди. Бунда Германия авваллари минтақа билан фаол шерикликка жалб қилинмагани ҳақида афсус ҳам билдирилди.

“World Economy” нашридаги мақолада қайд этилганидек, Марказий Осиёда аҳолиси энг зич бўлган мамлакат — Ўзбекистон билан Европадаги энг бой мамлакат — Германия ўртасидаги савдо айланмаси ҳаммаси бўлиб бир неча миллиард еврони ташкил қилади, яқин пайтгача эса камтаргина 500 миллион еврога тенг эди, холос.

— Бу ҳамкорларнинг улкан салоҳияти устидан ҳазиллашишга ўхшайди, — деб ёзади оммавий ахборот воситаси мухбири. — Май ойида Ўзбекистон Президенти Берлинда бўлди ва шунчалик кўп янгилик юз бердики! Ўн миллиард евродан ортиқ маблағга тенг келишувлар, икки юздан ортиқ қўшма корхоналар, инновацион энергетик технологияларни ривожлантириш бўйича режалар, қитъалараро янги темир йўл йўналишлари… Ҳали сайёҳлик, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни қўя турайлик…

Ўзбекистон ва Германиянинг икки томонлама муносабатлари алоҳида роль ўйнаши ҳақида “Ҳеилброннер-Стимме” газетасида ҳам ёзишди.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланган ислоҳотлари натижасида мамлакат ўз ички сиёсатида демократик йўл тутди, ташқи сиёсатда эса очиқликка интилди, — деб ҳисоблайди мақола муаллифи Юрген Паул. — Ўзбекистоннинг иқтисодиёти жадал суръатлар билан ўсмоқда, яъни 2022 йилда 5,7 фоизга ортди. Яқинда БМТ томонидан ўтказилган, инновацион фаол мамлакатларни аниқлаш бўйича тадқиқотда Ўзбекистон инновацион салоҳият нуқтаи назаридан яхши ривожланган мамлакатлар қаторига киритилди. Ва у халқаро савдо-иқтисодий алоқаларини янада кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон ана шундай сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган курсни бутун Марказий Осиёга жорий этар экан, уни икки томонлама форматда ҳам рўёбга чиқармоқда.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Доҳага давлат ташрифи доирасида Қатар давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан музокаралар бўлиб ўтди, унда икки мамлакат ҳамкорлигини янада юқори — стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг шу кунларда бўлиб ўтган Москвага расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин музокаралар натижаси бўлган Кенг кўламли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнотни қабул қилдилар.

“Тошкент Россиянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорига айланмоқда”, деб ёзади Юрий Сигов “Московский комсомолес” газетасида чоп этилган мақоласида. Унда кейинги бир неча йил ичида икки томонлама муносабатлар қандай ривожлангани таҳлил қилинган бўлиб, ушбу муносабатлар келгусида ҳам мустаҳкамланиб, ривожланиб боришига ишонч уйғотувчи бир нечта муҳим жиҳатлар келтириб ўтилган. Улар қаторида — Ўзбекистон томонидан мустақил ташқи сиёсат юритилиши, икки томонлама алоқаларнинг салоҳияти, айниқса, иқтисодиёт, сайёҳлик, таълим, ҳамкорликнинг минтақавий ва бошқа жиҳатлари кўрсатиб берилган.

Муаллифнинг фикрига кўра, аҳолиси бўйича Марказий Осиёда энг йирик давлат бўлган Ўзбекистон ўзининг барча қўшнилари учун бирлаштирувчи куч вазифасини бажаради. Шу билан бирга, ўзининг мустақил ташқи сиёсатини юритишга содиқлигини сақлаб қолади.

Ўзбекона тренд

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқи Ўзбекистоннинг ва бутун минтақанинг глобал миқёсда мустаҳкамланишида сўнгги йиллардаги прагматик ташқи сиёсат курсидаги муҳим, ўзига хос воқелик, босқич бўлди.

Кўпгина таҳлилчилар эътироф этганидек, давлатимиз раҳбари ўз нутқи билан нафақат ислоҳотчи Президент эканини мустаҳкамлади, балки ўзи ҳақида глобал мақсадлар йўлидаги ҳамкорлик тарафдори, деб айтишларига ундади.

Президентимиз жаҳондаги бош минбардан туриб Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ҳақида батафсил маълумот берар экан, Марказий Осиёда ҳамкорлик ва барқарорликнинг муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. Минтақа иқтисодий ривожланиш марказига, дунёнинг турли ҳудудларини боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб бораётганини айтиб ўтди. Ўзбекистон бундан буён ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий боришини қайд этди.

Ҳиндистоннинг “The Economic Times” нашри халқаро шарҳловчиси Дипанджан Рой Чаудхуру ёзганидек, Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат, инсон манфаатларига мос давлат барпо этишга содиқлигини таъкидлади.

Бунда Президент дунёда кескин экологик вазият кузатилиб, учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганини, Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганини кўрсатиб ўтди. Шу боис экология муаммоларини ҳал қилиш учун махсус механизм ва платформаларни яратиш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш лозимлигини, буни эса ҳамкорликда, мулоқот асосида амалга ошириш кераклигини айтди.

Афғонистон тақдири кун тартибидан тушмаслиги керак. Президент бу гал ҳам экстремизм тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни фаоллаштириш масаласига тўхталиб ўтди. Ушбу мамлакатда янги вазият вужудга келган бўлиб, у афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувларни талаб қилмоқда. Президентимиз афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деган фикрни билдирди. БМТнинг юксак минбаридан туриб дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга ва бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилашга чақирди.

“Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясида сўзлаган нутқи шиддатли ва кучли ташаббусларга бой бўлди, экологик хусусиятдаги муаммоларни ечишдан тортиб таълим, гендер тенглиги, диний бағрикенглик мавзуларигача бўлган ижтимоий масалаларни қамраб олди, — деб қайд этди Сан-Пабло университети қошидаги Гуманитар тадқиқотлар институти профессори Антонио Алонсо. — Ўзбекистон етакчисининг таклифлари ўз муҳимлиги даражаси бўйича фақат минтақавий ёки миллий даража билан чекланмайди, балки глобал хусусиятга эга”.

Марказий Осиё тадқиқотчиси Ўзбекистон раҳбарининг нутқи ҳақида фикр билдирар экан, “ўзбекона тренд” деган атамани ишлатди. “Нутқнинг асосий жиҳатлари Президент томонидан кейинги бир неча йилда халқаро минбарлардан туриб айтилган ташаббусларининг мантиқий давоми бўлди. Ўзбекистон етакчиси халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини доимо жиддий таҳдид ва хатарларга қаратади, уларга нисбатан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришга чақиради. Бундай ёндашув замонавий дунёдаги глобал ва устувор вазифалар, анъаналарни чуқур тушунишдан дарак беради”, деди тадқиқотчи.

Ўзбекистон Президенти ташаббуслари туфайли Марказий Осиё фаол ислоҳотлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш майдонига айланди. Шавкат Мирзиёевнинг минтақадаги эски келишмовчиликларни бартараф этишга, “бешлик” мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга, бой маданий меросга эга халқларни деярли 80 миллионлик аҳолиси бўлган минтақани барқарор ривожлантириш мақсади атрофида бирлаштиришга хизмат қилади. Бу саъй-ҳаракатлар эса Марказий Осиёга геосиёсий қудрат бахш этиб, дунё давлатларининг эътиборини ўзига қаратади, минтақа глобал миқёсда дадил ҳаракат қилишига имкон яратади.

Ўткир Раҳмат

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий