Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази ва Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) томонидан 2023 йил 23 февраль куни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати ўтказилади.
Шу ўринда қуйидагиларни таъкидлаш жоиз, деб биламиз.
Дунё миқёсида инсон қадри ва ҳуқуқларига бўлган эътибор, парламентлар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти ошиб бораётгани
Биринчи. 2015 йилнинг сентябрь ойида БМТ саммитида 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш Кун тартиби ва унинг 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) тасдиқланди. Мазкур “Кун тартиби, бу – одамзод, сайёра ва фаровонлик йўлидаги ҳаракат режаси” ҳисобланиб, у “янада эркинроқ шароитларда умумбашарий тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор тинчлик ва тараққиётни таъминлаш ғоясига асосланган, шунингдек, жаҳон ҳамжамияти томонидан ўзаро боғлиқ ва глобаллашаётган дунёда мавжуд ёки юзага келадиган асосий муаммоларни ҳамкорликда бартараф этиш учун биргаликда фаол чоралар кўришга йўналтирилган”.
БРМ эса – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа асосий халқаро шартномаларга асосланган бўлиб, уларнинг ўзига хос квинтэссенцияси ва давом эттирувчисидир. БРМда инсон қадри ва унинг ҳуқуқларини таъминлашга бўлган замонавий дунёқараш акс эттирилган. БРМлар ўзаро чамбарчас боғлиқ, бир-бирини тўлдирувчи ва мустаҳкамловчи бўлиб, барқарор ривожланишнинг “учта устуни” – иқтисодий, ижтимоий ва экологик мувозанатни таъминлашга қаратилган.
Иккинчи. БРМни ишлаб чиқиш жараёнида БМТга аъзо давлатлар ҳукуматлари билан бир қаторда парламентлар, 1500 дан зиёд фуқаролик жамияти институти иштирок этди. Шу маънода БРМ, албатта БМТ, давлатлар ва “глобал фуқаролик жамияти” ўртасидаги узоқ муддатли маслаҳат жараёнининг натижасидир.
Учинчи. ХХI асрда биргина БМТ ва “БМТ оиласига аъзо” халқаро ташкилотлар доирасида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш, фаолияти учун қулай сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш, хусусан уларнинг фуқаролар жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлаш, БРМга эришиш жараёнларидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш каби масалаларда давлатларнинг мажбуриятлари ва вазифаларини белгилаб берган 100 дан зиёд халқаро-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Зеро, уч ўзаро боғлиқ масала – фуқаролик жамияти институтларининг қарорлар қабул қилишдаги иштироки, уларнинг “фаолият маконини кенгайтириш” ва ҳимоя қилиш, кучли ва фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш, барқарор ривожланиш, тинчлик, хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашнинг муҳим ва зарур шарти ҳисобланади.
Тўртинчи. БМТнинг тегишли ҳужжатларида парламентлар ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти учун нафақат қулай ва зарур шарт-шароитлар яратиш, балки ушбу институтларнинг БРМга эришиш борасидаги асосий вазифалари ҳам белгилаб берилган:
• БРМларни, инсон қадри, эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини, авваламбор, давлатлар конституциялари ва қонунларига сингдириш, фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувида, хусусан, қарорлар қабул қилинишидаги иштирокини таъминловчи, умумтанолинган халқаро демократик стандартларга жавоб берувчи ва одил судловдан самарали фойдаланишни кафолатловчи меъёрий-ҳуқуқий асосни шакллантириш;
• давлатлар тараққиётини белгилаб берувчи стратегиялар, концепциялар ва дастурларнинг миллий БРМларни ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилишига эришиш;
• БРМларга эришиш борасида кучли парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу борада аҳоли хабардорлигини ошириш, давлат ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга кўмаклашиш;
• БРМ соҳасида қарорлар қабул қилиш жараёнларида фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки учун кенг имкониятлар яратиш;
• давлат бюджетини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда миллий БРМларни инобатга олиш ва соҳага зарур маблағлар ажратиш (“БРМ йўналтирилган бюджетлар” қабул қилиш);
• жамиятда инсон қадри, ҳуқуқлари ва эркинлиги ҳамда барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш соҳаларидаги дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тизимини ривожлантириш;
• БРМ соҳасида ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун фуқаролик жамияти институтларини зарур ресурслар билан таъминлаш ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш;
• парламент фаолиятида, раҳбарлик лавозимларига тайинлашда, барча даражадаги муҳим қарорларни қабул қилишда аёлларнинг тенг ҳуқуқлилик асосида иштирокини таъминлаш;
• БРМ соҳасида халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, хусусан, “парламент ва халқ дипломатияси” институтлари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш ва ҳоказо.
Шунингдек, Барқарор ривожланишнинг ижтимоий мақсадларига эришишда, айниқса парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ўта муҳим саналиб, у бугунги кунда таълим, фан, соғлиқни сақлаш, экология, ижтимоий ҳимоя каби соҳаларда маҳаллий жамоаларнинг фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Бу борада Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “очиқ бюджет” сиёсати нафақат халқимиз, шунингдек халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак баҳоланаётганини алоҳида эътироф этиш зарур.
Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда дунё мамлакатларида кузатилаётган “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” ғоясига асосланган инклюзив сиёсат юритиш, масъулиятли, самарали ва ҳисобдор институтларни яратиш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, парламент ва жамоатчилик назорати ҳамда ижтимоий ҳамкорликни жадал ривожлантириш, бу борада жамиятда ҳамфикрликка эришиш БРМларни муваффақиятли амалга оширишнинг зарур ва муҳим шартларидандир.
Президентимиз ташаббусининг юксак эътирофи
Биринчидан, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мазкур “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан қабул қилиниши Президентимиз ташаббусининг халқаро эътирофидир.
Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги таклифлари асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 10 дан зиёд тегишли резолюцияси қабул қилиниши – Президентимизнинг халқаро ҳуқуқ соҳасидаги ташаббуслари натижасидир.
Иккинчидан, Олий Мажлис Президентимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаш, БМТ ушбу резолюцияси қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашишда “парламент дипломатияси” институти имкониятларидан ҳам кенг фодаланмоқда.
Масалан, бу борада 2021 йил Бухоро шаҳрида ўтказилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзусидаги парламент форуми, 2022 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммити, ушбу халқаро форумлар доирасида қабул қилинган тегишли Бухоро ва Тошкент декларациялари нафақат БРМга эришиш, балки ушбу жараёнларда парламентларнинг ролини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Парламент, шунингдек, қабул қилинаётган қонунлар, жамият ва давлатимизнинг тараққиётига оид яқин ва узоқ келажакка мўлжалланган стратегия ва дастурларнинг “Инсон қадри, манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил ҳамда инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтириш, “миллий БРМга йўналтирилган бюджет” қабул қилиш, соҳада ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Олий Мажлисимизнинг дунёдаги 179 миллий парламентни бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқдаги вакиллари фаолияти ҳам ушбу вазифаларни амалга оширишга қаратилган.
Учинчидан, 2022 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари ҳақида”ги Қўшма қарори қабул қилинди.
Қўшма қарор, жумладан, ушбу БМТ резолюциясида ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларига эришишда парламент, ижроия ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ижтимоий ҳамкорлик ўрнатишга йўналтирилган.
Қўшма қарор билан 13 йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда, хусусан:
• нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга жалб қилиш, тегишли йўналишларда давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш ҳамда давлат гранти танловларини эълон қилиш;
• глобал ва миллий БРМга эришиш, резолюциянинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳамда “Йўл харитаси” доирасида эришилган натижалар ҳақида миллий ва халқаро жамоатчиликни хабардор қилиб бориш каби устувор вазифалар белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Қўшма қарор Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган “инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” тамойили билан уйғундир.
Парламентлараро Иттифоқ (ПИ) БМТнинг ушбу резолюцияси ва мазкур Қўшма қарорни нафақат ижроия ҳокимияти, балки вакиллик ва суд хокимиятлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес ҳамжамиятининг БРМга эришишдаги ҳамкорлиги ва биргаликдаги ҳаракатига асос бўлишини алоҳида таъкидламоқда. Шу муносабат билан уларни жорий йил сентябрда бўлиб ўтадиган БРМ бўйича дунё саммитига тайёргарлик йўлидаги муҳим асос сифатида баҳолаб, БМТ ва ПИнинг расмий ҳужжати сифатида тарқатишни мўлжалламоқда.
Тўртинчидан, мазкур давра суҳбатининг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, уни ташкиллаштириш ташаббуси айнан фуқаролик жамияти институтлари томонидан илгари сурилди ва парламент томонидан қўллаб-қувватланди.
Давра суҳбати натижасига кўра, фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамда фуқарорлик жамияти институтлари билан давлат ташкилотлари ўртасида соҳадаги ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги меморандумлар имзоланиши назарда тутилган.
Яъни БРМга эришиш ва Тараққиёт стратегияси, Қўшма қарорда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда парламент, фуқаролик жамияти институтлари, ижроия ҳокимияти органлари – тегишли вазирлик ва идоралар, бизнес ҳамжамиятнинг яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш белгиланган. Бу, ўз навбатида, ушбу институтларнинг юртимиз барқарор ривожланишини таъминлаш борасидаги роли, аҳамияти ва масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Қўшма қарордаги вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши
(фуқаролик жамияти институтлари мисолида)
Таъкидлаш жоизки, фуқаролик жамияти институтлари Президентимизнинг ушбу ташаббусларини ва Қўшма қарорда белгиланган вазифаларни нафақат қўллаб-қувватламоқда, балки уни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этмоқда.
Масалан, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Барқарор ривожланиш маркази каби қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий БРМга эришиш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ҳаётга татбиқ этишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда “Инсон қадри, манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ғоясига асосланган, 2030 йилгача бўлган даврда мамлакатимизнинг Глобал кун тартиби ҳаётга татбиқ этилишига ҳам хизмат қилади.
Биринчидан, Қўшма қарорда, хусусан, фуқаролик жамияти институтларининг:
• 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни изчил амалга оширишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш, улар фаолиятига ташкилий-услубий ва ахборот жиҳатидан доимий равишда кўмаклашиш;
• барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳамда инсон қадри, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид халқаро индикаторларнинг ўзаро боғлиқлигини чуқур ўрганиш асосида Ўзбекистоннинг турли халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш борасида тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва Парламент комиссиясига киритиб бориш;
• 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар доирасида амалга оширилаётган ишларни чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
• барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг ижро этилиш ҳолати тўғрисида кенг жамоатчиликнинг хабардорлик даражасини ошириш;
• 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тайёрланадиган Ихтиёрий миллий ҳисоботлар учун фуқаролик жамияти институтларининг муқобил маърузаларини тайёрлаб бориши кўзда тутилган. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси илк марта “Барқарор ривожланиш соҳасида Глобал кун тартиби – 2030 ни амалга ошириш тўғрисида”ги Ихтиёрий миллий ҳисоботини (ИМҲ) тақдим этган бўлса, жорий йилда иккинчи ИМҲ тақдим этилиши кутилмоқда.
Иккинчидан, Қўшма қарорда белгиланган вазифалар асосида Барқарор ривожланиш маркази Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун глобал ҳаракатлар кампаниясига (UN SDG Action Campaign) қўшилди.
Ушбу UN SDG Action Campaign мамлакатлар, минтақалар, мақсадлар ва ҳудудлар кесими бўйича Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун йўналтирилган ҳаракатларни қайд қилади ва дунёнинг глобал харитасида акс эттиради. Бу, ўз ўрнида, жамоавий ҳаракатлар бутун дунё бўйлаб катта ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиш учун БМТнинг асосий ютуқлари ҳақида ҳисобот беришга имкон беради.
2022 йилда дунё бўйлаб БРМларга эришиш учун 142 миллион ҳаракатлар глобал #Аcт4sdg ҳафталигининг бир қисми сифатида амалга оширилди. Бу эса, албатта, БРМга эришишни жадаллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларга ижобий таъсир кўрсатган ва 142 миллиондан зиёд инсон сайёрамиз ҳаётини ўзгартиришга хизмат қилганидан далолат беради.
Учинчидан, ушбу давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республиксида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 12-бандида белгиланган мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари” ҳақталигини ўтказиш бўйича дастур доирасида ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, ушбу соҳада ҳам фуқарорлик жамияти институтлари ва давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ривожланаётганидан далолат беради.
Тўртинчидан, Барқарор ривожланиш маркази томонидан Ф.Эберт фонди кўмагида “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш орқали жамиятнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида хабардорлигини ошириш” тадқиқоти ўтказилди ва унинг натижалари давра суҳбатида тақдим этилади.
Мухтасар қилиб айтганда, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган БМТ резолюцияси ҳамда парламент палаталари кенгашлари Қўшма қарори мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётида, жумладан, фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштироки борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда парламент, барча даражадаги вакиллик ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш борасида тизимли ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга оширишнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори