Инновацион ҳудудлар – тараққиётга илм-фан асосида ёндашув

 

Бугун дунёнинг ривожланиш тенденцияларига эътибор қаратадиган бўлсак, илмий-назарий қарашлар инновацион ғоялар, илғор технологиялар ёрдамида саноат, ишлаб чиқариш тармоқларига фаол интеграция қилинганини кўриш мумкин. Шу маънода, янгиланаётган Ўзбекистонда тараққиёт сари дадил қадамлар ташланар экан, илм-фан равнақини янги босқичга кўтариш, илмий ишланмалар ва ташаббусларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани айни муддао. Бу борада илғор мамлакатлар тажрибасидан ўтган ўзига хос ёндашув — инновацион ҳудудларнинг ташкил этилаётгани келгусида ўз самарасини беради.

Шу йилнинг 7 апрель куни Сирдарё вилояти маркази — Гулистон шаҳрида халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, Сирдарё вилоятини саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича “илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш бўйича топшириқлар берди.

Бугунги кунда мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни жараёнда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 6 июлдаги “2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги” Фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатда инновацион ҳудудларда тўпланган тажрибани бошқа жойларга босқичма-босқич жорий қилиш орқали мамлакат марказидан бошлаб энг олис манзилларгача “тубдан янгиловчи” инновацияларнинг кириб боришини таъминлаш кўзда тутилган.

Фармонда инновацион ривожлантириш ҳудудларида 2022 — 2026 йилларда кичик инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун тайёр “1000 та инновацион лойиҳа” таклифлар портфелини шакллантириш ва босқичма-босқич амалга ошириш, шунингдек, муваффақиятли кичик инновацион ишлаб чиқариш ташкилотларини республиканинг бошқа географик ҳудудларига трансфер қилиш сингари йўналишларда устувор вазифалар белгиланди.

Ўзига хослик, мақсад ва вазифалар

Хўш, инновацион ҳудудлар ўзи нима? Улар бошқа географик ва маъмурий бирликлардан қай жиҳати билан фарқланади? Бундай зоналарни ташкил этишдан қандай мақсад-муддаолар кўзланади?

Аввало, бу — бошқа юридик субъектга нисбатан алоҳида ҳуқуқий мақомга эга чекланган ҳудуддир. Бундай зоналар ташкил этиш орқали давлатнинг умумий ёки алоҳида ҳудудларини замонавий мезонлар асосида ривожланишининг стратегик масалалари ҳал этилади. Хусусан, ташқи савдо, ижтимоий-иқтисодий, минтақавий, илмий-техникавий муаммоларни ҳал қилиш имконияти кенгайиб боради.

Шунинг учун ҳам бу каби ҳудудлар биринчи навбатда юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш ёки янги технологияларни амалда қўллаш мақсадида ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясига кўра, Қорағалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 28 та инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманлар рўйхати тасдиқланди. Ўтган даврда 28 та инновацион туманларнинг инновация масалалари бўйича ўринбосарлари тайинланди ва улар учун ўқув-тренинг курслари ўтказилди.

Ўтган қисқа давр мобайнида маҳаллий бюджет ва ташаббускорларнинг маблағлари эвазига умумий қиймати 136,6 млрд. сўм бўлган 175 та лойиҳа молиялаштирилди. Истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1977 та янги иш ўрни яратилди ҳамда 146 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилди. Энг муҳими ва қувонарлиси, 227 хилдаги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга татбиқ этилишига эришилди.

Истиқболли ишланмалар молиялаштирилади

Айтиш жоизки, инновацион ҳудудлар илмий тадқиқотлар, ишланмалар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор рағбатлантирувчи механизмлар орқали инновацияларнинг жорий этилишига хизмат қилади. Ташаббускор тадбиркорлар, юқори технологик компаниялар ва илмий марказлар айни шу каби инновацион ҳудудларда бирлашади. Улар янги маҳсулотлар, хизматлар ва ечимларни тақдим этади. Шу орқали аҳоли яшаш сифатини, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширади.

Инновацион ҳудудлар муваффақиятининг асосий омилларидан бири, бу — молиялаштириш манбаларининг мавжудлигидир. Ушбу ҳудудда венчур капитали, “бизнес-фаришталар” ва давлат грантларидан фойдаланган ҳолда стартап корхоналар ташкил этилади, тадбиркорлар ўз ғояларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Бу орқали қўшимча иш жойлари яратилади, иқтисодий-ижтимоий ривожланишга йўл очилади.

Ҳозирги пайтда баъзи кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўз тадбиркорлик фао­лиятини кенгайтириш учун молиялаштириш масаласида муаммоларга дуч келмоғда. Бундай вазиятда замонавий рағамли молиялаштириш тизимларидан фойдаланиш мағсадга мувофиғ саналади. Рағамли молиявий технология­лар молиявий операцияларнинг самарадорлиги ва шаффофлигини оширади, харажатлар ва хатарларни ­камайтиради, истиғболли инвесторлар ва мижозлар кўламини кенгайтиради.

Шунингдек, мавжуд корхоналар ­фаолияти йўналишлари диверсификация ғилиниши туфайли улар ­ишлаб ­чиғарадиган маҳсулотлар ва хизматларнинг рағобатбардошлиги ошиши таъминланади.

Коворкинг марказлари — ғоя эгаларига рағбат

Инновацион ҳудудлар стартаплар ва тадбиркорларга ҳамкорликда ишлаш ҳамда ғоялар алмашинувини амалга оширишлари учун коворкинг марказлардан фойдаланиш имкониятини яратади. Бу эса янги лойиҳа устида ишлаш жараёнида ғоя эгаларининг ўз қобиғига ўралиб қолиш хавфини камайтиради.

Коворкинг марказлар турли касб эгалари, турфа соҳа вакиллари ва кўплаб ташкилотлар ўз ресурслари, асбоб-ускуналари ва билимларини улашиш мақсадида бир бинода, демак, бир муҳитда ишлашлари учун ташкил этилади. Шу боис стартаплар ва тадбиркорлар дунёни ўзгартиришга қодир янги маҳсулотлар ҳамда хизматларни яратиб келаётган дунёдаги энг машҳур инновацион ҳудудлар — Силикон водийси, Берлин шаҳри ёки Сингапурда бўлгани каби кейинги йилларда юртимизда ҳам коворкинг марказлар фаолияти тобора ривожланиб бормоқда.

Эътиборлиси, ушбу марказларда мутахассислар нафақат юқори тезликдаги интернет тармоғи ва қўшимча қулайликлардан фойдаланиши мумкин, балки ўзлари дуч келган муаммоларни ҳал этишга кўмак бера оладиган ҳамкорлар, инвесторлар топиш, ўзаро фикр алмашиш ҳамда фаол алоқаларни йўлга қўйиш имконига эга.

Бундай марказлар маслакдошларни бирлаштириш, инновациялар яратиш маданиятини шакллантириш ҳамда иштирокчиларнинг муваффақиятга ­эришишларига замин яратади. Айни чоғда ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланишга хизмат қилади, бир жойдан иккинчи жойга тинимсиз қатнаш заруриятини қисқартиради, алоҳида офисларни ижарага олиш каби муаммоларни бартараф этади. Коворкинг — бу нафақат иш жойи, балки ҳаёт тарзи ҳамдир, у ерда инсон ўсади, улғаяди, профессионал кўникмаларини юксалтиради.

Иқтидорли ёшларга ва ҳамкорликни ривожлантириш учун платформа

Аёнки, инновацион иқтисодиёт ривожи учун иқтидорли инсон ресурси талаб этилади. Шунинг учун ҳам инновацион ҳудудлар иқтидор эгаларига қизиқарли ва истиқболли иш жойларини таклиф этувчи масканга айланиши мумкин. У ерда ёшлар сифатли таълим олиши, мутахассислар эса ўз малакаларини ошириш имкониятига эга бўлади. Энг сўнгги технологиялар ва инновацияларга йўналтирилган стажировкалар ва ўқув дастурлари уларнинг юқори маошли иш ўринларига жойлашишларига кўмак беради.

Мамлакатимизда ташкил этилаётган инновацион ҳудудларда бутун дунёдан иқтидорларни жалб қилиш ва улар шу ерда қолишлари учун шарт-шароитлар яратишни мақсад сифатида белгилашимиз керак. Бу, ўз навбатида, ушбу ҳудудларда юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорлик қилишга интилувчи инвесторлар ва мижозларни ўзига тортувчи оҳанрабо бўлади. Ижодкор, янгича фикрловчи, янги замон билан ҳамнафас кадрлар инновацион ҳудудда ижодий муҳит яратиб, таълим, илм-фан, санъат, адабиёт ривожига ҳисса қўшади.

Қолаверса, инновацион ҳудудлар университетлар, тадқиқот марказлари ва хусусий корхоналар ўртасида янгидан-янги лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади. Илмий тадқиқотлар олиб бориш, унинг натижасида яратилган ишланмаларни тижоратлаштириш мазкур зоналарнинг муваффақият калити саналади. Тадқиқотлар ва ишланмаларга доир лойиҳаларни ҳамкорликда олиб бориш билимлар, ресурслар, малакаларни бирлаштиришга, шунингдек, ғоялар ва технологиялар билан алмашишга туртки бўлади, инновацияларни тижоратлаштиришни жадаллаштиради, ҳудудий иқтисодий кўрсаткичларнинг рақобатбардошлигини оширади.

Ҳамкорлик самарали ва узоқ муддатли бўлиши учун эса илмий-техник соҳанинг турли иштирокчилари ўртасида ўзаро самимий муносабат ўрнатишга шароит яратиш керак. Бу жиҳатдан инновацион ҳудудларнинг аҳамияти беқиёс. Негаки, мазкур платформада юқори технологик корхоналар, илм-фан, таълим муассасалари ва инновацияларни қўллаб-қувватловчи инфратузилма мавжуд.

Шу билан бирга, тадқиқотлар ва ишланмалар соҳасидаги ҳамкорлик муваффақиятли бўлиши учун ҳамкорларнинг манфаатлари ҳамда мақсадларини мувофиқлаштиришга тўғри келади. Бу доимо мослашувчанлик, бир-бирига ишонч, мулоқот ва музокараларга тайёр бўлишни тақозо этади. Эгалик ҳуқуқи, сир сақлаш, ҳамкорлик натижалари учун масъулият билан боғлиқ масалалар ҳам борки, буни ҳам инобатга олиш зарур. Ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш ва рағбатлантириш учун эса давлат, турли жамғармалар ҳамда бошқа ташкилотлардан ёрдам талаб этилади.

Солиқ имтиёзлари самараси

Фискал имтиёзлар тадқиқотлар ва ишланмалар билан шуғулланадиган корхоналар ҳамда тадбиркорларга молиявий кўмак берган ҳолда инновацияларни рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди. Айрим ҳудудларда инновацион фаолиятни рағбатлантириш мақсадида солиқ имтиёзларини жорий қилиш дунё тажрибасида қўлланилган бўлиб, стартаплар, инвесторлар, тадбиркорларни жалб этиш учун, масалан, кўчмас мулк солиқларини камайтириш мумкин. Бундай имтиёзлар инновацион туманларда рақобатбардошликни ошириш ва иқтисодиётнинг ўсишига хизмат қилади.

Кўплаб мамлакатлар тадқиқотлар ва конструкторлик ишларига маблағ сарфлайдиган корхоналарга солиқ имтиёзлари жорий этган. Бу бошқа корхоналарни ҳам инновацион лойиҳаларни амалга оширишга ундайди. Инвестицион солиқ имтиёзлари янги технологиялар, ускуналар, объектларни ишлаб чиқаришга жорий этган корхоналарнинг капитал харажатларини молиялаштиришга ва уларнинг инновацияларни амалга оширишига ёрдамлашади.

Шунингдек, амортизацияни тезлаштириш ҳам бугунги тезкор давримиз учун муҳим. Асбоб-ускуналар маънавий жиҳатдан тез эскираётган, янги технологиялар тез алмашаётган бир пайтда анъанавий амортизация жадвали ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотиб бормоқда. Бу, айниқса, юқори технологик корхоналар фаолиятида яққол сезилади.

“Патент қутилари” режими патентланган маҳсулотлар ва хизматлардан олинган даромаддан камроқ солиқ олишни назарда тутади. Бу ҳам компанияларнинг рақобатбардошлигини ошириб, уларнинг янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бозорда мавжуд бўлмаган хизматларни кўрсатишда манфаатдорлигини оширади. “Патент қутилари” режими Италия, Ирландия, Буюк Британия, Нидерландия каби давлатларда қўлланилади. Уларнинг барчасида турли шартлар ва талаблар ўрнатилган бўлса-да, бу умумий солиқ ставкасининг ўртача 10-15 фоизга қисқаришини назарда тутади. Ушбу режим, ўз навбатида, интеллектуал мулк ҳимояси даражасини ҳам оширади.

Давлат томонидан ажратиладиган грантлар, субсидиялар тадқиқотлар ва ишланмалар билан шуғулланадиган корхоналар рақобатбардошлигини ошириш билан бир қаторда янги маҳсулот ёки хизматларни илгари суриш имкониятини беради.

Амалий аҳамиятга эга бўлган илмий лойиҳаларга давлат томонидан грантлар бериш механизми Ўзбекистонда аллақачон шаклланиб улгурган. Ҳар йили юзлаб инновацион, амалий, тижоратлаштириш лойиҳалари молиялаштирилиб, уларнинг натижалари турли тармоқлар ҳамда иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиб келинмоқда.

Шу йилнинг март ойида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан хўжалик бошқаруви органлари, тармоқ ташкилотлари ва ҳудудлар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган илмий ишланмаларни тижоратлаштириш форумининг баҳорги босқичи ўтказилди. Биргина шу тадбирда ҳудудлар иқтисодиётида мавжуд муаммолар ечимига қаратилган тайёр илмий ишланмаларни жорий этиш, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда янги тадқиқот ишлари ташкил қилиш бўйича жами 29,6 млрд. сўмлик 74 та лойиҳани молиялаштиришга қаратилган ҳудудий иш режаси шакллантирилди. Тармоқ ва истеъмолчи ташкилотлар, олий таълим муассасалари ҳамда илмий муассасалар орасида ишланмаларни тижоратлаштириш, янгиларига буюртмалар бериш, соҳага инновацияларни жорий қилиш бўйича тармоқ иш режалари имзоланиб, уларда 41,4 млрд. сўмлик 20 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилди.

Жаҳон тажрибаси

Турли ғояларни амалга ошириш учун турфа билиму кўникмаларга эга ва илмга ташна инсонларни бирлаштирувчи инновацион ҳудудлар шаҳарларда, университетлар кампусларида, саноат зоналарида жойлашган бўлиши мумкин. Бундан қатъи назар, инновацион ҳудудлар ривожланиши учун стартаплар ва тадбиркорларнинг фаолиятини енгиллаштирувчи инфратузилма мавжуд бўлиши шарт. Инфратузилма деганда, нафақат юқори тезликдаги интернет, транспорт, замонавий ускуналар каби моддий таъминот, балки молиялаштириш, менторлик, таълим имкониятлари каби ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлар ҳам назарда тутилади. Бунда технопарклар, бизнес-инкубаторлар, технополисларни яратиш яхши натижа беради.

Дунёдаги энг ривожланган, ўз ютуқлари билан мутахассислар олқишига сазовор бўлган инновацион ҳудудларнинг сара рўйхатига Финляндиянинг Тампере, Испаниядаги Валлес, Нидерландиянинг Энсхеде, Буюк Британиядаги Шеффилд ва Кембриж, Япониядаги Сукуба, Тояма, Оита ва Кумамото, АҚШнинг Силикон водийси ва 128-Бастон маршрути, Хитойдаги Шенчжен ва Нанху, Бельгиядаги Лейвен ва Леж ҳамда бошқаларни киритиш мумкин. Бу инновацион ҳудудлар давлат ва хусусий сектор вакиллари ҳамкорлигида, шунингдек, стартаплар, тадбиркорлар ва бизнес-инкубаторларни жалб қилган ҳолда ташкил этилган. Бунда махсус иқтисодий зона, кластерлар, хаблар, технопарклар, коворкинг каби шаҳар тузилмалари, ҳамкорлик ва ижодкорлик муҳитини яратувчи инфратузилма объектларидан фойдаланилган.

Одатда инновацион ҳудудлар катта шаҳарлар атрофидаги турғунликка мойил ҳудудларни жонлантириш, аҳоли яшаш сифатини ошириш мақсадида ташкил этилади. Бунга Япониянинг “миялар шаҳри” — Сукубани мисол қилиш мумкин. У пойтахтдан 35 километр узоқликда жойлашган бўлиб, технополис ташкил этишга қаратилган давлат дастури Токиодаги бир нечта илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларини у ерга кўчиришни ўз ичига олган эди. Натижада Сукубани Токио ва бутун дунё билан боғлайдиган транспорт ҳамда коммуникация инфратузилмаси ташкил этилди. Айни пайтда шаҳарда яшовчилар, асосан, иккита йирик университет ва 50 та тадқиқот институтида фаолият юритади.

Умуман олганда, инновацион ҳудудлар XXI асрда илм-фан назарияси ва амалиёт уйғунлигини таъминловчи улкан механизмдир. Бундай масканларни ташкил этиш дабдурустдан рўй бермайди, балки у стратегик режалаштиришни ва шу тариқа давлат, маҳаллий ҳокимият ҳамда хусусий сектор томонидан қўллаб-қувватлашни талаб этади. Бундай ҳудудлар ташкил этилган шаҳар ёки туман иқтисодий жиҳатдан ўсади, ижтимоий тараққиётга ва экологик барқарорликка эришади. Шу сабабли, инновацион ҳудудлар нафақат ишлаш ва таълим олиш, балки яшаш ва мароқли ҳордиқ чиқариш учун ҳам қулай жой саналади.

Мазкур ҳудудлар илм-фан ва технологиялар ёрдамида мураккаб глобал ва локал муаммоларни ҳал этиш ҳамда инсоният ҳаётини ҳар жиҳатдан яхшилашга катта ёрдам беради. Президентимиз томонидан Ўзбекистонда инновацион ҳудудларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам шу — халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишдир.

 

Иброҳим Абдураҳмонов,

олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик.

 

 

 

Вернуться назад

Комментарии

Оставить комментарий